Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:52

HUMAN агентлигидан пулини ололмаëтганлар норозилик билдириб Вазирлар Маҳкамасига борди (ВИДЕО)


Пулини ололмаётган мардикорлар HUMAN агентлиги биносида
Пулини ололмаётган мардикорлар HUMAN агентлиги биносида

Тошкентдаги HUMAN хусусий бандлик агентлиги Германия ва Чехияга жўната олмаган ишчилардан олинган пулларни қайтариш тўғрисида берган ваъдасини бажармади - мардикорлар маблағлари на душанба ва на сешанба куни берилди.

Ваъдалардан чарчаган 70 га яқин ўзбекистонлик сешанба 17 сентябрь куни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси Мустақиллик майдонидаги бош идорасига ўз норозилигини ифода қилиш учун борди.

Расмийлар муаммо ижобий ҳал қилишга ваъда берган.

HUMAN агентлигининг Озодлик 17 сентябрь куни гаплашган вакили пуллар чоршанба кунидан бошлаб берилишини айтмоқда.

17 сентябрь куни Вазирлар Маҳкамаси биноси олдида тўпланган 70 га яқин ëлланма ишчи HUMAN хусусий бандлик агентлиги томонидан Германияга ишга жўнатиш ваъдаси билан олинган 35 миллион сўмнинг қайтарилишини талаб қилди.

Пулини талаб қилаётган мардикорлар Вазирлар Маҳкамаси олдида
Пулини талаб қилаётган мардикорлар Вазирлар Маҳкамаси олдида

Озодликка бу ҳақда исми ошкор этилмаслигини сўраб хабар берган фарғоналик ишчилардан бири агентлик директори Шоҳнур Файзуллаевнинг 16 сентябрдан бошлаб маблағларни қайтариш ваъдасини бажармагани шундай чорага қўл уришга мажбурлаганини айтади:

- Ўтган ҳафта “Ким шартномани бекор қилса, душанба кундан ўшанга бериш бошланади”, дейишди. Душанба куни оломон йиғилди. Директор йўқ! HUMANдагиларга “Пулни тарқатмасаларинг ёмон ҳолатлар бўлади!”, дедик. Биз 150 киши Яккасарой туман ИИБсига бориб, “Пулимизни қайтариб бермаяпти”, деган ариза ёзиб бердик. Бугун эрталаб борсак, милицияда “Терговчи чақиргунча кутинглар”, деди. Бу дегани аҳволимиз яна ёмон.

Суҳбатдошга кўра, Яккасарой туман Ички ишлар бўлимининг бундай жавобидан сўнг ишчилар Вазирлик Маҳкамаси биноси олдида норозилик акциясига чиқишга қарор қилган:

- Мустақиллик майдонида 60-70 тача одам турган эдик, бизни Вазирлар Маҳкамасига Фуқаролар билан ишлаш бўлимига чақиришди. Миграция агентлигидан одам чақирди ва бизни автобусларда Миграция идорасига олиб келиб, ариза ёздириб олишaяпти яна. Булар ваъда берди, қайтариб олишга пулларимизни. Эшитишимизча, Шоҳнур Яккасарой ИИБсига келибди. Ҳозиргача ҳеч кимга бир тийин бергани йўқ.

Озодликка гапирган ишчилар¸ ҳар бир одамдан Германияга жўнатиш ваъдаси билан олинган 35 миллион сўм депозитдан ташқари HUMAN агентлиги ходимлари “визага” деб 730 минг сўмдан олгани, Фарғонада бўлиб ўтган ўқув курсларида яна 1 миллион сўм харажат қилишганини маълум қилди.

Айтилишича¸ сешанба куни HUMAN агентлиги эшикларини ёпиб олиб, ҳеч кимни ичкарига киритмаган.

- Ёниб ётибди ҳаммаси – турли вилоятлардан келган болалар пулимизни бермагунча кетмаймиз, деяпти, деди Германияга кета олмаган 197 мардикордан бири.

13 сентябрь куни Озодлик таҳририятига мурожаат қилган бир гуруҳ ўзбекистонликлар HUMAN хусусий бандлик агентлиги ўтган 8 ой давомида Германия ва Чехияга ишга жўнатиш ваъдасидан чиқмагани ва ўзлардан олинган пулларни қайтариб бермаётганидан шикоят қилган эди.

Озодлик мақоласи ортидан агентлик раҳбари Шоҳнур Файзуллаев Youtube порталида “HUMAN хусусий бандлик агентлиги раҳбари сўнгги хабарларга изоҳ берди” мавзусида видеожавоб эълон қилди.

(Якшанба куни HUMAN UZ саҳифасида пайдо бўлган видеоинтервью)

Унда агентлик директор¸ жумладан¸ Озодлик мақоласига тўхталиб:

- Биз Озодлик мухбирларидан масалага чуқурроқ киришишни илтимос қилардик. Мақоладан гўёки мижоз 8 ойдан бери биздан пулини қайтариб ололмаяпти, деган хулоса чиқади. Аслида 8 ой – бу хизмат кўрсатиш муддати!¸ деди жумладан.

Тарқалиб бораётган гап-сўзлар ширкат бренди ва имижига салбий таъсир кўрсатаётганини эътироф қилган Шоҳнур Файзуллаев, “HUMAN агентлиги одамларни алдаб юрибди” ва “директор қаергадир қочиб кетибди” деган иддаоларни қатъиян инкор этди.

Шоҳнур Файзуллаев ўтган ҳафта бошида ариза берган ишчиларнинг ҳаммасига маблағлари қайтариб берилгани, лекин у бу ҳақдаги маълумотларни очиқлай олмаслигини ҳам билдирди.

Махсус мурожаати сўнгида HUMAN агентлиги директори ёлланма ишчилар шикоятлари масаласида Озодликка “ахборот ва расмий тушунтириш” беришни ҳам ваъда қилди.

Аммо на ишчилар, на Озодлик ҳанузгача HUMAN агентлигидан расмий жавоб олганича йўқ.

Озодликнинг 16-17 сентябрь кунлари HUMAN хусусий бандлик агентлиги бош офиси телефон рақамларига қилган қўнғироқлари жавобсиз қолди.

Ташкилотнинг Самарқанд вилоят бўлими вакили Руслан деб таништирган суҳбатдош эса¸ қарзлар масаласида муҳокама бўлганини билдирди:

- Трубкани кўтармаётгани рост бўлиши мумкин, лекин офис ёпиқ эмас, одамлар бор. Кеча бухгалтерия билан гаплашганимда ўтган ҳафта берилган аризаларга шу ҳафтанинг чоршанба кунидан пул берилиши бошланади, деб айтишди.

2018 йил охирларидан бошлаб Тошкентдаги HUMAN хусусий бандлик агентлиги томонидан Германия ва Чехияга деб ёлланган ишчилар жўнатилмай қолгани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

Агентликнинг ишчиларга берган изоҳига кўра¸ Чехия ва Германия иш визаси бермагани ëзлаб ўзбекистонлик билан тузилган шартноманинг амалга ошмай қолганига сабаб бўлган.

2018 йили Ўзбекистон ҳукумати хусусий ширкатларга фуқароларни хорижга ишга жўнатиш ваколатини берди. Ҳозирга қадар Бандлик вазирлигидан бундай иш билан шуғулланиш лизенциясини олган хусусий ширкатлар сони 59 тани ташкил этади.

Улар орасида “HUMAN XUSUSIY BANDLIK AGENTLIGI”га ҳам лицензияланганини кўриш мумкин.

XS
SM
MD
LG