Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:23

Хоразмда карантинга олинганларга қараётган врач сирли вазиятда пичоқланди


Россиядан чартер рейсда қайтарилган юзлаб ўзбекистонлик Хоразмдаги ҳарбий казарма ва санаторийда карантинга олинган.
Россиядан чартер рейсда қайтарилган юзлаб ўзбекистонлик Хоразмдаги ҳарбий казарма ва санаторийда карантинга олинган.

Мудофаа вазирлигининг Хоразм вилояти Шовот туманидаги сафарбарлик чақирув резерви казармаларида карантинга олинганларга қараëтган инфекционист врач 24 мартга ўтар кечаси пичоқ жароҳати олди.

Бу хабарни тасдиқлаган вилоят Ички ишлар бошқармаси мулозими ҳозирда воқеа сабаблари ўрганилаëтганини айтиш билан чекланди.

Вилоят ҳокимлигининг карантин режимига масъулларидан бири, воқеанинг врачлар икки чартер рейсда учиб келган юзларча одамни қабул қилган 24 март тунида ошхонада¸ тиббий ходимларнинг ҳаммаси қаттиқ стресс ҳолатида бўлган пайтда юз берганини айтди.

Шовот туманидаги сафарбарлик чақирув резерви казармаларида карантинга олинган фуқароларни назорат қилаëтган 58 яшар инфекционист врач (шифокорнинг исми-шарифи Озодликка маълум¸ аммо ошкор қилинмаëтир - таҳр.) 24 мартга ўтар кечаси пичоқланганини Шовот тумани ички ишлар бўлими мулозими тасдиқлади.

Озодликка бу хабарни етказган ҳарбий қисм жойлашган Қиёт қишлоғи маҳалла фаолларидан бирининг айтишича, врач кўкрагининг уч жойидан пичоқланган.

Россиядан, Дубайдан қайтган ўзбекистонликларни шу ҳарбий қисмга карантинга олишган.


“Бу ҳарбий қисм бизнинг қишлоғимиз яқинида. Олдида битта кўл ҳам бор. Россиядан, Дубайдан қайтган ўзбекистонликларни шу ҳарбий қисмга карантинга олишган. Атрофи баланд тиканли симлар билан ўралган ҳарбий қисм. Ўша ердаги аскарлардан бири билан гаплашганимда, у врач ўзини ўзи пичоқлади, деди. Кўкрагига уч марта пичоқ санчган экан. Лекин, нима сабабдан эканлиги номаълум экан. Одамнинг ўзига ўзи уч марта пичоқ санчиши жуда ишончсиз”.

Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасининг матбуотга гапириш ваколати йўқлиги учун исми сир қолишини сўраган мулозими врачнинг ўзига ўзи пичоқ санчганини иддао қилди.

“Ўша кечаси УВДдан бизникилар бориб текширишган. Уч марта эмас, бир марта санчган. Тирик қолган, ҳозир касалхонада, лекин қайси касалхонада эканлигини айта олмайман”.

Жароҳатланган врачни яхши танийдиган хоразмлик шифокорлардан бири, унинг тажрибали врачлардан бири эканлигини айтади.

У ўзини ўзи пичоқлайдиган одам эмас, бу ерда бир гап борга ўхшайди.


“Бу врач жуда кучли, обрўли инфекционист. Урганч шаҳридаги юқумли касалликлар касалхонаси бош врачи ҳам бўлган. Карантиндагиларни текшириш учун уларни юборган. У ўзини ўзи пичоқлайдиган одам эмас. Бу ерда бир гап борга ўхшайди, лекин ҳаммадан яширишяпти. Билишимча¸ ўша кечаси ҳарбий қисмга вилоят прокурори, ИИб бошлиғи ҳаммаси борган ва гапни кўпайтирмаслик учун шу версияни тадбиқ қилишган”.

Вилоят ҳокимлигининг карантин режимига масъулларидан бири Озодлик билан суҳбатда врачнинг ўзини ўзи пичоқлагани ҳақидаги иддаони билвосита инкор қилувчи тафсилотларни маълум қилди.

Шу йиқилган пайтда пичоқ ўзининг биқинига кириб кетяпти.


“Бу воқеани сизларга ҳозир эҳтиётсизлик оқибатида бўлган десам, балки ишонмассиз. Мана сизга бор гапни айтай. Хабарингиз бор, иккита чартер рейс қабул қилганмиз, карантин пост ташкил қилинган. Икки-уч кун тинимсиз иш бўлган. Врачлар ухламасдан ишлаган. Врачларда пересменшик йўқ, врач кам. Ҳаммаси кучли стрессда. Кечаси соат иккида ошхонада чой ичаётган пайтда бўляпти. Энди врачлар "навбат сеники, навбат сеники" деган пайтда эҳтиётсизлик оқибатида шу пичоқбозликка ўхшаш воқеа бўлган. Врач пичоқни қўлига олган. Пичоқ буни қўлида бўлган, у томон гап қайтарган. Кейин бу врач чапга қараган, кимдир уни туртиб юборган, кейин йиқиляпти. Шу йиқилган пайтда пичоқ ўзининг биқинига кириб кетяпти. Бўлган воқеа шу, кимдир пичоқлабди ёки ўзини жорнига қасд қилибди, деган гаплар бекор”.

Шовот тумани прокуратураси 26-27 март кунлари телефон қўнғироқларига жавоб бермагани боис, воқеа юзасидан расмий муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Вилоят ИИБ матубот хизмати раҳбари Зокир Исмоилов 26 март куни бу воқеани ўрганиб, 27 март куни хабар беришини айтган эди.

Аммо Исмоилов 27 март куни Озодлик қўнғироқларига жавоб бермади.

Ўзбекистонлик врачларнинг коронавирус тарқалишини тўхтатиш учун оғир шароитда ишлаëтганини 26 март кунги мурожаатида президент Шавкат Мирзиëев ҳам алоҳида таъкидлади.

"Коронавирусга қарши курашишдаги ўзига хос “жанг майдони”да тиббиёт ходимлари биринчи зарбани қабул қилмоқдалар. Оддий ҳақиқатни тан олиш адолатдан бўлади. Касалларга ўз вақтида ёрдам берилса, улар шифо топади, касалхоналарни тарк этади. Лекин, охирги касал тузалмагунча тиббиёт ходимлари иш жойини тарк этолмайди"¸ деди президент жумладан.

Тиббиëт ходимларининг мураккаб вазиятда деярли дам олишсиз ишлаëтганини рағбатлантириш мақсадида президент "карантин амал қиладиган муддатда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотга киришадиган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда фаолият олиб бораётган шифокорлар, эпидемиологларга ҳар ойда қўшимча 25 миллион сўм, ҳамшира ва лаборантларга 15 миллион сўм, санитар ходимларга 10 миллион сўм ва бошқа ходимларга 5 миллион сўм рағбатлантириш тўловлари берилиши¸ беморлар билан ишлаш вақтида коронавирус юқтириб олган тиббиёт ходимларига эса¸ 100 миллион сўм миқдорида алоҳида тўлов берилишини ваъда қилди.

Агар сиз коронавирусга чалинган беморларга тиббий ëрдам кўрсатувчилар сафида бўлсангиз¸ ҳозирги иш фаолиятингиз ва шароитингиз ҳақида жамоатчиликка ҳикоя қилишингиз мумкин.

Коронавирус билан кураш жабҳасидаги ҳаëтингиз ҳақида Озодликнинг Telegramдаги @ozodnews каналига ëзиб юборинг.

XS
SM
MD
LG