Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:57

Жиззахда 14 яшар ўқувчи қиз ғайритабиий ҳомиладор бўлди


Иллюстрация
Иллюстрация

Жиззах вилоят, Фориш туманидаги мактаблардан бирининг 7-синф ўқувчиси ғайритабиий тарзда ҳомиладор бўлиб қолди. Озодликка 22 ноябрь куни келган бу хабарни тасдиқлаган Фориш туман ички ишлар бўлими тергов гуруҳига вакилига кўра, вояга етмаган қизни ҳомиладор қилиб қўйишда унинг 24 яшар қўшниси гумонланмоқда.

Қўшни йигитга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 128-моддаси (16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш​) бўйича жиноят иши очилган.

Ҳомиладор ўқувчи экспертизадан ўтказилганда унинг қизлик пардаси бутун эканлиги аниқланган.

Маҳаллий депутатнинг айтишича, туман хотин- қизлар қўмитаси ўқувчи қизнинг кейинги тақдири ҳақида қайғурмоқда.

Фориш туманидаги қишлоқлардан (қизнинг исм-шарифи, қишлоғи, ўқиган мактаби Озодликка маълум – таҳр.) бирида яшайдиган 14 яшар қиз ҳомиладор бўлиб қолгани юзасидан Жиззах вилоят ИИБ ва туман ички ишлар бўлими терговчилари суриштирув олиб бормоқда.

Фориш туман ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозимининг Озодликка айтишича, қизни ҳомиладор қилганликда унинг 24 яшар қўшниси гумонланмоқда:

“Ҳозир суриштирув ишлари олиб бориляпти. Қизбола ғайриоддий тарзда, яъни қизлик пардаси йиртилмаган ҳолда ҳомиладор бўлиб қолган. Буни экспертиза тасдиқлади. Бунақа ҳолатлар бўлиб туради. Лекин, қиз бошқа гапни айтиб турибди, ҳозирча зўрлаган деб турибди. Буни текширамиз, албатта. Бу ерда деярли бир йиллик ҳолатни ўрганиш керак. Чунки қизнинг ҳомиласи ҳозир 8 ойлик бўлган. Тергов-суриштирув ишлари давом этяпти. Психологик экспертиза тайинланган. Бу ҳолат билан вилоят ва туман терговчиларидан таркиб топган тергов гуруҳи шуғулланмоқда”, деди мулозим.

Мулозимнинг қўшимча қилишича, ўқувчининг қизлик пардаси бузилмай туриб қандай ҳомиладор бўлиб қолгани ҳолати ҳам мутахассислар томонидан ўрганилмоқда.

Фориш туманидан Жиззах вилоят халқ депутатлари кенгашига сайланган Бозоргул Тўраеванинг Озодликка айтишича, у туман хотин- қизлар қўмитаси билан биргаликда ўқувчи қизнинг кейинги тақдири ҳақида қайғурмоқда:

- Биз ўзимиз ҳам суриштирув ўтказдик. Қизни касалхонага олиб келиб ўзи ва ҳомиласи соғлиғини текширтирдик. Соғлиғи яхши. Отаси ва ўгай онаси билан бирга яшайди. Қўшни йигитнинг ота-онаси билан гаплашдик. Бола эсон-омон туғилиб олгандан кейин, унга оталик мақоми берилишига, вояга етгандан кейин уйланишига келишдик. Нима бўлганда ҳам қизнинг ҳаётида бу оғир жароҳат қолдирмасликка, ҳаммаси яхшилик билан тугашига ҳаракат қиляпмиз, - деди Бозоргул Тўраева.

Озодликнинг Фориш туман ички ишлар бўлимидан олган маълумотига кўра, гумонланувчи йигит 15 ноябрь куни ушлаб келинган, лекин туман ҳудудидан чиқмаслик шарти билан гаров эвазига 22 ноябрь куни озод қилинган.

Озодлик Ўзбекистондаги мактаб ва коллеж ўқувчиларига нисбатан жинсий зўравонликлар бўлгани ҳақида илгари ҳам хабар берган.

Жорий йилнинг 23 октябрида Фарғона вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари ​Қўқон шаҳридаги Махсус енгил саноат касб-ҳунар коллежида ўқувчи қизлар жинсий зўрлангани юзасидан тергов бошлади.

4 октябрь куни Сурхондарёнинг Термиз шаҳрида 17 ёшли коллеж ўқувчиси ҳомиладор экани аниқлангач, уйининг молхонасида осилган ҳолда топилган эди.

Сентябрь ойида Хоразмда вояга етмаган қиз билан жинсий алоқа қилганликда гумонланаётган 43 ёшли эркакка нисбатан жиноий иш очилган эди.

Июль ойида эса, Наманган вилоят, Чортоқ туманидаги мактаблардан бирининг 7-синфни тугатган ўқувчиси фарзанд кўргани ортидан, тумандаги барча мактабларнинг таътилда бўлган ўқитувчилари ишга чақириб олинди.

XS
SM
MD
LG