Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:28

Жиззах ҳокими фермерларни режадан ортган ғалласи пулига машина олишга мажбурламоқда


Буғдой ва буғдойзор
Буғдой ва буғдойзор

Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев ғалла топшириш режасини бажарган фермерларнинг ортиб қолган буғдойини давлат нархида сотишга ва уларни Асакада ишлаб чиқарилган автомобилларни кредитга сотиб олишга мажбурламоқда.

Вилоят ҳокимлиги расмийси, "илғор фермерлар"га автомобиль таклиф қилинаётганини айтар экан, машиналарнинг мажбуран сотилаëтганини рад этишга уринди.

Жиззах вилоятининг Зафаробод туманидаги исми сир қолишини сўраган фермерлардан бири 12 июль куни режадан орттирган ғалласининг давлат нархида мажбуран ўриб олинганидан шикоя қилди.

“Мен ўзимга тўқ, мошинларим бор, катта фермерлардан бириман. Агар ҳозир сизга ортиб қолган қанча буғдойимни тортиб олишгани ва менга қанақа машина тиқиштиришганини айтсам, кимлигим билиниб қолади. Хуллас гап бундай, мен пландан ортиқ, масалан, 50 тонна буғдойимни ўриб олишган бўлса, менга мажбуран Жентра машинасини беришади. Ўйлайсизки, мен хурсанд бўлдимми, деб. Йўқ, хафа бўлдим, чунки менга ҳаққи-ҳалол қоладиган ғалламни бозордан тенг ярим баравар нархида сотиб олишади”, дейди зафарободлик фермер.

Бу суҳбатдош¸ вилоят ҳокимини ғалла режасини бажариш мақсадида ҳар хил “ўйин”лар ўйлаб топаëтганликда айблайди.

“Давлат биздан буғдойнинг килосини 750 сўмдан сотиб олаяпти. Агар, мисол учун режадан орттирган 50 тонна буғдойимни давлат сотиб олса бу 37,5 миллион сўм бўлади. Агар бу буғдой ўзимда қолиб, бозор нархи, 1600-1700 сўмдан сотганимда эди, камида 80 миллион сўм бўларди. Кўраяпсизми, мен 42,5 миллион сўм ютқазаяпман. Ҳоким вилоят режасини бажариш учун ана шу “ҳийла”ни ўйлаб топди. Гўё, илғор фермерларни тақдирлагандай бўлиб, аслида бизни шилиб оляпти”, дейди фермер.

Исми сир қолишини сўраган жиззахлик бошқа фермернинг айтишича, режадан ташқари 30 тонна буғдойи бўлган фермерга Спарк, 40 тоннага Равон, 50 тоннага Жентра, 100 тоннага Каптива автомобилини мажбуран сотиб олиш мажбурияти юклатилган.

“Давлат нархида сотиб олинган буғдой билан машина нархининг бир қисми қопланаяпти. Қолганига “Халқ банки”дан кредит расмийлаштирилаяпти. Бу кредит фермернинг буғдой ва пахтаси пулидан ушлаб қолинади экан. Кредит фоизи ҳам бизнинг бўйнимизда қолаяпти. Агар машина олмасанг, қолган буғдойингни ўриб олгани комбайн бермайман¸ деяпти”, дейди фермер.

Зафаробод тумани ҳокими Иброҳим Қаршибоев Озодлик билан 12 июль кунги суҳбатда фермерларнинг режадан ортган буғдойига аралашмаганини айтди.

“Ҳа, ўзлари шартнома қилиб олишаяпти, ҳеч ким уларни мажбурламаган. Бизда қанча фермер машина олганини билмайман, бу ишларга мен аралашганим йўқ”, деди Зафаробод тумани ҳокими Иброҳим Қаршибоев.

Жиззах вилояти ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими вилоят ҳокимининг топшириғи билан Асакадаги “GM O’zbekiston” қўшма корхонасидан фермерларга сотиш учун 300 та автомобиль олиб келинганини тасдиқлади.

Мулозим бу автомобиллар илғор фермерларни тақдирлаш учун келтирилганини айтди.

“Ҳеч қайси фермер ортиқча буғдойингга машина сотиб ол деб, мажбурланмаган. Ҳаммаси шартнома асосида амалга оширилаяпти. Бу фермерларга қулайликку. Масалан, ҳозир машина сотиб олиш учун олдиндан ариза бериш керак, ойлаб навбатда туриш керак, кутиш керак. Бизда эса, илғор фермерлар машинанинг калитини олиб миниб кетаяпти. Ўз ихтиёрлари билан, мажбурлаш йўқ”, деди ҳокимлик мулозими.

Озодлик фермерларнинг режадан орттирган буғдойи тортиб олинаётгани ҳақида илгари ҳам хабар берган.

Самарқанд вилоят, Жомбой туман ҳокими Умиджон Назаров 9 июль куни ўтказган йиғилишида ғалла ўрими отрядлари раҳбарлари ва туман ташкилотлари раҳбарларига 10 тоннадан ғалла топиш ҳақида топшириқ берган эди.

20 июнь куни Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидан Озодликка мурожаат қилган икки нафар фермер, ҳар гектар ердан топшириладиган буғдой центнери ҳокимнинг буйруғи билан 4-5 центнерга сунъий равишда оширилганидан шикоят қилган эди.

Жорий йилнинг 18 июнида Сурхондарёдан Озодликка боғланган фермерларга кўра, ғалла режасини бажармаган фермерлардан топширилмаган буғдойнинг ҳар килоси учун 1200 сўмдан пул талаб қилинган. Фермерлар иддаосича, МИБ бошчилигидаги мутасадди ташкилотлар ходимлари ғалла учун пул беришга қурби етмаган фермерларнинг чорва моллари тортиб олинган.

XS
SM
MD
LG