Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:40

ҲАМАС - Исроил уруши. Ғазо сектори жанубида жанглар бормоқда

7 октябрь куни эрта тонгда Фаластиннинг радикал ҲАМАС гуруҳи Исроил ҳудудига кутилмаганда кенг кўламли ҳужумни амалга оширди.

ҲАМАС қуролли отрядлари Исроил ҳудудига ўтиб, бир неча аҳоли пунктларини назорат остига олди.

Исроил ҳудуди ўнлаб оммавий ракета ҳужумлари амалга оширилди.

18:39 13.10.2023

Ғазо аҳолисидан 24 соат ичида уйларини ташлаб чиқиш талаб қилинди

Исроил армияси Ғазодаги 1 миллиондан ортиқ тинч аҳолини 24 соат ичида жанубга кўчиб ўтишга чақирди.

Исроил Мудофаа вазирлиги ва армияси - ЦАХАЛ Ғазо бўлгаси аҳолисини жанубга эвакуация қилиш зарурлиги тўғрисида БМТни хабардор қилган.

БМТ эса бу каби катта кўламдаги эвакуация “оғир гуманитар оқибатларсиз” бўлмаслигидан хавотир билдирди.

Исроил қуруқликдан ҳужумга ўтиши кутилаётган бир пайтда Исроил Ғазо томон танклардан ўқ уза бошлади.

2,3 миллион аҳоли истиқомат қиладиган ва Исроил томонидан қамалда қолган Ғазо секторига қуруқликдан бостириб кириш жиддий хавф туғдиради.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг гуманитар ёрдам идораси Ғазода 400 мингдан ортиқ одам ўз уйини тарк этгани ва 23 нафар ёрдамчи хизматчилар ҳалок бўлганини маълум қилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластин Қочқинлар Агентлиги ўзининг амалиёт бошқармаси маркази ва халқаро ходимларини сектор жанубига кўчирганини маълум қилди ва Исроилни бошпаналарга ҳужум қилмасликка чақирди.

Ҳамас жангариларининг ўтган ҳафта охирида 1300 дан ортиқ исроиллик ўлимига сабаб бўлган ҳужумига жавобан Исроил жанговар учоқлари Ғазо секторини бомбалар экан, “Ҳозир уруш вақти”, деди пайшанба куни Мудофаа вазири Йоав Галлант.

Исроил ҳарбийлари яқин кунларда Ғазо шаҳрида «ўта муҳим» амалиёт ўтказишини ва тинч аҳоли фақат "тавсия қилинганда" қайтиши кераклигини айтди. Жавоб ҳужумларида аллақачон 1500 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган.

18:42 13.10.2023

Дунё бўйлаб Исроил ва Фаластинни қўллаб намойишлар ўтмоқда

Жума куни дунёнинг турли бурчагида Исроил ёки Фаластинни қўлловчи кўплаб намойишлар ўтказилди. Жумладан, Ироқдаги шиа мусулмонлари етакчиси Муқтада ас-Садрнинг минглаб тарафдорлари жума намозидан кейин Бағдодда Ғазодаги фаластинликларни қўллаб-қувватлаб намойиш ўтказди.

Ироқнинг олий шиа уламоси Оятуллоҳ Али ас-Систоний дунёни Ғазода содир бўлаётган «даҳшатли ваҳшийлик»ка қарши туришга ва Исроилнинг Фаластин халқига зулмини олдини олишга чақирди.

АҚШда эса минглаб одамлар Исроилни қўллаб-қувватловчи намойишларга чиқди.

Исроил тарафдорлари Лос-Анжелес, Маями-Бич, Хобокен ва Ню-Йоркнинг Шарқий Медоу шаҳарларида митинглар ўтказди.

Намойишчилар Исроил байроқлари ва рамзларини кўтариб чиқишган.

Пайшанба (12 октябрь) куни Нью-Йоркдаги Колумбия университетида эса Фаластин ва Исроилга тарафдор бўлган талабалар бир вақтда иккита митинг ўтказди.

Кампусда кетма-кет ўтказилган иккала митингга ўнлаб талабалар қўшилган.

Тўпланганлар бир бирларидан алоҳида турган, ҳар икки томон бир-бирларига "уят сизларга" деб бақирганда қисқа муддат ўртада таранг вазият пайдо бўлган. Ҳар икки томон Исроил ва Фаластин байроқларини кўтариб олган.

18:46 13.10.2023

Францияда мактаб ўқитувчиси пичоқлаб ўлдирилди

Жума куни Франция шимолидаги ўрта мактабда бир эркак ўқитувчини пичоқлаб ўлдириб, икки кишини яралади. Ҳужум эҳтимолий террорчилик сифатида текширилмоқда.

Террорчиликка қарши кураш бўйича прокурорлар Париждан 185 километр шимолда жойлашган Арра шаҳридаги Гамбетта ўрта мактабига уюштирилган ҳужум бўйича тергов ўтказишаётганини айтди.

Воқеа жойига биринчилардан бўлиб келган полиция зобити Слиман Ҳамзининг айтишича, ҳужум қилган собиқ мактаб ўқувчиси араб тилида “Аллоҳу Акбар” – “Аллоҳ буюкдир” деб бақирган.

Ички ишлар вазири Жералд Дарманиннинг айтишича, ҳужум қилганликда гумон қилинган шахс қўлга олинган. Президент Эммануэл Макрон ички ишлар ва таълим вазирлари билан воқеа жойига борди. Ҳукумат расмийлардан Франция бўйлаб барча мактабларда ҳушёрликни кучайтиришни сўради.

Францияда мактабларга бундай ҳужумлар кам учрайди. Ҳужум сабаби аниқ эмас. Бу Ҳамаснинг Исроилга ҳужуми ва ҳар икки томондан юзлаб тинч аҳоли ўлимига сабаб бўлган Исроилнинг ҳарбий жавоби туфайли дунё бўйлаб кескинлик кучайган пайтга тўғри келмоқда. Исроилнинг Ғазо секторини тўхтовсиз бомбалаши юзасидан жума намозидан кейин мусулмон мамлакатларида оммавий норозилик намойишлари ўтказишга чақириқлар янграган.

Дарманин пайшанба куни маҳаллий ҳукуматларга яҳудийларга қарши ҳаракатлар кучайган бир пайтда Фаластинни қўлловчи барча намойишларни тақиқлашни буюрди.

Франция яҳудийлар сони бўйича дунёда Исроил ва АҚШдан кейин учинчи, мусулмонлар сони бўйича Ғарбий Европада биринчи ўринда туради.

18:52 13.10.2023

Пекинда Исроил дипломати пичоқлаб кетилди

Ҳодиса Исроилнинг Пекиндаги элчихонаси олдида содир бўлган.
Ҳодиса Исроилнинг Пекиндаги элчихонаси олдида содир бўлган.

13 октябрь куни Исроилнинг Пекиндаги элчихонасида ишлаб келган дипломатга консуллик яқинида ҳужум уюштирилган.

Исроил ташқи ишлар вазирлиги бу хабарни тасдиқлаб, дипломат даволаниш учун касалхонага ётқизилгани ҳамда унинг аҳволи барқарор эканини билдирди.

Исроиллик дипломатнинг пичоқланиши ҲАМАСнинг Исроилга қонли ҳужумидан кейин содир бўлди.

ҲАМАС жума кунини бутун дунё бўйлаб «Ғазаб куни» деб эълон қилди ва Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий амалиётига жавобан барча тарафдорларини исроилликлар ва яҳудийларга ҳужум қилишга чақирди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG