Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:55

Ўқитувчиларни "шакал", "тварь" деб сўккан Андижон ҳокими иши судга оширилди


Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев
Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев

Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевнинг мажлис қатнашчиларини ҳақорат қилгани юзасидан Андижон вилоят прокуратураси ўтказган текширишда ҳокимнинг жорий йил 16 октябрь куни «коллеж ўқитувчиларини камситгани тасдиқланган»и Озодликка маълум бўлди.

Андижон вилоят прокуратурасининг «Виртуал қабулхонага» келган сўровга 18 декабрь кунги 4492 рақамли жавобида «Раҳматуллаевнинг ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 41- моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик аломатлари борлиги» аниқлангани айтилган.

Озодликда нусҳаси мавжуд бўлган бу ҳужжатда таъкидланишича¸ жорий йил «7 декабрида маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, тўпланган ҳужжатлар Андижон шаҳар маъмурий судига юборилган».

Прокуратура ҳужжати
Прокуратура ҳужжати

​Андижон шаҳaр ҳокимлигида ишлайдиган мулозимнинг 25 декабрь куни Озодликка шаҳар ҳокимининг "тилига эрк бергани" юзасидан суд ҳали бўлмаганини айтди. Мулозимга кўра¸ суд «ҳокимга жарима солиши» кутилмоқда.

«Ҳоким ўз лавозимида қолмоқда»¸ деди мулозим.

Унинг айтишича¸ Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевнинг мажлис пайтида ўқитувчиларни “шакал”, “тварь”, “ҳайвон”, “эшшак” деб ҳақорат қилгани прокуратура ходимлари тарафидан «жиддий ўрганилган»

Дилмурод Раҳматуллаев Андижон шаҳар ҳокими бўлиш билан бир пайтда халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши раиси ҳамдир ва у депутат сифатида дахлсиз шахс ҳисобланади.

Шаҳар ҳокимлиги мулозимига кўра¸ прокурор текшируви давомида ҳокимнинг депутатлик дахлсизлиги халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши тарафидан вақтинча бекор қилинган.

Андижон шаҳар ҳокимлигида ишловчи мулозимнинг айтишича¸ 25 декабрь куни эрталаб шаҳар ҳокими ишда бўлган ва эрталабки мажлисни ўтказган. Мулозимга кўра, "ҳоким эрталабки мажлисни ўта хушмуомала тарзда олиб борган".

Айни пайтда ҳокимият эшигига «аудио-видео ëзиб олувчи ускуналар киритилмаслиги»га доир тақиқ эълони осилган.

Ҳақорат ортидан ҳақорат

Андижон шаҳар ҳокими 43 яшар Дилмурод Раҳматуллаевнинг 16 октябрь кунги мажлисда коллеж ўқитувчиларини “шакал”, “тварь”, “ҳайвон”, “эшшак” деб ҳақорат қилгани ҳақидаги Озодлик хабари ортидан ҳокимнинг навбатдаги сўкинишлари ёзилган яна бир аудиофайл пайдо бўлди. 27 ноябрь куни Озодликка юборилган аудиода 18 ноябрь куни ўтказилган мажлисда ҳокимнинг икки нафар кекса маҳалла фаолини “шакал, кампир, ҳаром” каби сўзлар билан ҳақорат қилгани ëзилган.

Озодлик ўз суриштируви давомида ҳоким томонидан ҳақоратланган аёллар исми-шарифини ва уларнинг маҳалла бошқарувидаги мақомини аниқлади. Озодлик мухбири билан суҳбатда шундай ҳақоратга дуч келганини тасдиқлаган бу кекса аëллардан бири¸ қуда-анда¸ маҳалла-кўй ичидаги обрўсига путур еткизмаслик учун¸ ўз шахси сир қолишини сўради.

"Биласиз¸ ўзбекчилик. Шунақа ҳақорат қипти ҳоким¸ деб гап-сўз бўлиб кетса¸ яхшимас. Оллоҳга солдим"¸ деган эди Озодлик гаплашган ҳақоратланган аëллардан бири.

Йиғилишда бевосита қатнашганлардан бирининг Озодликка айтишича, бу аёллар шаҳарнинг Санъат ва Қўшариқ маҳалла раисларининг маслаҳатчилари бўлган.

Ҳокимларнинг зўравонлиги давом этяпти

Тошкент вилоят, Паркент туман ҳокими Неъматулла Абдуллаев 1 ноябрь куни ўтказган йиғилишда пахта теримига кам одам чиқарган раҳбарларни ҳақорат қилаётгани ёзилган 45 минутлик аудиофайл Озодлик таҳририятига келиб тушган ва ҳоким ташкилот ва корхоналар раҳбарларини, маҳалла оқсоқолларини аямай сўкар экан, 45 минут давомида 126 марта уятли сўз қўллаган эди.

Озодликдан: Агар сизда ҳам ҳоким ва бошқа раҳбарларнинг ўз қўл остидаги ходимларни ёки оддий одамларни ҳақорат қилгани, калтаклагани ҳақида маълумотлар, аудио ва видеолар бўлса бизга юборинг.

Telegram, WhatsApp тармоғидаги рақамларимиз: +420 724 971 539; +420 724 740 755. Электрон почтамиз: ozodlikmail@gmail.com 60 йилдан зиёд вақт мобайнида холис журналистика андазалари асосида фаолият юритаётган Озодлик радиоси, агар истасангиз, шахсингиз сир қолишини кафолатлайди.

XS
SM
MD
LG