Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:19

Жаҳонгир Отажонов сиёсатдан чекиниши ва онаси учун концерт беришини айтди


Мухолифатдаги "Эрк" партияси Ўзбекистонда яқинлашиб келаётган президент сайловига номзод этиб кўрсатган Жаҳонгир Отажонов сиёсатдан вақтинча чекиниши ва қўшиқчилик фаолиятини давом эттиришини айтди.

10 июль куни ўзининг Инстаграмдаги каналида Отажонов ота-онасини ўйлаб шундай қарорга келганини таъкидлади.

"15 кун бўлди эфир ҳам қилмадим сиёсий масалада. Ҳар бир эфир қилганимда онамни умри беш йилга камайиб кетяпти. Ота-онамни ҳар куни йиғлаб ўтириши менга қимматга тушяпти. Эртага президент бўлсам ҳам буларга бир нарса бўлиб қолса менга татимайди. Шунинг учун бутун жамоадан кечирим сўрайман, мен ҳозирча сиёсатдан чекиниб тураман. Рози бўлинглар", - дейди Отажонов.

Ўз чиқиши сўнгида Жаҳонгир Отажонов шу йил онасига бағишлаб концерт беришини ҳам таъкидлайди.

Сиëсатчи Жаҳонгир Отажонов шу йил бошида Ўзбекистон президентлигига ўз номзодини кўрсатишини эълон қилган.

Ундан олдин Отажонов Исломга тўғри келмайди, дея қўшиқчилик фаолиятидан воз кечишини айтганди.

Отажонов январь ойида Туркияга кетган ва у ерда “Эрк” партияси аъзолигини қабул қилган. Ўзбекистонга қайтиб келганилан сўнг у “Эрк” партияси қурултойини ўтказгани учун номаълум шахслар томонидан таҳдидларга учраган.

Сўнги ойларда эса Отажонов ИИВ тарафидан тазйиқ қилинаëтганлигини айтганди.

Ижтимоий тармоқдаги чиқишларида собиқ хонанда ушбу "босимлар"ни ўзини сиёсий фаолиятдан четлатишга уриниш ўлароқ баҳолаган.

"Эрк"чилар фикрича, партия низоми 1991 йилнинг сентябрида расман қайд этилган ва у бекор қилинган эмас.

2019 йил декабридаги парламент сайловларини кузатган ЕХҲТ миссияси Ўзбекистондаги нисбатан эркинлашган матбуот сиёсий мухолифатнинг ўрнини боса олмаганини айтган эди.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси расмийлари келаётган президент сайловларида халқаро ташкилотларнинг "мақбул" тавсиялари тадбиқ этилишини айтишган, аммо бу тавсияларга мухолифат партияларини рўйхатдан ўтказиш кирадими, йўқми, маълум эмас.

Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 27 декабрида хориждаги сиёсий мухолифатни мамлакатга қайтариш чақириқларини рад этган эди.

У мухолифат “ичкаридан чиқиши керак”лигини айтган, аммо ўтган вақт мобайнида Адлия вазирлиги биронта ҳам янги сиёсий партияни рўйхатдан ўтказгани йўқ.

Ўзбекистонда Каримов даврида қарор топган сиёсий анъанага мувофиқ, парламентдаги ҳукуматпараст беш партия раҳбарлари сайловларда амалдаги президентга рақиб бўлади.

Қонунга биноан, сайловолди кампанияси сайловлар санасидан камида 3 ой олдин бошланиши керак. Ҳозирга қадар на президент Мирзиёев ва на сиёсий партиялар ўз номзодини илгари сургани йўқ.

Мамлакат ичкариси ва ташқарисида шу йил октябридаги сайловларда Шавкат Мирзиёевнинг иккинчи муддатга қайта сайланишига кўпчилик шубҳа қилмайди.

XS
SM
MD
LG