Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:31

ҲАМАС - Исроил уруши. Ғазо сектори жанубида жанглар бормоқда

7 октябрь куни эрта тонгда Фаластиннинг радикал ҲАМАС гуруҳи Исроил ҳудудига кутилмаганда кенг кўламли ҳужумни амалга оширди.

ҲАМАС қуролли отрядлари Исроил ҳудудига ўтиб, бир неча аҳоли пунктларини назорат остига олди.

Исроил ҳудуди ўнлаб оммавий ракета ҳужумлари амалга оширилди.

12:04 14.11.2023

БМТ ёнилғи берилмаса Ғазодаги фаолияти тўхтатилиши мумкинлигини билдирди

БМТнинг Фаластинлик қочқинлар бўйича агентлиги ёнилғи етишмовчилиги оқибатида Ғазодаги фаолияти тўхтаб қолиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

“Ғазога ёнилғи олиб киришга рухсат берилмаса, гуманитар операциялар 48 соат ичида тўхтаб қолиши мумкин”, - деб ёзди агентликнинг Ғазодаги ваколатхонаси раҳбари Томас Уйат Х (аввалги Твиттер) ижтимоий тармоғида.

АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот деп тан олинган ҲАМАСга қарши уруш доирасида қамал қилинган Ғазода гуманитар вазият оғирлашиб бормоқда.

Ғазодаги касалхоналарда биринчи галда зарур бўладиган дори-дармонлар тугаб бормоқда. Касалхоналарда электр энергияси таъминоти узилиб қолганда генераторлар ишлатилаётган эди. Ҳозирда ёнилғи йўқлиги ортидан генераторлардан фойдаланиш имконияти ҳам бўлмай қолди.

Фаластинлик қочқинлар бўйича БМТ агентлиги раҳбари Филипп Лаззарининг айтишича, Исроил ҳарбийлари ёнилғи етказиб бериш масаласидаги сўровга ҳозирча жавоб бермаган.

Исроил ҳукумати ҲАМАС ёнилғини ҳарбий ҳаракатлар учун ишлатаётганини, Ғазода ёнилғи заҳираси муҳим эҳтиёжлар учун етарли эканини айтмоқда.

09:47 13.11.2023

Нетаняҳу Ғазо назорати Фаластин маъмуриятига берилишига қарши чиқди

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ғарб лидерлари Ғазода ўт отишни тўхтатиш тарафдорларининг босимига қаршилик кўрсатиши зарурлигини, Исроил ҲАМАС устидан ғалаба қилиши шартлигини билдирди. ҲАМАС АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот қаторида тан олинган.

Нетаняҳунинг бу баёноти Франция президенти Эммануэл Макроннинг сўзларига жавоб тариқасида айтилди. Макрон Исроилни Ғазода ўт отишни тўхтатишга чақириб: “Бу болалар, бу аёллар, бу қарияларни бомбардимон қилинмоқда ҳамда ўлдирилмоқда. Бунинг ҳеч қандай сабаблари ва легитимлиги йўқ. Шунинг учун биз Исроилни тўхташга чақирамиз”, - деб айтган эди.

Нетаняҳу ўз баёнотида Исроил “зарурат туғилса бутун жаҳонга қаршилик кўрсата олиши”ни, ҳеч қандай халқаро босим, “давлат ёки ҳарбийларга нисбатан билдирилаётган сохта айбловлар” мамлакатни ўз қатъиятидан қайтара олмаслигини таъкидлади.

Нетаняҳу ҲАМАС Ғазонинг шимолий қисми назоратини қўлдан бой берганини айтди. Унга кўра, Ғазо Исроилга қарши терактларни амалга оширишда фойдаланиладиган ҳудудга айланмаслиги учун ЦАХАЛ “қанча зарур бўлса шунча муддат” бўлгада қолади.

“ҲАМАС қуролсизлантирилади. Исроилга бундан буён Ғазо бўлгасидан таҳдидлар бўлмайди. Буни кафолатлаш учун эса ЦАХАЛ қанча талаб қилинса шунча муддат Ғазо хавфсизлигини назорат қилади”,- деди Нетаняҳу.

