Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:36

Гулнора Каримова Мирзиëевга ëзган хатида озодликка чиқиш учун $686 миллиондан воз кечишга тайëрлигини билдирди


25 февраль куни Ўзбекистон марҳум президентининг қамоқда қолаëтган тўнғич қизи Гулнора Каримованинг президент Шавкат Мирзиëевга ëзган мактуби пайдо бўлди.

Мактуб¸ Каримованинг Лондонда яшаëтган қизи Имон Каримованинг Instagram саҳифасида эълон қилинди.

Имон Каримованинг Instagram сафиҳасида эълон қилинган очиқ мактуб нусхаси.
Имон Каримованинг Instagram сафиҳасида эълон қилинган очиқ мактуб нусхаси.

Имон Каримова профессионал адвокатлар томонидан юрғизилишини билдирган бу саҳифага қўйилган икки ярим бетлик мактуб бошида Гулнора Каримова Шавкат Мирзиëевга “узоқ йиллар давомида шахсан таниган одам” сифатида мурожаат қилаëтганини ëзади.

Каримова мактубида Мирзиëевга ўзининг тинимсиз равишда бир қамоқхонадан иккинчисига кўчирилаëтгани¸ ўз устидан очилган жиноят ишларининг тугамаëтгани¸ бу жараëнларнинг конституция ва қонунларнинг қўпол равишда бузилиши билан бораëтганидан шикоят қилади.

Ҳозирга қадар ўзи ва болаларига тегишли бўлган 1 миллиард 200 миллион долларлик кўчмас мулк ва пуллар мусодара қилингани ҳолда¸ Каримова иддаосича¸ бу бойликлар ўзига қўйилган “етказилган моддий зарарни қоплаш” учун ўтказилмаган.

Оилам ва соғлиғимни сақлаб қолиш учун¸ рисоладагидай шароитда¸ пул маблағларига нисбатан ҳар қандай даъводан воз кечишга тайëрман”¸ деган Гулнора Каримова ўзи ва болалари ихтиëрида қолган бойликнинг Швейцария банкларида музлатилган 686 миллион доллар эканини айтади.

Бу пуллардан воз кечиш учун Каримова “ишни соддалаштирилган тартибда ëпиш” ва омма эътиборидан холи суд қилинишини сўраган.

Шавкат Мирзиëевга қилган мурожаатида Гулнора Каримова¸ ўз тақдирига тўғри ëндашувдан Ўзбекистон давлати манфаат кўриши¸ хусусан¸ катта миқдордаги пулларни мамлакат учун зарур бўлган гуманитар лойиҳаларга сарфлаш имкони туғилишини алоҳида таъкидлайди.

Ўзбекистон президентига ўзи яхши таниган икки фарзанднинг онаси сифатида мурожаат қилаëтганини айтган Гулнора Каримова¸ соғлиғига жиддий путур етгани¸ зудлик билан операцияга муҳтожлиги ва озодликка чиқарилишини сўрайди.

Ҳозиргача қилган мурожаатлари Мирзиëевга етиб бормагани боис унга очиқ мурожаат қилишга мажбур бўлганини айтган Каримова ¸ Ўзбекистон президентига “ўз устози” деб атаган отаси хотирасига ҳурмат кўрсатишни эслатади.

Биз унинг (Ислом Каримовнинг) фарзандлари ва набиралари орадан 7 йил ўтиб¸ яна бирга яшашга ишонамиз ва бунинг учун сиздан миннатдор бўламиз”¸ деб тугатади Гулнора Каримованинг президент Шавкат Мирзиëевга ëзган очиқ мактуби.

Бундан олдин Гулнора Каримованинг Лондонда яшаëтган ўғли Ислом Каримов ҳам Шавкат Мирзиëевга "бобосининг шогирди" сифатида мурожаат қилиб¸ онасини озод этишни сўраган эди.

Зангиота қамоғининг VIP маҳкумаси

Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан қатор оғир жиноятларда айбланган 47 яшар Гулнора Каримова махфий суд ҳукми билан ҳозирда Зангиота колониясида қамоқ жазоси ўтамоқда.

Каримова ва яқинлари иддаосича¸ у ҳозирга қадар камида беш марта суд қилинган.

Жорий йил январида Ўзбекистон Бош прокуратураси "жиноий уюшма таркибида товламачилик, бюджет маблағларини талон-торож қилиш ва чет эл давлатларда жиноий даромадларини легаллаштириш каби жиноятларни содир этган Г.Каримова ва бошқаларга нисбатан бўлган жиноят иши юзасидан олиб борилган тергов ҳаракатлари якунлангани" ҳақида хабар қилган эди.

Каримованинг швейцариялик адвокати Озодлик билан суҳбатда¸ Каримовага жами қанча жазо тайинлангани¸ унга нисбатан Ўзбекистонда яна нечта жиноят иши очилгани ва унинг қачон озодликка чиқиши ҳатто ўзига ҳам маълум эмаслигини айтиб келади.

Гулнора Каримова дунëнинг ўндан ошиқ давлатида очилган жиноят ишларининг бош фигурантидир. Каримованинг қатор Ғарб давлатлари¸ хусусан¸ АҚШ¸ Швейцария¸ Швеция¸ Ҳолландия¸ Франция ва айрим Болтиқбўйи давлатларидаги кўчмас мулклари ва юзлаб миллион долларлари бу жиноят ишлари доирасида музлатиб қўйилган.

Бу мулк ва пулларга Гулнора Каримованинг ўзининг коррупцион схемаларидан азият чекканини айтаëтган қатор давлатлар даъвогарлик қилмоқда.

Мирзиëев ҳукумати уч йилдан бери Гулнора Каримованинг хориждаги пуллари Ўзбекистон халқидан ўғирланган бойликлар эканини айтиб¸ уларни ўзига қайтаришни сўраб келаëтган бўлса-да¸ ҳозирча бу сўровнинг кичик қисмигина қондирилди.

Хусусан¸ 2019 йилнинг 24 июнь куни Швейцария Бош прокуратураси Гулнора Каримованинг Швейцария банкларида музлатиб қўйилган 850 миллион долларлик пулининг 133 миллионини Ўзбекистонга қайтарилишини маълум қилди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG