Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:39

“Ибодат либоси" қонунчиликдан чиқарилди. Диний таълимга чекловлар сақланиб қолмоқда


Ислом Каримов бошқаруви даврида ҳуқуқ-тартибот идоралари одатан "диний либос", дея таснифлаган аёллар ёпиқ либосини (чапда) Шавкат Мирзиёев даврида кўчада реклама қилган баннер. Тошкент, 2019
Ислом Каримов бошқаруви даврида ҳуқуқ-тартибот идоралари одатан "диний либос", дея таснифлаган аёллар ёпиқ либосини (чапда) Шавкат Мирзиёев даврида кўчада реклама қилган баннер. Тошкент, 2019

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги янги қонун лойиҳасини маъқуллади.

Бу лойиҳада, жамоатчиликка 2014 йилда ваъда қилинган энг муҳим ўзгариш - жамоат жойларида ибодат либосида юришга қўйилган тақиқ ҳақидаги жумла тўлиқ олиб ташланган.

Қонунчилик палатаси бир ўқишда қабул қилган лойиҳани энди Сенат муҳокама тасдиқлаши, сўнгра президент имзолаши лозим.

Ўзбекистонда 1998 йилда қабул қилинган амалдаги қонунга шу мазмунда ўзгартириш киритилиши ҳақида Мусулмонлар идораси 2014 йил январда Озодликка маълум қилганди.



Асосий ўзгаришлар

5 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қабул қилган янги қонундаги асосий ўзгаришлар қуйидагилардан иборат:

  • жамоат жойида “ибодат либоси”да юришга тақиқнинг бекор қилинган,
  • диний ташкилот тузиш учун камида 100 эмас, 50 нафар ташаббусчи талаб қилинади,
  • янги ташкилот учун аризани кўриб чиқиш муддатининг 3 ойдан 1 ойга туширилган,
  • қатор диний тушунчаларга қонуний таъриф берилган,
  • диний ташкилотларда фаолиятнинг шаффоф ва очиқлик принципи белгиланган,
  • ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга ўз фарзандига диний амалиёт асослари ва одоб-ахлоқ қоидаларини (уй шароитида) ўргатиш ҳуқуқи берилди.

Аммо, шунга қарамай, янги қонунда шу кунга қадар ўзбекистонлик диндорларни қийнаб келган рўмол, ҳижоб, дўппи, соқол каби масалаларга аниқлик киритилмаган, диний таълим бўйича чеклов ўзгартирилмаган.

Кўчада ҳижоб, рўмол ва соқолда юриш


1998 йилда қабул қилинган ва ҳозир амалдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддаси шу кунга қадар, жамоатчилик эътирозига сабаб бўлиб келмоқда.

Унда шундай дейилган:

“Ўзбекистон Республикаси фуқароларнинг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмайди).фуқароларнинг (диний ташкилот ходимлари мустасно) жамоат жойида ибодат либосида юришига йўл қўйилмайди”.

“Ибодат либоси” дейиларкан, бу тушунчага амалдаги қонунда аниқлама берилмаган.

Шунга қарамай, айни модда асосида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-1-моддаси билан бу ҳуқуқбузарлик учун қуйидаги жазо белгиланган:

“Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришлари базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади”.

Йиллар давомида ҳуқуқ-тартибот идоралари, йиллар давомида айнан шу моддани асос қилиб олган ҳолда, ҳижоб, рўмол, оқ дўппи ва соқол каби унсурлар билан жамоат жойида кўринган шахсларга чора кўргани кузатилди.

Янги қонунга “ибодат либоси” деган жумла йўқ ва ҳатто “диний либос” ёки умуман “кийим”, деган сўзлар ҳам киритилмаган.

Бу тушунчанинг қонунчиликдан чиқариб ташланиши - шунча йилдан бери мамлакатдаги диндор қатламни қийнаб келган келган муаммони амалда йўққа чиқарадими ёки йўқми - буниси ҳозирча номаълум.

Мактаб ёки ОТМга ҳижоб, рўмол билан бориш

Депутатлар маъқуллаган лойиҳада таълим тизимлари ва талабаларнинг диний эътиқодидан келиб чиқадиган муносабатлар 12-моддада (Таълим тизими ва дин) белгиланган.

Бу моддада таълим тизимининг диндан ажратилгани белгиланган:

  • “Ўзбекистон Республикасида таълим тизими диндан ажратилган.
  • Таълим тизимининг ўқув дастурларига (диний таълим муассасалари бундан мустасно) диний фанлар киритилишига йўл қўйилмайди.
  • Фуқароларнинг дунёвий таълим олиш ҳуқуқи уларнинг динга бўлган муносабатидан қатъи назар таъминланади”.

Амалдаги қонундан айнан олинган бу модда фақат бир жумла: “Ҳар ким диний таълим муассасаларида профессионал диний таълим олиш ҳуқуқига эга”, деган жумла қўшиб қўйилган.

Ўзбекистонда рўмолли ва ҳижобли ўқувчи ОТМ талабалари, дўппи ёки соқолдаги талабаларни таълим муассасаси биносига киритмаслик ҳоллари кузатилади.

Мактаб ҳовлисида рўмоли ечилган ўқувчилар ёки ОТМдан қувилган ҳижобли талабалар аҳволи қатор ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ва диний эркинликларни кузатувчи халқаро ташкилотлар томонидан танқид қилиб келинади.

Шу пайтгача, таълим муассасалари ўз ички Низоми ва йўриқномалари асосида, талабаларнинг “диний либос” деб ҳисобланган кийимларда ўқув юрти биносига киришини таъқиқлаб келди.

Янги қонун ва амалдаги қонуннинг, айнан дин ва таълим тизими ҳақидаги қисмида қарийб ўзгариш бўлмагани боис, таълим масканларида либос, бош кийим ёки соч-соқолга чеклов бобида бирор ўзгариш бўлишини кутиш қийин.

Диний таълим


Янги лойиҳанинг, жамоатчилик эътиборини тортаётган яна бир жиҳати диний таълим ҳақидаги кичик ўзгариш бўлмоқда.

Янги қонуннинг 11-моддасида хусусий тартибда диний таълим бериш тақиқланган. Аммо, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандига диний амалиёт ва одоб-ахлоқ қоидаларини (уй шароитида) ўргатиш ҳуқуқи берилиши қайд этилган.

Бу ўринда “диний амалиёт ва одоб-ахлоқ қоидалари”, деганда нима назарда тутилмоқда, масалан, ота-она уйида боласига араб тили ёки Қуръонни ўқишни ўргатиши мумкинми - бу саволлар ҳануз очиқ қолмоқда.

Амалдаги қонуннинг 9-моддасида эса “хусусий тартибда диний таълим бериш ман этилади” деб қатъиян белгилаб қўйилган.

Яъни давлат томонидан лицензияланган таълим масканларидан ташқарида диний таълим бериш, жумладан араб тили ёки Қуръонни ўқитиш тақиқлаб қўйилган.

Бундан ташқари, янги қонунда ҳам, фуқаролар мажбурий умумий-ўрта ёки ўрта махсус таълим олганларидан сўнг диний таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинади.

7 йил кутилган лойиҳа

Ҳозир амалдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритилаётгани ҳақида Озодлик 2014 йил январь ойида хабар қилган эди.

Ўшанда Мусулмонлар идорасидаги манба қонунда диний либослар билан боғлиқ моддада мавҳумлик бўлгани боис, диний идора ўзгартириш киритиш таклифи билан парламентга мурожаат қилганини билдирган эди.

Бу хабарга ўша кезда изоҳ берган Мусулмонлар идораси раиси собиқ ўринбосари Абдулазиз Мансур қонуннинг диний либослар қисмига шарҳ ёзилаётганини билдирган эди:

- Шарҳларда рўмол, дўппи, махси-калиш, узун кўйлак ва шунга ўхшаш нарсалар - булар миллий либос тариқасида талқин қилинаяпти. Милиция ходимларининг бундай кийимларни "ибодат либоси" деб одамларни таъқиб қилганидан бизга кўплаб шикоятлар бўлгани боис, шундай шарҳ ёзилаяпти ҳозир. Тез орада бу шарҳ эълон қилинади.

Кейинчалик бу масалада бошқа маълумот берилмади.

2016 йилда Ислом Каримов вафот этгач, президентликка келган Шавкат Мирзиёев бошқарувининг илк йилларида бу масала яна кўтарилди.

2017 йилда Адлия вазири Русланбек Давлетов “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун ўзгартирилишини маълум қилганди.

Аммо, фақат 2020 йилнинг августига келиб, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси сайтида эълон қилинди, 2021 йилда - сайлов йилига старт берилган кезда Парламент лойиҳани бир ўқишда қабул қилиб юборди.

Куни кеча уни Қонунчилик палатаси депутатларига тақдим қилган вазир Русланбек Давлетов лойиҳасининг асосий мақсади: “Виждон эркинлиги кафолатларини кучайтириш, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқини таъминлашнинг янги механизмларини жорий этиш, шунингдек, давлатнинг дин ишлари бўйича сиёсатини таокмиллаштиришдан иборат”, деб таъкидлади.

Адлия вазирлиги расмий сайтида бу ўзгартишлардан яна бир мақсад “асосан аҳолини қийнаб келаётган муаммолардан бири, фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги чеклов олиб ташланишидир”, дея шарҳ берилди.

АҚШ Давлат департаменти ўтган йил декабрида Ўзбекистонни диний эркинлик бўйича махсус кузатувдаги давлатлар рўйхатидан чиқарган.

Бироқ АҚШнинг Халқаро диний эркинликлар бўйича комиссияси (USCIRF) жорий йил апрель ойида Ўзбекистонни махсус кузатувдаги давлатлар рўйхатига қайтаришни тавсия қилганди.

Комиссиянинг бундай хулосага келишига асосан қонунчиликдаги муаммолар, хусусан “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси халқаро стандартларга мос келмаслиги сабаб бўлгани билдирилганди.

XS
SM
MD
LG