Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:54

Каримова адвокати: Сўнгги суд ҳукми томонларнинг муросавий келишувга эришишини янада қийинлаштирди!


Ўзбек расмийларига кўра¸ Гулнора Каримова Зангиотадаги 21-сонли аëллар колониясида сақланмоқда.
Ўзбек расмийларига кўра¸ Гулнора Каримова Зангиотадаги 21-сонли аëллар колониясида сақланмоқда.

Гулнора Каримованинг швейцариялик адвокати Грегуар Манжа (Gregoire Mangeat ) Озодлик билан суҳбатда ўз мижози устидан 18 март куни Тошкентда чиқарилган ҳукмни “Ўзбекистон ҳукумати Гулнора Каримовага нисбатан қўллаëтган ҳатти-ҳаракатларнинг ноқонунийлигини кўрсатувчи навбатдаги мисол” сифатида баҳолади.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Гулнора Каримовани “жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли” деб топди ва 13 йил 4 ойга озодликдан маҳрум этишга қарор қилди.

2015 йилнинг 21 августидан ҳисобланиши айтилган бу ҳукм¸ бундан сўнг ҳам ўзгаришсиз қолдирилса¸ Гулнора Каримова 2028 йилнинг бошида озодликка чиқиши мумкин.

Адвокат суд ҳукмини Озодликдан эшитди

Ўз мижози устидан 18 март куни Тошкентда чиқарилган навбатдаги суд ҳукмини биринчи бўлиб Озодликдан эшитганини эътироф қилган Манжа¸ Каримова устидан ўтказилган маҳкамаларни “масхарабозлик” деб атади.

- Ҳукмдан ҳозиргина хабар топдик. 2015 йил август ойида мижозим (Гулнора Каримова) уйининг ошхонасида ўтказилган масхарабозлик судида биринчи ҳукм ўқилган¸ иккинчи ҳукм вилоят судида ëпиқ эшиклар ортида ўқилган¸ мана энди учинчисини Олий суд эълон қиляпти¸ деди Озодликка 18 март кунги ҳукмга муносабат билдирган швейцариялик адвокат.

2019 йилнинг 12 март куни Британияда чиқадиган The Guardian нашрида эълон қилинган интервьюсида Каримованинг қизи Имон онаси устидан 2015 йил августида ошхонада уюштирилган биринчи “маҳкама мажлиси” ҳақида гапирган эди.

Имон Каримовага кўра¸ судья¸ прокурорлар ва "қўрққанидан аъзойи бадани титрашдан тўхтамаган ҳукумат адвокати" онаси тутқунликда сақланган вилла ошхонасида бир неча соатлик суд мажлиси ўтказиб¸ ҳукм чиқарган.

Каримова устидан маҳкама бўлиб¸ унда ҳукм чиқарилгани ҳақида Ўзбекистон Бош прокуратураси орадан икки йилча ўтиб - 2017 йилнинг 28 июль куни биринчи марта жамоатчиликка маълумот берган эди.

Расмий хабарда Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2015 йил 21 август кунги мажлисида Гулнора Каримовага Жиноят кодексининг 6 та моддаси бўйича айблов эълон қилингани ва суд ҳукми билан унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлангани айтилган эди.

Ўзбекистон ҳукумати ҳозирга қадар биринчи ҳукмнинг Каримова уй қамоғида сақланган вилла ошхонасида ўқилгани ҳақидаги Имон Каримова ва Грегуар Манжа иддаоларини инкор қилган эмас.

Грегуар Манжага кўра¸ Гулнора Каримова устидан олиб борилган тергов ва суд жараëнида адвокатларнинг ўз ишини мустақил амалга оширишига имкон берилмаган.

- Гулнора Каримовага тайинланган ўзбек адвокатлари бирин-кетин ғойиб бўлди¸ сўнгги ҳукм ҳам ëпиқ эшиклар ортида ўқилди. Ўзбекистон ҳукумати бу билан мижозимга қарши кейинги 6 йил давомида қилинаëтган ишларнинг бари ўз табиатига кўра ноқонуний ва қабул қилиб бўлмайдиган эканини очиқ намойиш қилди¸ - деди швейцариялик адвокат.

18 март кунги суд ҳукми бўйича Озодликка берган шарҳида Манжа Ўзбекистон ҳукуматининг Каримова манфаатларини ҳимоя қилаëтган швейцариялик адвокатлар гуруҳи¸ шахсан ўзининг мамлакатга киришини тақиқлаганини эслатиб ўтди.

Манжа таъкидича¸ бундай тақиқ билан ҳукумат ўз ваколатларини суиистеъмол қилиб¸ Гулнора Каримовани рисоладагидай ҳимоя ҳуқуқидан маҳрум қилган.

