Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:32

Наманганда “диний либос”да келганлар жума намозига қўйилмаяпти


Намангандаги масжидларга жума намозини адо этгани оқ дўппи ёки “диний либос”да келганлар киритилмаяпти. Озодлик муштарийларининг айтишича, жума намозига келган ҳар бир одам масжид остонасида тўхтатилиб, милиция текширувидан ўтказилмоқда. Оқ дўппи ва арабларникига ўхшаш либосда келганлар ва балоғат ёшига етмаганлар масжидга қўйилмай, ортга қайтариляпти.

Наманган шаҳридаги “Орифхон хожи” масжидига жума намозига борган Зоҳидхон Озодлик билан суҳбатда ҳар бир одам кийими ва ёшига қараб масжидга қўйилаётганини айтади.

- Ҳудди кинотеатрга киргандай, бирма бир уст-бошини, паспортини текшириб киритяпти. Оқ дўппида келганларга, “еч кейин кирасан” деяпти. Бировлар оқ матодан тикилган узун яҳтак ва оқ дўппи кийиб келади, уларни киритмаяпти, мактаб ва коллеж ўқувчиларини умуман киритмаяпти,- дейди Зоҳидхон.

“Диний либос”да келганларни масжидга киритмаслик ҳақида кўрсатма берилганини Озодлик суҳбатлашган наманганлик милиция ходими ҳам тасдиқлайди.

- Ҳамма ходимлар жума кунлари масжидларга бириктирилади. 15-20 минут ўқиладиган намоз. Вояга етмаганлар ва диний либосда келганлар мажидга қўйилмайди, бизга шундай топшириқ берилган,- дейди Наманган Ички ишлар бошқармаси ходимларидан бири.

“Диний либос” деганда нима назарда тутиляпти?

Намангандаги “Мирғоиб эшон” масжиди мутаваллиларидан бири Озодлик билан суҳбатда “диний либос” деганда араб либослари тушинилаётгани ва бундай либослар ўзбек урф-одатларига бегона эканини айтади.

- Оқ дўппи араб мамлакатлари учун хос бўлган либосларни кийиш Ўзбекистон урф-одатлари учун бегона. Ҳаждан келганлар у ёқдан шунақа либосларини олиб келишяпти. Кўпчилик шуни кийиб жумага келгиси келади. Лекин, бизни ўзимизни миллий кийимларимиз ҳам борку, ўзимизни дўппиларимиз бор. Ҳеч ким ўзимизни либосларни кийма, деётгани йўқ. Нимага ўзимизни миллий либслар турганда арабларни дўпписини арабларни киймини кийиш керак,- дейди наманганлик масжид мутаваллиси.

Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси раисининг ўринбосари, таниқли уламо Абдулазиз Мансур эса шариатда алоҳида кийим диний либос сифатида қабул қилинмагани ва қандайдир “диний либос”да келганларни масжидга киритмаслик ҳақида республика даражасида ҳеч қандай топшириқ ҳам берилмаганини айтади.

Абдулазиз Мансурнинг айтишича, Ўзбекистон қонунларида "диний кийим" ёки "ибодат либоси" деган тушунчалар турлича талқинларга сабаб бўлмоқда.

- Буни 1998 йилдан бери тушунтирамиз, тушунишмапяти-да. 1998 йилда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун”да Ўзбекистонда фуқароларининг жамоат жойларида ибодат либосларида юришлари тақиқланади, деб ёзилган. Бу ерда ибодат либоси нималигини тушунишмаяпти-да. Ибодат либоси йўқ бизда. Ибодат либоси насронийларда бўлади. Бизда хоҳлаган кийимини кияди, фақат айтилган жойини, авратини ёпиб юриши керак, нима билан ёпса бўлди. Ҳозир тушунмовчиликлар бўляпти-да. Ўзи тепадан ҳеч қанақа буйруқ йўқ,- дейди Абдулазиз Мансур.

Жорий йилнинг апрель ва май ойларида Фарғона вилоятига қарашли Қўқон ва Марғилон шаҳарларининг марказий бозорлари ва жамоат жойларида ҳижобли аёлларнинг бошида рўмоли мажбуран ечтирилаётгани, Қўқон шаҳри бозорида эса рўмолни ҳижобнамо ўраган аëллар ва оқ дўппи кийган эркакларнинг кириши тақиқлаб қўйилгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG