Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:32

БП: Гулнора Каримова иши бўйича тергов якунланди, иш судга оширилди


Бош прокуратура томонидан жиноий уюшма таркибида товламачилик, бюджет маблағларини талон-торож қилиш ва чет эл давлатларда жиноий даромадларини легаллаштириш каби жиноятларни содир этган Г.Каримова ва бошқаларга нисбатан бўлган жиноят иши юзасидан олиб борилган тергов ҳаракатлари якунланди.

Бу ҳақда Бош прокуратура ўзининг Телеграм-каналида хабар қилди.

Айтилишича, "ҳозирда жиноят иши мазмунан кўриб чиқишлик учун айблов хулоса билан судга юборилган"..

Бош прокуратуранинг Гулнора Каримова иши бўйича бундан олдинги (2019, 6 декабрь) баёнотида бундай дейилган эди:

"Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Адлия вазирлиги АҚШ, Швейцария, Франция, Россия Федерацияси ва Латвия каби хорижий давлатлар билан Г.Каримованинг жиноий йўллар орқали топган ва ушбу давлатларнинг айримларида жиноят ишлари доирасида 1,3 млрд. АҚШ доллардан ортиқ даромадларини қайтариш бўйича ҳамкорлик олиб борилмоқда.

Муқаддам хабар берилганидек, мазкур ҳамкорлик давомида халқаро тузилмалар ва фуқаролардан Г.Каримованинг илгари эълон қилинган ҳукмларда назарда тутилмаган янги жиноятлари тўғрисида хабарлар келиб тушди. Ушбулар янги очилган ҳолатлар бўйича янги жиноят ишини қўзғатиш учун асос бўлди.

Тергов жараёнида аниқланишича, Г.Каримова ўзига яқин шахслардан иборат бўлган бир неча уюшган жиноий гуруҳларни ташкил этган ҳолда жиноий уюшмани бошқариб келган.

Г.Каримова ва унинг жиноий шериклари уюшган жиноий гуруҳлар таркибида содир этган жиноятлар учун суд томонидан тайинланган жазони ўтаб келишмоқда.

Ҳозирги кунда, тергов томонидан Г.Каримова унга республика саноат корхоналарида фаолият юритган ва жуда кўп миқдордаги жиноий даромадлардан улуш бериб келган яна бир уюшган жиноий гуруҳга эга бўлганлиги аниқланди.

Бундан ташқари, Г.Каримова фуқаролар ва турли компаниялар эгаларига босим ўтказиш ва қўрқитиш йўллари орқали уларнинг мулкларини ўзига тегишли бўлган компанияларга расмийлаштириб беришга мажбур қилган.


Мазкур тергов қилинаётган жиноят иши доирасида етказилган зарарнинг миқдори 165 млн. АҚШ доллари ва 85 млрд. сўмдан кўпроқни ташкил қилди.

Г.Каримовага Жиноят кодексининг тегишли моддаларида назарда тутилган товламачилик, талон-торож қилиш, Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш ва жиноий уюшмани ташкил этиш билан боғлиқ жиноятларини содир этганлиги бўйича янги айблов эълон қилинди.


Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яшнобод туман судининг ажрими билан Г.Каримовага нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Жиноят иши тергови жараёнида Г.Каримованинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ўзи ва яқин қариндошлари томонидан жалб қилинган 7 нафар адвокатлар ҳимоя қилмоқда. Шунингдек, адвокатларнинг барча тергов ҳаракатларида иштироки ва у билан ҳеч қандай чекловларсиз ҳоли учрашиш имконияти таъминланган.

Ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари якунланган бўлиб, Г.Каримова жиноят иши ҳужжатлари билан адвокатлар иштирокида танишиб чиқмоқда"
дейилган Бош прокуратуранинг Телеграм-каналида эълон қилинган баёнотда.

XS
SM
MD
LG