Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:30

Тошкентда Жаҳонгир Отажонов устидан суд бошланди. У ИИВ ходимларини таҳқирлашда айбланмоқда


Жаҳонгир Отажонов аввалроқ ўзи ва яқинларига босимлар туфайли сиёсатдан вақтинча чекинишини эълон қилган эди.
Жаҳонгир Отажонов аввалроқ ўзи ва яқинларига босимлар туфайли сиёсатдан вақтинча чекинишини эълон қилган эди.

26 июль куни Тошкентнинг Шайхонтоҳур туман судида собиқ хонанда ва сиёсий фаол Жаҳонгир Отажонов устидан маҳкама жараёни бошланди.

Даъвогар - Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси 24 июль куни эълон қилган баёнотида Отажонов "Ички ишлар вазирлиги тизими ходимларининг шаъни ва қадр-қимматини қасддан таҳқирлагани"ни айтган.

Отажоновга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси («Ҳақорат қилиш») бўйича жиноят иши қўзғатилган.

ИИББ матбуот хизмати хабарида айтилишича, Жаҳонгир Отажонов "қилган ишидан пушаймонлигини билдирган".

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судида 26 июль куни соат 16:00да Жаҳонгир Отажонов иши бўйича маҳкама жараёни бошланди.

Бу ҳақда суд мажлисига киришдан аввал хонанданинг ўзи Озодликка маълум қилди.

Тошкент шаҳар ИИББ Жаҳонгир Отажонов устидан очилган ишни 23 июль куни судга оширганди.

Ўтган йил декабрида санъатдан кетганини эълон қилган ва кейинроқ мухолифатдаги "Эрк" демократик партияси фаолига айланган собиқ хонанда шу ой бошида ўзининг Инстаграм тармоғига жойланган видеоси учун судланмоқда. Видеода Отажонов машинасини жарима майдонидан ололмаётгани тўғрисида гапириб, ички ишлар ходимларини танқид қилганди.

ИИББ Жаҳонгир Отажоновни ижтимоий тармоқда Ички ишлар вазирлиги тизими ходимларининг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаганганликда айбламоқда.

Тошкент ИИББ хабарида, ҳақиқатан ҳам 17 июнь куни Жаҳонгир Отажоновнинг автомашинаси бошқарув ҳуқуқи бўлмаган шахслар томонидан бошқарилгани ортидан жарима майдончасига киритилгани айтилган.

“Фуқаро Жаҳонгир Отажонов ўзининг давлат органлари хизматчиларига нисбатан ҳақоратомуз видеочиқишлари орқали яқинларининг ҳуқуқбузарликларини яшириш, ўзининг маиший муаммоларига омма эътиборини тортишга уринишлари номоён бўлмоқда”, дейилади ИИББ 29 июнь куни тарқатган хабарда.

Кейинчалик Отажонов ИИБ ходимларидан узр сўраган бошқа бир видеони Инстаграм тармоғига жойлади.

ИИББ хабарига кўра, Отажонов терговга қадар текширув жараёнида ҳам видеомурожаатда айтилган ҳақоратли гапларни жаҳл устида айтганини таъкидлаб, “Республика ҳукумати ва ички ишлар органлари ходимларига нисбатан ҳеч қандай шахсий адовати йўқлигини таъкидлаб, қилган ишидан пушаймонлигини билдирган”.

Отажоновга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси (Туҳмат қилиш) билан айблов илгари сурилган.

Ушбу модда бўйича айбдор деб топилган шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жаримага тортилиши мумкин.

Мухолифатдаги "Эрк" партияси Ўзбекистонда яқинлашиб келаётган президент сайловига номзод этиб кўрсатган Жаҳонгир Отажонов 10 июль куни сиёсатдан вақтинча чекиниши ва қўшиқчилик фаолиятини давом эттириши тўғрисида баёнот берган эди.

XS
SM
MD
LG