Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:41

"Жаслиқ"нинг экстремизмда айбланган собиқ маҳбуси давлатдан 91 миллион сўм зарар ундирди


Президент Мирзиёев 2019 йил 2 августида Қорақалпоғистондаги "Жаслиқ" колониясини тугатиш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди
Президент Мирзиёев 2019 йил 2 августида Қорақалпоғистондаги "Жаслиқ" колониясини тугатиш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди

Қашқадарё вилоятининг Қарши тумани Губдин қишлоғида яшовчи, 35 яшар Элёр Турсунов ноҳақ қамалиб, "Жаслиқ" қамоқхонасида 6 йил 11 ой 10 кун жазо муддатини ўтагани учун давлатдан 91 208 182 сўм моддий ва маънавий зарар ундирди.

Бу ҳақда 29 январь куни Озодликка Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти маълум қилди.

Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судининг 2020 йил декабрдаги ажрими билан собиқ маҳкумга етказилган зарар Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг Молия бошқармаси ҳисобидан тўлаб берилади.

Жамиятга кўра, Элёр Турсунов жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судининг 2013 йил 4 декабрдаги ҳукми билан конституциявий тузумга тажовуз, терроризм, жамият хавфсизлигига таҳдид солувчи материаллар тарқатиш ва давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш сингари айбловлар билан 17 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Жиноят ишида маҳкумга қўйилган айбловлар унинг адвокати Эргаш Ишмуратовнинг такрорий мурожаатларидан сўнг 2018 йил 18 мартида бекор қилинган ва маҳкум оқланган эди. Аммо 2013 йилнинг 4 декабридан 2018 йилнинг 18 мартига қадар у суд томонидан берилган ноқонуний жазо муддатининг 6 йил 11 ой 10 кунини ўтаган.

Ўта оғир жиноятларда айбланган “Жаслиқ” қамоқхонасининг яна бир қашқадарёлик собиқ маҳкуми Чўян Маматқулов ўтган йили давлатдан 60 миллион сўм миқдорида моддий ва маънавий зарар ундирганди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 2 августида қийноқлар билан ном чиқарган Қорақалпоғистондаги "Жаслиқ" колониясини тугатиш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди.

Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён 50 дан зиёд сиёсий маҳкумлар озодликка чиқарилган.

Улар орасида президент Мирзиёев мерос қилиб олган Ислом Каримов бошқаруви даврида қамоққа ташланган сиёсий мухолифат фаоллари, журналистлар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бор.

Ўзбекистон ҳукумати шунингдек, "диний маҳкумлар" деб аталган ва экстремизм ҳамда террорчилик айблари билан қамалган юзлаб маҳкумларни озод этган, аммо уларга расмий реабилитация, кечирим ёки товон пули таклиф қилмаган.

XS
SM
MD
LG