Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:35

Ислом ва мусулмонлар: Каримов алқаган нақшбандийлар нега таъқибга учради?


Фарғоналик Иброҳим эшон (Иброҳим Маматқулов) ҳузурига йиғилган сўфийлар жамоати
Фарғоналик Иброҳим эшон (Иброҳим Маматқулов) ҳузурига йиғилган сўфийлар жамоати

Ўзбекистонда ҳукумат томонидан қувватланиб келаётган Нақшбандийлик тариқатига эргашганлар сўнгги пайтларда чекловга учраётганини айтмоқда. Диндорлар устидан назоратни фавқулодда кучайтирган ҳукумат бошқа жамоатлар каби сўфийларнинг тўпланишини ҳам тақиқламоқда. Гарчи, расмийлар буни инкор қилса-да, айнан таъқиблар боис, довруғи Марказий Осиё ва Россияда таралган Иброҳим Эшон вафотидан сўнг мамлакатда тариқатнинг янги йўлбошчиси қўринмаётир.

Йиғилишлар чекланди

Бухородаги Нақшбандийлик тариқатига мансуб 15 кишидан 4 нафарига қамоқ жазоси берилгани Ўзбекистонда бу тариқат вакилларига нисбатан кўрилган илк кескин жазо сифатида эътироф этилмоқда.

Аммо бунга қадар ҳам Фарғона ва Бухоро вилоятларида нақшбандийларнинг диний либоси ва сафдошларини тўплагани учун "жамоат тартибини бузди" деган сабаб билан 3 кунга ҳибс қилингани ва жаримага тортилгани кузатилган.

Нақшбандийлик тарқатининг Фарғонадаги вакилларидан бири бўлган Ҳусанбой ҳожи водийда уларнинг эътиқоди ва ибодатига, умумиятла, тўсқинлик йўқлиги, аммо жамоа вакиллари учун муҳим бўлган йиғилишлар кескин чекланганини айтди:

- Бемалол ибодатимизни, ишимизни қилиб юрибмиз. Унақа катта-кичик зулмлар бўлганини эшитмадим. Лекин, тўпланишга қаршилик бўлди. Фарғонада ўтган йилларда ноқонуний йиғилиш қилдинг, деган сабаб билан бир неча тариқатдагиларга 1 ярим миллиондан 3 миллионгача жарима солинганини эшитган эдим, - дейди Ҳусанбой ҳожи.

Унинг айтишича, мамлакатда Нақшбандийлик тариқатига эргашганларга нисбатан чекловлар кузатила бошлагач, тариқат етакчилари муридларини катта жамоаларга бирлашиб, бирор манзилда тўпланишдан қайтарган:

- Тепадагилар: "Кўпчилик бўлиб йиғилманглар, одамлардан бошқача кийинманглар, сиёсатга зид ишлар қилиб, ўзингизни ёмон кўрсатманглар, зулмларга сабаб бўлиб қолманглар, ким шу ишни қилса, менинг муридиммас" деб айтганларини эшитяпмиз. Ҳозир шунақа яхши гаплар бўлаяпти. Шунинг учун, йиғилишлар ҳам йўқ бўлиб кетган ҳозир, - дейди Ҳусанбой ҳожи.

Қуйида Ҳусанбой ҳожи билан суҳбатни тингланг:

Нақшбандийлик тариқати аъзоси билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:15 0:00
Бевосита линк

Нақшбандийлар етакчиси кўринмаётир

Нақшбандийликнинг асосчиси Баҳоуддин Нақшбандий яшаб ўтган Ўзбекистонда тариқатнинг Марказий Осиёдаги сўнгги йирик пешвоси сифатида тан олинган шахс Иброҳим Эшон (Иброҳим Маматқулов) эди. У 2009 йилда 72 ёшида оламдан ўтган.

Шундан сўнг, бу тариқатнинг Ўзбекистондаги етакчиси кўринмаётир. Муридлари буни икки сабаб - у киши даражасидаги пирнинг йўқлиги ва айни пайтда, етакчиликка муносиб шайхлар номи айнан хавфсизлик нуқтаи назаридан махфий сақланаётгани билан изоҳламоқдалар.

Ўзбекистонда ҳукумат олқишлаган бу тариқат вакилларига нисбатан чеклов ва уларнинг ортидан таъқиблар 2007 йиллардан бошланган.

Жумладан, 2009 йилнинг 22 майида "Халқ сўзи" газетасида "Бидъатга йўллайдиган ибодат" номи остида чоп этилган мақоладан қуйидаги парча ҳукуматнинг бу тариқат пешволарига қарши эътирозига нима сабаб бўлганини аниқ ифодалайди:

"Ўзларини "пир", "эшон" атаб, мўмин-мусулмонларга "раҳбарлик, раҳнамолик қилиш" даъвоси билан чиқаётган... Фарғона вилоятида "Иброҳим эшон", Самарқанд вилоятида "Исоқжон эшон", Андижон вилоятида "Зуҳриддин эшон" ва "Одилжон эшон" номлари билан юртдошларимизнинг онгини заҳарлашга уринаётган кимсалар бор".

Яъни, ўша кезда сиёсий буюртма билан ёзилган мақолалар, телекўрсатувлардан тушунилган асосий норозилик Нақшбандийлик тариқати пешволари атрофида минглаб мусулмонлар жамоати йиғилаётганига қаратилган эди. Зеро, мамлакатдаги диний жамоалар "ваҳҳобийлар", "ҳизбийлар", "жиҳодчилар" деган айбловлар билан бир-бир тақиқлангач, бирор жамоатга бирлашиш эҳтиёжини сезган мусулмонлар ҳукумат рухсат бериб қўйган тариқатдаги пир ва эшонларнинг этагини тута бошлаган эдилар.

Нақшбандийлик тариқатига таъқиқ йўқ

Аммо, ҳукумат расмийлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари бу таъқиблар диндорларнинг айнан Нақшбандийлик тариқатига мансублиги билан боғлиқлигини инкор қилиб келадилар.

Жумладан, Бухорода тариқатга эргашганларнинг жазоланишига муносабат билдирган Мусулмонлар идораси раиси ўринбосари Абдулазиз Мансур ҳуқуқ-тартибот органлари диндорларни айнан шу тариқатга мансублиги учун таъқиб қилишга ҳақли эмас, дейди.

Шайх Бухородаги маҳкамадан тўлиқ хабардор эмаслигини айтаркан, уларга қўйилган асосий айблов хориждаги ташкилотларга алоқадорлик эканини урғулади. Бундан ташқари, мустақил равишда гуруҳларга бирлашаётган диндорлардан хавотирланишга бугунги кунда етарли асос бор, деб таъкидлади.

Идора мулозими бундай ҳолларда куч ишлатар тузилмаларининг текшириши, назорат қилиши зарур, деб ҳисоблайди:

- Бу ўринда иккита хавотир бор. Бири, диний жиҳатдан - етарли илми бўлмаган шахсларнинг одамларни турли нотўғри йўлга бошлаб қўйиши. Иккинчиси, сиёсий жиҳатдан - бу давраларда турли ноқонуний радикал, экстермист гуруҳларга даъват бўлмаётганмикин, деган хавотир. Яъни, давлатимиз бу борада ўз сиёсатини амалга оширяпти. Аммо, Нақшбандийлик тарқатига тақиқ йўқ, бу тариқатга эргашганлар бемалол ибодатини қилиб юрибди, - деди Абдулазиз Мансур.

Шунингдек, идора мулозими ҳозир Ўзбекистонда шу тариқат илмини чуқур эгаллаган, унга эргашганларга бош бўлишга етарли салоҳияти бўлган пешволар йўқ, деб таъкидлади.

Унинг айтишича, Ўзбекистонда шариатни ўргатувчи мадрасалар каби, тез орада тариқатни ўргатувчи мактаблар ҳам очилишига умид бор.

Қуйида Абдулазиз Мансур билан Нақшбандийлик тариқати, унинг тарихи ва бугунги Ўзбекистон сиёсатидаги ўрни ҳақидаги суҳбатни тингланг:

Абдулазиз Мансур билан Нақшбандийлик тариқати ҳақида суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:19 0:00
Бевосита линк

Аввал олқишланиб, кейин чекланган тариқатчилар

Нақшбандийлик тариқати Ўзбекистон мустақиллигининг илк йилларида ҳукумат сиёсати томонидан олқишланган эди.

1993 йилда Баҳоуддин Нақшбандийнинг 675 йиллиги Ўзбекистонда катта тадбирлар билан нишонланган, Бухорода Нақшбандий ҳазратлари қадамжоси тўлиқ қайта қурилган ва унинг қурилишини кўздан кечириш, очилиш маросимида иштирок этиш учун президент Ислом Каримов уч марта бу вилоятга сафар қилган эди.

Ислом Каримов ўз нутқларидан бирида, ҳатто: “Бу буюк зот... маърифат йўлида одамларнинг қалбига чуқур кириб бориш орқали уларда эзгу интилишлар, орзу-умидлар уйғотиш мумкинлигини исботлаб берди”, деб қайд этгани расмий манбаларда келтирилган эди.

2004 йилда Ўзбекистонда ҳукумат қарорига биноан Нақшбандийлик тариқатининг йирик намоёндаси Хожа Аҳрор Валий таваллудининг 600 йиллиги ҳам кенг нишонланди.

Аммо, диний жамоалар бирма бир тугатила бошлагач, тариқатчиларнинг кенгая бошлаган издихомлари ҳам кўзга ташлана бошлади ва 2007 йилдан бошлаб, Ўзбекистон ҳукуматининг диний жамоаларга қарши тўхтовсиз ишлаб турган чиғириғига беозор Нақшбандийлик тариқати аъзолари ҳам туша бошлади.

Ҳамиша саройга яқин бўлган нақшбандийлар

Нақшбандийлик пирлари тариқатнинг узун тарихи давомида саройга жуда яқин дин пешволари ҳисобланган.

Уларнинг ҳукмдорлар томонидан олқишланиши илк сабаби - ҳокимият иддаосида бўлмаганидир. Иккинчи муҳим жиҳат эса, тариқатнинг пирларига муридларнинг мутлақ ва ихтиёрий итоатидир. Бошқа диний жамоалар, ҳаракатлар ва оқимлардан фарқли равишда суфийлар тариқат йўлига ўз ихтиёри билан киради ва мажбурий бўлган шариатдан кейинги босқич бўлган тариқатга эргашиш ихтиёрийдир.

Учинчи муҳим жиҳат эса қатор тариқатлар, хусусан, Марказий Осиёда азалдан кенг ёйилган Яссавия, Кубровия, Қодирия тариқатларидан фарқли равишда Нақшбандия тарки дунёчиликни тарғиб қилмайди. Аксинча, "Дил ба ёру, даст ба кор" (Қалб оллоҳда, қўл меҳнатда) ғояси остида ҳам диний ибодат, ҳам дунёвий ҳаётни тенг олиб бориш, ҳар иккисини мувофиқлаштиришни тарғиб қилади.

Бу тариқатнинг шу кунга келиб ҳукуматлар томонидан яна-да афзал кўрила бошлаган яна бир хусусияти - ибодатнинг хуфялигидир. Оллоҳга ишқини қалбида сақлаган нақшбандийлар жамоавий ибодатлар, суҳбатларини ҳам хуфя сақлашни афзал кўрадилар, яъни риёдан сақланадилар. Яъни,Ўзбекистонда шаклланган Нақшбандийлик тариқатида мавжуд ҳукуматларга даъвогарлик ёки ошкора исён кўринмайди.

Ўзбекистонлик таниқли адабиётшунос, узоқ йиллар тасаввуф адабиёти ва тарихи йўналишида илмий изланишлар олиб борган олим, Ўзбекистон Фанлар Академияси илмий ходими,Сайфиддин Рафиддинов Нақшбандийлик ва умуман, тариқатларнинг Ўзбекистондаги тарихи ва сиёсий режимлар билан муносабати, шунингдек, бугунга келиб мамлакатда чоп этилаётган адабиётлар кўлами ҳақида сўзлаб берди.

Қуйида у киши билан суҳбатни тинглашингиз мумкин:

Сайфиддин Рафиддинов билан Нақшбандийлик тариқати ҳақида суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:18:31 0:00
Бевосита линк

Нақшбандийлик тариқати ҳақида

Бу тариқат 14 асрда Бухоро вилоятининг ҳозир “Қасри Орифон», қадимда эса “Ҳиндуён” деб номланган қишлоғида яшаган Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд (1318–1389) номи билан боғлиқдир.

Нақшбандийлик таълимотининг асоси ҳам, сўфийликнинг бошқа йўлларида бўлгани каби таваккул, ибодат, зикр, фақирлик, поклик ва илоҳий ишқ ғояси устига қурилган.

Тарихий манбаларда Баҳоуддин Нақшбанднинг ўзи умри давомида деҳқончилик билан кун кечиргани, буғдой ва мош экиб, кун кўргани айтилади. Нақшбандийлик тариқати асосида эса ўша маълум ва машҳур “Дил ба ёру, даст ба кор” – “ Қалб Оллоҳда, қўл меҳнатда!” ғояси ётади.

14 асрда пайдо бўлган Нақшбандийлик тариқати кейинчалик Марказий Осиёнинг бошқа қисми ва аста-секин Афғонистон, Ҳиндистон ҳамда бошқа мусулмон давлатларига тарқалган.

15 асрга келиб бу тариқатга эргашганлар орасида зиёлилар, олимлар ва давлат арбоблари ҳам кўпайган. Булар орасида энг йирик тарихий шахслар сифатида Алишер Навоий (1441-1501) ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурлар (1483-1530) номи тилга олинади.

Ҳозирга келиб бу тариқатга эргашган жамоалар Марказий Осиё республикалари, Россия, Буюк Британия, Германия, Франция, АҚШ, Яқин Шарқ ва Африка давлатлари, Ҳиндистон, Хитой, Япония, Австралия, Янги Зеландияда мавжуд. Покистон, Индонезия, Малайзия, Шри-Ланка каби давлатларда эса ҳукмрон элита вакилларининг кўпчилиги айнан шу тариқатга эргашган.

XS
SM
MD
LG