Исроил бош вазири Ғазо назоратини Иордан дарёси ғарбий соҳилидаги Маҳмуд Аббос раҳбарлик қилаётган Фаластин миллий маъмуриятига топширилишига қарши эканини таъкидлади.

08:58 13.11.2023

Францияда 200 мингга яқин киши антисемитизмга қарши намойишга чиқди

Францияда икки юз мингга яқин киши антисемитизмга қарши намойишларда иштирок этди. Le Parisien нашрининг полицияга таяниб хабар беришича, Париждаги акцияда юз мингдан кўпроқ киши қатнашган.

Антисемитизмга қарши марш ўтказиш ташаббусини Сенат спикери Жерар Ларше ва Миллий ассамблея раиси Яэль Браун-Пиве кўтарган.

Париждаги намойишда бош вазир Элизабет Борн ва собиқ президентлар Франсуа Олланд ҳамда Николя Саркози иштирок этди.

Le Parisien антисемитизмга қарши маршда радикал сўлчи мухолифатдан ташқари барча сиёсий партиялар, жумладан, ўта ўнгчилар ҳам қатнашганига эътибор қаратган.

Бундан аввал Европа комиссияси Европада антисемитизм ҳолатлари кўпайганидан ташвиш билдирган эди.

Расман маълум қилинишича, Франциянинг ўзидагина бир ой ичида яҳудийларга қарши 1200 жиноят содир этилгани қайд этилган. Октябрда Франция ҳукумати “жамоат хавфсизлигига таҳдид туғилмаслиги” учун фаластинликларни қўлловчи митинглар ўтказишни тақиқлаган эди. Лекин қатор шаҳарларда тақиққа қарамасдан намойишлар ўтказилмоқда.

08:26 13.11.2023

Reuters: Ғазода гаровга олинганларни бўшатиш юзасидан музокаралар тўхтатилди

АҚШ ва ЕИда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАС радикал гуруҳи гаровга олинган исроилликларни озод қилиш юзасидан музокараларни тўхтатганини билдирди. Бунга Аш-Шифа касалхонаси жойлашган ҳудуд бомбардимон қилингани сабаб қилиб кўрсатилди. Бу ҳақда Reuters фаластинлик мансабдорга таянган ҳолда хабар берди.

NBC News эса Оқ Уйдаги манбаларига таяниб, Исроил ҲАМАС билан гаровга олинган 80 нафар аёл ва болани озод қилиш ҳақида музокараларни давом эттираётганини маълум қилди. Исроил бунинг эвазига қамоқдаги фаластинлик аёллар ва ўсмирларни озод қилишга ваъда бермоқда.

NBC News манбаси Исроил қанча фаластинликни қамоқдан чиқариш бўйича аниқ рақамни айтмади.

Исроил армияси аввалроқ 12 ноябрда Аш-Шифа касалхонаси атрофида ҳарбий амалиёт ўтказганини тасдиқлаган эди. Исроил ҲАМАС касалхонадан ер ости қўмондонлик пунктини ҳимоя қилиш учун фойдаланаётганини айтмоқда. ҲАМАС радикал гуруҳи бу маълумотни инкор этди.

Исроил ҳарбийлари Аш-Шифа касалхонасининг педиатрия бўлимидан болаларни эвакуация қилишга ва касалхонага тиббий эҳтиёжлар учун 300 литр енилғи етказиб беришга тайёрлигини маълум қилди. Лекин ҲАМАС бу таклифга рози бўлмади.

ҲАМАС 7 октябрда Исроилга ҳужум қилиб 1200 кишини ўлдирган ва 240 кишини гаровга олган эди.

ҲАМАС назорати остидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроил ҳужумлари оқибатида 11 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлганини, уларнинг 4,5 мингдан кўпроғи болалар эканини билдирган. Бу маълумотларни мустақил манбалардан тасдиқлатиш имконияти мавжуд эмас.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG