Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:21

Фермерлар: “АРK OQOLTIN” кластер ғўза парвариши пулини тўлиқ бермади


Uzbekistan - cotton 2017
Uzbekistan - cotton 2017

Сирдарё вилоят, “Оқ олтин туманида фаолият олиб бораётган “АРK OQOLTIN” кластер корхонаси фермерларга шартномада кўрсатилган бўнак(аванс) пулини тўлиқ бермади.

Бу ҳақда Озодликка шикоят қилган фермерларнинг айтишларича, улар чорвасини, тракторини сотиб, пулини ғўза парваришига сарфлашга мажбур бўлмоқда.

“АРK OQOLTIN” кластер корхонаси раҳбари фермерларга ғўза парвариши учун маблағ ўз вақтида етказиб берилганини айтар экан, пулни номақсад сарфлашда фермерларнинг ўзларини айблади.

Кластер корхона билан шартнома тузган оқолтинлик фермерлардан бирининг айтишича, кластер 1 сентябрга қадар бўнак пулини юз фоиз ўтказиш борасидаги шартномани бажармаган:

Иш ҳақи, механизатор хизматлари, соляркага пул бермади. Ҳозир гектарининг 200 минг сўмдан чеканка қилдирдик, уни пулини ҳали беролмаяпмиз.

“Мисол учун менга 350 миллион сўм бериши керак эди, лекин ҳозиргача шунинг 200 миллионини берди, холос. Бу пулга биз фақат пахтага минерал ўғит олдик. Лекин кўсак қуртига ва бошқа ҳашаротларга қарши дориларни ўзимизнинг ёнимиздан сотиб олдик. Иш ҳақи, механизатор хизматлари, соляркага пул бермади. Ҳозир ҳар гектарини 200 минг сўмдан чеканка қилдирдик, унинг пулини ҳали беролмаяпмиз. Сув қўйдирдик, уни ҳақи турибди. Тракторларни ремонт қилиб, пахта теримига тайёрлашимиз керак, у турибди ҳали. Ҳозир тўртинчи кундирки Оқ олтин туманига умуман солярка келмаяпти. Шуларни етказиб бериш керак-да, кластер дегани. Лекин унинг на бир офиси бор, на излаб топа оласан. Фермерлар молини, қўйини, тракторини сотиб ўз ёнидан қиляпти. Давлат билан шартнома тузиб ишлаганимизда бунақа муаммо йўқ эди”.

Фермернинг айтишича, улар ўтган йиллари давлат билан шартнома тузганда кредит 6 фоизлик эди, кластер эса 16 фоиз қилиб кўтариб қўйган:

“Масалан давлатдан ғаллага 200 миллион сўм кредит олиб, 208 миллион қилиб қайтиб тўладим. Кластердан 200 миллион олган бўлсам, 232 миллион сўм тўлайман. Ҳам бўйидан уряпти, ҳам энидан!”.

Исми сир қолишини сўраган оқолтинлик бошқа фермер ҳам, “АРK OQOLTIN” кластер корхонаси уларга фақат зарар келтираётганини айтади:

Мен 40 миллион сўмга пахтани чоптирган бўлсам, кластер 15 миллион сўм берди.

“Бу кластер деҳқоннинг шўрини қуритяпти. Ҳамма ишлари чалкаш, дори оламан, солярка оламан деб орқасидан югуриб ўлиб кетасан. Мисол учун дори бермади, эмас, берди. Лекин ўша дорини ғўзага солиш муддати 15 кун ўтиб кетганидан кейин берди. Унгача ғўза энасини уйига кириб кетади. Техникаси ҳам, нормалний бир офиси ҳам йўқ. Масалан, аввалги йилларда ўғит билан соляркадан ҳеч қандай муаммо бўлмаган эди, кластерга ўтганимиздан кейин вообше проблема бўлиб кетди. Бошида бермади эмас, берди. Масалан мен 40 миллион сўмга пахтани чоптирган бўлсам, кластер 15 миллион сўм берди. Чеканкага ҳам 15 миллион сўм пулим кетди, улардан бир сўм ҳам ололганим йўқ. 60 фоиз аванснинг учдан бир қисмини олдим, холос. Энди пахта режамиз тўлмай қолса, 25 фоизлик жарима босади”.

Озодлик суҳбатлашган оқолтинлик яна икки фермер ҳам, пахта парваришини асосан ўз ёнларидан қилаётганликларини айтди.

“Оқ олтин” тумани фермерларининг Телеграм гуруҳида ҳам аксарият фермерлар кластер фаолиятидан қониқмаётгани ҳақида ёзади:

“Bu klaster bir ozodlikda reklama bulgisi kelyapdi uzi. Butun Ozbekistonga sharmanda bulishni xoxlayapdi. Qolgan klasterlarda axvol bizni klasterdan 100 marta yaxshi ekan surab surishtirdim. Faqat bizni klasterda shu axvol davlatni puliga qarab qolgan uzini yonidan rasxod qilgisi kemaydi”.

“Jarima qilishga xaqqi yuq xujjatlarni qilib ogoxlantirib quyganmiz kerakli tashkilotlarni. Jarima tulagisi kemasa xujjatlarni qilib quysin fermer uzi uchun”.

“АРK OQOLTIN” кластер корхонаси раҳбари Шерзод Ёқубов Озодлик билан суҳбатда фермерларга ғўза парвариши учун маблағ ўз вақтида етказиб берилганини айтар экан, авансни номақсад сарфлашда фермерларнинг ўзларини айблади:

“Улар биз берган дориларни буғдойга ишлатиб юборган, биз иш ҳақига, соляркага пул ташлаб беряпмиз, фермерлар эса ғалланинг кредитини ёпиб юборяпти. Норматив бўйича бир гектарга 400 килограм минерал ўғит солиниши керак, лекин уларда бир гектарга 680 килогача солган жойлари бор. Сардоба сув тошқинида ерларини сув ювиб кетган фермерларда шундай муаммо бўлган бўлиши мумкин, пахтаси бор фермер хўжаликларида ҳеч қандай муаммо йўқ. Барча аванс пули белгиланган тартибда тўлиқ ўтказиб берилган”.

Озодлик суҳбатлашган фермерлар ерлари сув тошқинидан зарар кўрмаганини, айнан пахтачилик билан шуғулланишини айтган эди.

Озодлик жорий йилнинг 23 январь куни туман ҳокимлиги ва "Агробанк"нинг туман бўлимига пахта пулини берилишини талаб қилиб борган оқолтинлик фермерларнинг банкда тўполон қилгани ҳақида хабар берган эди.

Орадан бир кун ўтиб, 24 январь куни Сирдарё вилоят, Оқ олтин тумани фермерларига 2019 йил пахта пули юз фоиз тўлаб берилган эди.

XS
SM
MD
LG