- Бутун бу жараëнда Ўзбекистон ҳукумати ишга солган зўравонлик томонларнинг муросавий келишувга эришишига қаратилган музокараларга тўғаноқ бўлади ва Швейцарияда бу масалада адолат қарор топишини янада қийинлаштиради¸ деди Грегуар Манжа Озодликка берган баëнотида.

Каримова қораловчилари ва ҳимояси ўртасидаги баëнотлар жанги

Гулнора Каримованинг Швейцариядаги адвокати Грегуар Манжа ва Каримова терговига масъул бўлган Ўзбекистон Бош прокуратураси ўртасидаги ҳуқуқий мунозара анчадан бери давом этиб келмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Швейцарияда ҳам жиноий иш фигуранти бўлиб қолаëтган Гулнора Каримова устидан бораëтган халқаро тергов доирасида Грегуар Манжанинг Тошкентга келиб¸ 2016 йил декабридан 2019 йил июнига қадар Каримова билан бир неча бор бевосита учрашишига рухсат берган.

Бу учрашувлардан сўнг Манжа ўз Twitter саҳифасида мижози устидан бораëтган тергов жараëнининг халқаро стандартларга мос эмаслиги¸ Каримованинг қамоқ шароитлари ëмонлиги¸ жисмоний ва руҳий саломатлиги ëмонлиги¸ қолаверса¸ нафақат Каримова балки у билан Зангиота қамоғида сақланаëтган юзлаб маҳкумаларнинг ҳимоя ҳуқуқидан маҳрумлиги ҳақида ëзиб келди.

Бундай твитлар ортидан 2019 йилнинг 10 декабрь куни Ўзбекистон Бош прокуратураси Грегуар Манжанинг Ўзбекистонга киришини тақиқлади.

Бундай кескин қарорига асос қилиб Бош прокуратура Манжани “ўз мижози билан учрашиш учун яратиб берилган имкониятларни суиистеъмол қилган”лик¸ Ўзбекистон қамоқхоналари ҳақида “бўҳтон” тарқатганлик ва адвокатлик этикасини бузганликда айблади.

11 декабрь куни Озодликка йўллаган ëзма жавобида швейцариялик адвокат бу айбловларни “мутлақ асоссиз” " ва “жамоатчилик эътиборини чалғитиш учун ўйлаб топилган уйдирма” деб баҳолаган эди.

“Оқилона келишув” уринишлари

2012 йил ëзидан бери Гулнора Каримованинг Швейцария банкларидаги 1 миллиард долларга яқин маблағи ва қатор кўчмас мулклари музлатиб қўйилган.

Бу пулларни Ўзбекистонга қайтариш уринишлари Каримованинг отаси тириклигидаëқ бошланган¸ аммо амалий натижа бермаган эди.

Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан кейин Ўзбекистон Бош прокуратураси бу пулларнинг Ўзбекистон ҳудудида жиноий йўл билан топилгани асосида уни қайтариш ҳаракатини кучайтирди¸ Гулнора Каримованинг уюшган жиноий гуруҳ тузиш¸ катта миқдорда пора олиш каби жиноятларда айбланаëтгани¸ унинг устидан бир неча марта маҳкама ўтказилганини эълон қилди.

Бу жараëнлар билан айни пайтда музлатилган пулларни жорий Тошкент ҳукуматига қайтариш масаласида Гулнора Каримова ва Бош прокуратура ўртасида махфий музокаралар бўлгани ҳақида Каримованинг қизи Имон Instagram саҳифасида ëзган эди.

Айни пайтда¸ ўтган чиқишларида Греуар Манжа ҳам бу пулларни Ўзбекистонга қайтариш фақат Гулнора Каримова манфаатлари инобатга олинган тақдирдагина ҳал бўлишини айтиб¸ ҳукуматни музокараларга даъват қилиб келди.

Швейцария ҳукумати Каримованинг музлатилган пулларидан 133 миллионини Ўзбекистонга қайтариш ҳақида қарор чиқарганидан сўнг Манжа қолган пуллар берилишини тўхтатишга муваффақ бўлди.

25 февраль куни президент Шавкат Мирзиëевга ëзган очиқ хатида Гулнора Каримова¸ озодликка чиқарилиш эвазига қолган 686 миллион доллардан Ўзбекистон ҳисобига воз кечишга тайëрлигини билдирди.

Бу мактубдан уч ҳафта ўтиб-ўтмай¸ Олий суд Каримованинг 13 йил 4 ойлик қамоққа ҳукм қилинганини эълон қилди.

Зангиота қамоқхонасида жазо муддати ўтаëтгани айтилган Гулнора Каримованинг Лондонда яшаëтган фарзандлари Имон ва Ислом ҳозирча бу ҳукмга муносабат билдирмади.

XS
SM
MD
LG