Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:46

4 сентябрь куни Швецияда Гулнора Каримовага пора берганлар устидан суд бошланади


2015 йил августида суд ҳукми билан 5 йилга озодликдан маҳрум этилгани айтилган Гулнора Каримова¸ ўғлининг айтишича¸ бунгача МХХ томонидан уй қамоғида сақланган.
2015 йил августида суд ҳукми билан 5 йилга озодликдан маҳрум этилгани айтилган Гулнора Каримова¸ ўғлининг айтишича¸ бунгача МХХ томонидан уй қамоғида сақланган.

Швеция прокуратураси ва суди расмийларининг Озодликка маълум қилишича¸ 4 сентябрь куни Стокҳольм судида Ўзбекистон 1-президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага камида 350 миллион доллар пора берганликда айбланаëтган Telia (аввалги номи TeliaSonera) ширкати собиқ бошқарувчилари устидан маҳкама жараëни бошланади.

Ўзбекистон¸ АҚШ ва қатор Европа прокуратуралари томонидан Ғарб телеком ширкатларидан бир миллиард доллардан кўпроқ пора олганликда айбланган ва айбланаëтган Гулнора Каримова ва унинг бу ишдаги воситачи-ëрдамчилари швед маҳкамасида иштирок этмайди.

Швеция телеком ширкатининг собиқ раҳбарлари судланувчилар курсисида

Озодликка берилган расмий маълумотга кўра¸ маҳкаманинг биринчи уч куни давомида прокурорлар айблов хулосасини ўқиб эшиттиради¸ айбланувчиларнинг адвокатлари қўйилаëтган айбларга ўз жавобини тақдим этади.

Шундан сўнг икки ҳафталик танаффус эълон қилинадиган суд ўз мажлисини 19-21 сентябрда давом эттиради ва судланувчиларни сўроқ қилади.

Судланувчилар курсисида 2003-2007 йилларда Telia ширкатининг молиявий директори ва вице-президенти¸ 2007-2012 йилларда эса, ширкатнинг Еврoосиë фаолияти президенти бўлган Теро Кивисаари¸ 2007-2013 йилларда ширкатнинг бош менежери бўлган Ларс Нюберг ва Евроосиë фаолияти бўйича бош маслаҳатчиси Ули Туималарнинг ўтириши кутилмоқда.

Швеция прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бошқармаси директори Гуннар Стетлер учала судланувчини 2007-2012 йиллар мобайнида Ўзбекистон телекоммуникация бозорига (маҳаллий бренд номи Ucell) кириш ва махсус ҳимояда бўлиш учун Гулнора Каримовага 350 миллион долларга яқин пора берганликда айбламоқда.

Пора олган ўзбекистонликлар судда қатнашмайди

Швеция тарихидаги энг катта коорупцион схемани амалга оширганликда айбланаëтган Telia собиқ бошқарувчиларидан юзлаб миллион доллар пора олган ўзбекистонлик айбланувчиларнинг суд ишида бевосита иштирок этиши кутилмаëтир.

21 август куни Озодлик билан суҳбатда Стетлер¸ Гулнора Каримованинг Швеция телеком ширкатидан пора олган асосий шахс экани деярли исботини топиб бўлгани ва шу боис Каримова ва шерикларининг судда қатнашиши бошланажак суд учун унча муҳим эмаслигини билдирди:

- Швеция қонунчилигида сиртқи суд тушунчаси йўқ. Шунинг учун Ўзбекистонда қамоқда сақланаëтган Каримовани судланувчилар рўйхатига қўша олмаймиз. Мен учун муҳими Telia раҳбарларининг бу иш жиноят эканини билиб туриб¸ Каримовага юзлаб миллион пора берганини судда исботлашдир. Бу эса¸ гувоҳлик кўрсатмалари ва бошқа далиллар асосида 100 фоиз ўз тасдиғини топди. Шу боис на Гулнора Каримова ва на Гаяне Авакян ва Рустам Мадумаровнинг судда қатнашиши прокуратура учун унақа муҳим эмас.

(Акцияларининг 37 фоиздан ошиғи швед ҳукуматига қарашли Telia АҚШ Адлия вазирлиги билан судгача эришилган келишувда Ўзбекистонга кириш учун Гулнора Каримовага 331 миллион доллар пора берганига иқрор бўлди ва 2017 йил сентябрида қарийб 1 миллиард доллар жарима тўлашга рози бўлди - таҳр.)

Оғир иқтисодий жиноятларда айбланаëтган Гулнора Каримова Ўзбекистон Бош прокуратураси тарқатган хабарга кўра¸ 2015 йил беш йилга озодликдан маҳрум этилган¸ унинг коррупцион схемалари ва пул ювишдаги асосий шериклари деб топилган шахсий котибаси Гаяне Авакян ва фуқаровий эри Рустам Мадумаровлар ҳам Ўзбекистонда узоқ йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.

Гуннар Стетлер таъкидича¸ ўзбекистонликлар швед маҳкамасида қатнашган тақдирда ҳам улар “қасамëд остида” кўрсатма бермайди.

Ўзи ва оиласи хавфсизлигига мавжуд хавотирлар боис Россияда яшириниб яшаëтган Беҳзод Аҳмедовнинг (Гулнора Каримованинг телеком бозоридаги асосий маслаҳатчиси¸ МТС-Ўзбекистон ширкатининг собиқ бошқарувчиси) адвокати Валерий Орлов 21 август куни Озодлик билан қисқа суҳбатда ўз мижозининг Швецияда бошланадиган маҳкамада видеоалоқа орқали кўрсатма бериш-бермаслигини очиқлай олмаслигини билдирди.

Гувоҳлик кўрсатмаси берувчи собиқ “шериклар”

Озодликка швед маҳкамаси тақдим этган маълумотга кўра¸ суднинг 25 сентябрь ва 27 ноябрь оралиғида ўтказиладиган мажлисларида гувоҳлар кўрсатмалари тингланади.

Бевосита кўрсатма берувчи гувоҳлар рўйхатида 2007 йили TeliaSonera раҳбариятининг Гулнора Каримова билан мулоқот ўрнатиш жараëнида қатнашган Fintur ширкатининг Қозоғистондаги маслаҳатчиси Талгат Даирбеков¸ Coscom ширкатининг собиқ ижроия директори Abraham Smith¸ музокаралар жараëнида қатнашган TeliaSoneraга қарашли Fintur Holdings ширкатининг ўша пайтдаги бош директори, асли туркиялик Саркан Элден ва адвокат Толга Исменлар номи бор.

Бу рўйхатга Ўзбекистон Бош прокуратурасининг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси раҳбари сифати Шавкат Умрзоқов номи ҳам киритилган. Аммо ҳозирда бу лавозимга тайинланган Улуғбек Анваровнинг швед маҳкамасида видеоалоқа орқали боғланиб¸ Гулнора Каримова ва шерикларига нисбатан Ўзбекистон прокуратураси очган жиноий иш ҳақида маълумот бериши-бермаслиги ҳам ҳозирча маълум эмас.

11-14 декабрь кунлари прокурорлар ва адвокатларнинг сўнгги чиқишлари режалаштирилган Стокҳольм маҳкамасининг 2019 йил январь-февраль ойларида судланувчилар устидан ҳукм чиқариши кутилмоқда.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG