Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:46

Паркентда шилқимлик қилган йигитни пичоқлаган ёлғиз она қамоққа олинди


Иллюстратив сурат. Паркентдаги ҳодиса Ўзбекистонда пичоқ ва тиғли асбобларга қарши кампания кетаётган бир пайтда рўй берди.
Иллюстратив сурат. Паркентдаги ҳодиса Ўзбекистонда пичоқ ва тиғли асбобларга қарши кампания кетаётган бир пайтда рўй берди.

Тошкент вилоятининг Паркент туманида 4 февраль тунда ишдан қайтаётган 28 яшар аёл йўлини тўсиб, унга гап отган 22 яшар йигитни пичоқлади.

Оқибатда эркак олган жароҳатидан касалхонада вафот этди¸ аёл қамоққа олинди.

Яқин қариндошлари иддаосича, аёл ўзини зўрламоқчи бўлган тўрт эркакдан мудофааланиш мақсадида пичоқ ишлатишга мажбур бўлган.

Паркент тумани Ички ишлар бўлими ходими Озодликка пичоқлашувга аёл ва эркак ўртасидаги ўзаро тортишув сабаб бўлганини айтди.

ИИБ ушбу воқеа юзасидан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди (одам ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши очган.

Ҳозирда тергов изоляторида сақланаëтган 28 яшар аëлнинг яқин қариндошларидан бири тергов жараëнига салбий таъсир қилишдан қўрқиб¸ ўз шахси очиқланмаслигини сўради.

Тергов изоляторида қолаëтган айбланувчи билан бевосита учрашганини айтган бу суҳбатдош¸ воқеа тафсилотларини биринчи қўлдан эшитганини айтади.

Унинг иддаосича, ëш аëл қоронғу тунда ишдан қайтаëтганда тўрт эркак йўлини тўсиб¸ зўрламоқчи бўлган ва шундан сўнг аёл сумкасидан очиб ёпиладиган пичоқ чиқариб¸ ўзини мудофаа этмоқчи бўлган.

"Нимага бунақа бўлди", деганимда "мен ишдан келаётгандим тўртта бола масхара қилиб, йўлимни тўсди. Қоч десам қочмади, биттаси менга туртинди", деди.

- Тажовуз қилганлар қолиб, булар икки фарзандни тарбиялаётган ёлғиз онани жиноятчига чиқаришаяпти. Мен у билан тергов хонасида учрашдим. "Нимага бунақа бўлди", деганимда "мен ишдан келаётгандим тўртта бола масхара қилиб, йўлимни тўсди. Қоч десам¸ қочмади, биттаси менга туртинди", деди. Кейин сумкасидан очилиб ёпиладиган тирноқ олиш учун ишлатиладиган кичкина пичоқни олган. Йигитлардан бири унга ташланган пайтда шу пичоқ кўкрагига кириб кетган, - дейди аёлнинг қариндоши.

Паркент тумани Ички ишлар бўлими ходими дастлабки суриштирув жараёнида аёлни жинсий зўрлашга уриниш бўлгани ҳақидаги иддаолар тасдиқланмаганини айтди.

Бу ерда зўрлаш уриниши бўлмаган. Пичоқлашув ўзаро тортишув устида бўлган.

- Бу ерда зўрлаш уриниши бўлмаган. Пичоқлашув ўзаро тортишув устида бўлган. Аёл 22 ёшли эркакнинг кўкрагига пичоқ уриб, воқеа жойидан қочган. Йигит касалхонада вафот этди. Ҳозир тергов давом этаяпти. Аёл 1-тергов ҳибсхонасига ўтказилди, - деди Паркент тумани Ички ишлар бўлими ходими.

Аёлнинг қариндошлари Озодлик билан суҳбатда ИИБ терговчилари ëлғиз она бўлган ëш аëлнинг олдин ҳам жинсий тажовуз қурбони бўлгани фактини инобатга олмаëтганини айтади.

- Декабрь ойида ҳам бир эркак зўрламоқчи бўлганди. Боши очиқ, эридан ажрашгани учун шунақа ҳолатлар бўляпти-да. Ўшанда милицияга шикоят қилганмиз. Ҳалиги эркакнинг қариндошлари ялиниб келганидан сўнг, аризани қайтиб олганмиз. Ўша ҳолатдан кейин пичоқ олиб юрадиган бўлди. Ўзи Тошкентда Текстиль фабрикасида ишлайди, ярим тунда ишдан қайтади, йўллар қоронғи. Бошқа нима билан тажовузкорлардан мудофааланиш мумкин, - дейди аёлнинг қариндоши.

Тергов жараëнида айбланувчи ҳақларини ҳимоя қилишга уринаëтган жамоатчи адвокат Руҳиддин Комилов ҳам терговнинг ёпиқ ўтказилаётгани ва мижози билан учрашишга тўсқинлик қилинаётгани кўплаб савол туғдираëтганини айтади.

Агар бу аёлни гапидан келиб чиқиладиган бўлсак зарурий мудофаа бўляпти. Зарурий мудофаа мақсадида кимдир кимгадир шикаст етказса ёки ўлдирса жавобгарликка тортилмайди

- Терговчилар ҳамма нарсани бекитишаяпти. Агар бу аёлнинг гапидан келиб чиқадиган бўлсак¸ зарурий мудофаа бўлаяпти. Зарурий мудофаа мақсадида кимдир кимгадир шикаст етказса ёки ўлдирса жавобгарликка тортилмайди, - дейди Руҳиддин Комилов.

Адвокат фикрича, аëлларга нисбатан жинсий зўравонлик жазосиз қолаëтгани боис бундай жиноятлар кўпайиб бормоқда.

- Бу ҳолатда ҳам кўраяпмиз, аёл киши, икки фарзанднинг онаси бекорга пичоқ кўтармайдику! Тажовузкорлар қолиб, аёлни жиноятчига чиқаришаяпти, - дейди Комилов.

БМТ маълумотига кўра, дунёдаги аёлларнинг, тахминан, ҳар бештадан бири ҳаётида ҳеч бўлмаганда бир маротаба жинсий зўравонликка дуч келади.

БМТ ҳисоботида хусусан¸ аксар қурбонлар ўзининг айнан қоронғи тунда бегона эркаклар томонидан зўрланганини айтгани қайд қилинади.

Хотин-қизлар ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотлар¸ қолаверса¸ руҳшунослар¸ Ўзбекистон каби консерватив давлатларда жабрланган аëллар кўпчилигининг бадном бўлишдан қўрқиб¸ бундай тажовуз ҳақида лом-мим демаслигидан бонг уриб келмоқда.

XS
SM
MD
LG