Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:45

Қўқонда коллежнинг бир неча ходими ўқувчи қизларни зўрлашда гумонланмоқда


Иллюстрация
Иллюстрация

Фарғона вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралариҚўқон шаҳридаги Махсус енгил саноат касб-ҳунар коллежида ўқувчи қизлар жинсий зўрлангани юзасидан тергов бошлади.

Озодликка Фарғонадаги бир неча манбадан келган бу хабарни вилоят ҳуқуқ-тартибот органлари тасдиқлади.​

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмокда.​ Бу ҳақда Бош прокуратура маълум қилди.

Қўқон шаҳар милициясининг Озодлик суҳбатлашган ходимига кўра, тергов доирасида коллеж раҳбари ҳибсга олинган.

Коллеж қаровули, директорнинг икки муовини, бош ҳисобчи ва беш тарбиячи уч кун ҳибсда ушлаб турилган ва гаров эвазига ҳеч қаерга чиқмаслик шарти билан қўйиб юборилган.

Текширувлар чоғида коллежда “ўлик жонлар”, "порахўрликка оид фактлар" ҳам ўртага чиққан.

Коллеж раҳбари ўз танишлари ва қариндошларини ишга олиш орқали давлат мулки ва давлат ҳисобидан ажратилган миллионлаб сўм пулни талон-тарож қилганликда ҳам гумонланмоқда.​

Фарғона вилоят, Қўқон шаҳар Махсус енгил саноат касб-ҳунар коллежининг исми сир қолишини сўраган ходимига кўра, "тарбияси оғир ўқувчилар ўқийдиган" мазкур коллежда шу йилнинг 24 сентябрь куни шаҳар прокуратураси томонидан
аноним сўров ўтказилган.

Сўров натижаларига кўра, ўқитувчи ва коллеж ходимлари
сўроққа чақиртирилган.

- Бундай сўровнинг ўтказилишига коллежда ўқийдиган 16 ёшли қизнинг ҳомиладор бўлиб қолиши сабаб бўлди. Аноним сўроқ жараёнида бошқа қизлар ҳам жинсий зўрлаш холатларини ёзиб беришган, - деди Озодлик суҳбатлашган коллеж ходими.

Сўров ортидан шаҳар прокуратураси шу йилнинг 15-20 октябрь кунлари коллежнинг молиявий, ташкилий ва тарбиявий ҳолати бўйича тафтиш ўтказган.

Коллеж директори талон-тарожлик ва мансаб ваколатини суиистемол қилиш, унинг ҳайдовчиси ва коллеж қоровули, ёшлар етакчиси ва руҳшуноси инсий зўровонликда айбланиб, ҳибсга олинган.

- Гумонланувчиларнинг аксари тергов даврида гаров эвазига озод қилинган, коллеж директори эса қамоқда қолмоқда", - деди исми очиқланмаслигини сўраган коллеж ходими.

Фарғона вилоят ҳуқуқ-тартибот органларида ишловчи мулозимнинг Озодликка айтишича, гумонланувчиларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг "номусга тегиш", "жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш", "ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш", "мансаб ваколатини суиистъемол қилиш ва пора олиш" сингари моддалари билан жиноят ишлари қўғатилган.

Озодлик мухбири жинсий зўравонликда гумонланаётганлардан бири билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди.

Исми сир қолишини сўраган гумонланувчи иддаосича, тергов давомида улар қийноққа солинган.

- Уч куннинг ичида гумондор ўқитувчи ва ходимларни Қўқон милицияси шу қадар қийноқларга солганки, қоровул ва директорнинг шопирини тез тиббий ёрдам олиб кетди. Ҳатто ёшлар етакчисини майиб қилиб, бўйнига қўйишди. Барибир бу қабиҳликлар эрта-индин очилса керак. Президентимиздан умид қиламиз, - деди гумонланувчилардан бири Озодлик билан суҳбатда хавфсизлигини таъминлаш мақсадида исми сир қолишини сўраб.

Озодлик боғланган коллеж ходимасига кўра, ҳозирда таълим
муассасасининг 80 дан ортиқ ходим ва ходималари ишга чиқмаяпти.
Уларнинг аксариятидан ишдан бўшаш ҳақида ариза олинган.

“Фарғона вилояти Касб-ҳунар таълими бошқармаси томонидан мазкур
бўшлиқни тўлдириш учун бошқа коллеж ва лицейларнинг ўқитувчилари
сафарбар қилинган.Бу махсус коллеж бўлгани учун ҳам жараёнда қатор муаммолар туғилмоқда” -
дейди ходима.

Коллежда Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан келган 200га яқин қиз тарбияланади.

Жазони ўташ муассасаларидек қўриқланадиган бу коллежга қизлар суд қарори билан жойлаштирилади, ҳамда, қонунга кўра, уларга эркак ходимларнинг яқинлашуви кескин чекланган.

Озодлик Ўзбекистон билим масканларида жинсий зўравонликлар ҳақида илгари ҳам хабар берган.

Ўган йили Фарғона вилояти, Марғилон шаҳридаги 1-Меҳрибонлик уйида тарбияланувчилар зўрлангани билан боғлиқ иддаолар юзасидан жиноят иши очилган.

Меҳрибонлик уйининг ўнлаб ходими Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 119-моддасининг 4-қисми ва бошқа моддалар билан узил-кесил 15 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судининг ёпиқ мажлисида Марғилон шаҳридаги 1-Меҳрибонлик уйи ходимлари вояга етмаган шахсни тарбия муассасасида жиноятга жалб қилиш, ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш, вояга етмаган ожиз аҳволдаги шахсни қийнаш, ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш, шунингдек, аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш каби жиноятларни содир этганликда айбли деб топган.

Суднинг бу ҳукми жамоатчиликда норозиликларга сабаб бўлган ва фаоллар бу шахсларга нисбатан кучлироқ жазо чоралари қўлланилишини талаб қилиб келаётган эдилар.

(Озодлик Қўқон Махсус енгил саноат касб-ҳунар коллежида қизлар жинсий зўрлангани ва талон-тарожликлар юзасидан журналистик суриштирув олиб бомоқда. Бу ҳақда маълумот бўлса WhatsApp, Telegram, Viber орқали +420 602 612 713 ва +420 724 971 539 рақамига йўлланг. Озодлик исмингиз сир қолишини кафолатлайди.)

XS
SM
MD
LG