Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:29

ҲАМАС - Исроил уруши. Ғазо сектори жанубида жанглар бормоқда

7 октябрь куни эрта тонгда Фаластиннинг радикал ҲАМАС гуруҳи Исроил ҳудудига кутилмаганда кенг кўламли ҳужумни амалга оширди.

ҲАМАС қуролли отрядлари Исроил ҳудудига ўтиб, бир неча аҳоли пунктларини назорат остига олди.

Исроил ҳудуди ўнлаб оммавий ракета ҳужумлари амалга оширилди.

18:03 12.10.2023

Исроил Ғазода қуруқлик амалиётига тараддуд кўрмоқда

Исроил армияси Ҳамас жангариларига қарши қуруқликда кенг кўламли ҳужум операциясига тайёр эканини билдирди. Исроил мудофаа вазири Йоав Галант ҳарбийларга мурожаатида “Ғазо сектори ҳеч қачон аввалгидек бўлмайди”, деди.

Исроил секторга озиқ-овқат, сув, ёқилғи ва электр энергияси етказиб беришни тўхтатди, армияси эса ХАМАС ҳарбий нишонларига қарши йирик артиллерия ва ҳаво ҳужумларини бошлади. Гуруҳ вакиллари, агар Исроил бомбардимон қилишда давом этса, асирга олган исроиллик ва чет элликларни ўлдириш билан таҳдид қилмоқда.

Исроил мудофаа қўшинлари Ғазо сектори билан чегарада бир неча юз минглаб пиёда ва зирҳли қўшинларини, жумладан резервчиларни жойлаштирди.

Аммо, кўриниб турибдики, ҳарбий қўмондонлар бу масалани мажбуран ҳал қилишга шошилмаяптилар – улар уруш узоқ давом этиши ва ХАМАСни енгиш кунлар ёки ҳафталар масаласи эмаслигидан огоҳлантирмоқда.

18:19 13.10.2023

АҚШ мулозимлари Фаластин ва Исроил расмийлари билан учрашди

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен (чапда) Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос билан.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен (чапда) Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос билан.

АҚШ расмийлари Ҳамас жангариларининг Исроилга ҳужумидан сўнг бутун минтақа бўйлаб сафар қилмоқда.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен 13 октябрь, жума куни Иорданияда Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос билан учрашди.

Урушнинг авж олишини тўхтатмоқчи бўлаётган АҚШ бош дипломати Эрон дастаклаётган исломий гуруҳ Ҳамасга таъсир кўрсата оладиган асосий иттифоқчилар - Қатар, Саудия Арабистони, Миср ва Бирлашган Араб Амирликларига ҳам бориши режалаштирилган.

АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин ҳам жума куни Тел-Авивда Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант билан учрашди. Учрашувда у Ҳамаснинг ҳалокатли ҳужумидан сўнг АҚШ ўз иттифоқчисини қўллаб-қувватлашини алоҳида таъкидлаши кутилган эди.

18:22 13.10.2023

Ғазода гуманитар инқироз бўлишидан хавотир билдирилмоқда

Ғазо секторидаги тўхтовсиз ҳаво рейдлари, сув, электр ва ёқилғи таъминотидаги узилишлар маҳаллий тиббиёт тизимини ҳалокат ёқасига олиб келди. Анклавда ўткир гуманитар инқироз юзага келмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Ғазо секторидаги сўнгги можародан буён соғлиқни сақлаш муассасаларига 34 та ҳужум уюштирилган, натижада 11 нафар тиббиёт ходими ҳалок бўлган, 16 киши жароҳатланган, 19 та тиббиёт муассасаси ва 20 та тез ёрдам машинаси вайрон қилинган. Бу Ғазо секторидаги шундоқ ҳам юки оғир тиббий тизимни янада мураккаб аҳволга солган.

Айни пайтда, Исроилнинг айтишича, ҲАМАС гаровга олинган исроилликларни озод қилмас экан, Ғазога сув ва электр таъминоти ҳеч қачон тикланмайди, қамал ҳам бекор қилинмайди.

Пайшанба куни Ғазодаги электр станциясида ёқилғи тугади. Ғазо тиббиёт муассасаларининг куни фақат ўз электр генераторларига қолиши мумкин. Аммо уларга ёқилғи захиралари ҳам тез орада тугайди.

Бундан ташқари, Ғазонинг тиббий ресурслари, жумладан, дори-дармон ва жиҳозлар ҳам тугай деб қолган.

ЖССТ пайшанба куни баёнот чиқариб, қамал Ғазо секторига ёқилғи, тиббий ва гуманитар юкларни етказиб беришга тўсқинлик қилаётгани ҳақида огоҳлантирди, тинч аҳоли ва тиббиёт муассасаларига ҳужумларни тўхтатиш ва гуманитар йўлакларни зудлик билан очишга чақирди.

18:33 13.10.2023

HRW Исроилни Ғазога қарши оқ фосфорли ўқ-доридан фойдаланганликда айблади

Human Rights Watch ташкилоти Исроилни Ғазо ва Ливандаги ҳарбий амалиётларида оқ фосфорли ўқ-дорилардан фойдаланганликда айблаб, бундай қуроллардан фойдаланиш тинч аҳолига жиддий ва узоқ муддатли жароҳатлар етказишини айтди.

Исроил ҳарбийлари «ҳозирда Ғазода оқ фосфорли қуроллар қўлланилганидан хабардор эмаслигини» таъкидлаб, ушбу айбловга изоҳ бермади.

Human Rights Watch ташкилоти Ливан ва Ғазода фосфорли қуроллар қўлланилгани акс этган тасдиқланган видеоматериаллар борлигини билдирди.

Ғазо бўлгасининг аҳоли тиғиз ҳудудларида оқ фосфор ишлатиш халқаро гуманитар ҳуқуққа зиддир. Можаро томонлари тинч аҳолининг яраланиши ёки ҳалок бўлишига йўл қўймаслик учун барча эҳтиёт чораларини кўришлари лозим, дея урғулайди HRW.

2013 йилда Исроил армияси 2008-2009 йиллардаги Ғазога ҳужуми пайтида қўлланилган оқ фосфорли қуроллардан фойдаланишни босқичма-босқич тўхтатаётганини айтган.

Ўшанда ҳарбийлар душман позицияларини йўқ қилиш учун мўлжалланган фосфорли қуроллардан фойдаланишни қайта кўриб чиқилиши ҳақида ҳеч нарса демаган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG