Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:30

Автосаноат “прокурорлаштирилди”. Ижобий ўзгаришлар сезилаётгани йўқ


Ўзбекистонда автомобиль ишлаб чиқаришни мувофиқлаштирувчи “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси бошқаруви раислигига Бош прокуратурада ишлаган Шавкат Умурзоқов жорий йил 26 июлида тайинлангани ортидан айни соҳа “прокурор кадрлар билан тўлдирила бошланди”.

Бу ҳақда Озодликка гапирган “Ўзавтосаноат” ва GM Uzbekistanдаги мулозимлар иддаосига кўра¸ айни пайтда ¸ “машинасозликдан бехабар собиқ прокурорлар соҳани фалаж қилмоқда”.

GM Uzbekistan ширкатининг исми сир қолишини истаган мулозимининг Озодликка айтишича¸ машинасозликни бошқариш учун прокуратурада орттирилган билимлар етарли эмас:

- Машинасозлик менежменти бу кучишлатар тизим бошқарувидан тубдан фарқ қилади. Мен бу келган одамларнинг шахсига эмас, иш услубига қаршиман. Улар соҳани умуман билмайди. Британияда ўқиб келган ва машинасозлик соҳасида ўн йилдан ортиқ ишлаган мутахассислар ўрнига 29 август куни Шерамат Обидов ва Баҳодиржон Раҳмоновлар тайинланди. Балки улар прокуратура соҳаси билимдонидир, лекин машинасозлик соҳасини умуман билмаслиги кейинги икки ҳафта ичида маълум бўлди ва иш сифаига салбий таъсир қилди.

Суҳбатдош айтган бу икки мулозим сентябрь ойида GM Uzbekistanнинг маркетинг ҳамда режалаш бўлимларига директор қилиб тайинланган.

“Ўзавтосаноат” АК да ишлайдиган бошқа бир мулозим Озодлик тахририятига олдин Ўзбекистон бош прокуратурасида ишлаб машинасозлик соҳасидаги раҳбар лавозимларга тайинланганлар рўйхатини юборди. Рўйхатда ўндан ортиқ исм-фамилия борки, мулозимнинг иддао қилишича, уларнинг барчаси прокуратуранинг собиқ ходимларидир.

- Билсангиз керак, ҳозирги раҳбаримиз (“Ўзавтосаноат” раҳбари) Шавкат Умрзоқов жорий йил июлига қадар Бош прокуратурада ишлаган. Ундан олдин Тошкент вилоят прокуратурасининг коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш бўлимини бошқарган. У киши ишга келиши билан GM Uzbekistanнинг маркетинг бўлимига ва режалаш бўлимига директор қилиб собиқ прокурорларни тайинлади. Питнак ва Самарқанддаги корхоналарга ҳам собиқ прокурорлар ишга жўнатилди,- деди мулозим.

Унга кўра¸ бу кадр ўзгаришларидан кейин автомобиль саноатидаги вазият ижобий томонга ўзгармаган:

- Бу тайинлашдан кейин соҳадаги вазият яхшилангани йўқ. Йилига 290 мингта машина ишлаб чиқаришга ихтисослашган GM Uzbekistan ширкати бугун - 12 сентябрдаги маълумотга кўра, ярим қувватда ишламоқда. Олти ой ичида бор йўғи 75 минг автомобиль йиғилди. Агар йил бошида ойига 13 мингтадан машина ишлаб чиқарилган бўлса августга келиб, бу кўрсаткич 10 мингга тушди.

Озодлик бу иддаолар юзасидан “Ўзавтосаноат” раҳбариятти билан боғланди. Ўзини "Бошқарув раиси ўринбосари Азизбек Шукуровнинг ëрдамчиси", деб таништирган мулозим “кейинги ойда автомобиль ишлаб чиқариш суръати пасайганлигини тасдиқлади ва муаммо ечими устида янги раҳбарият иш олиб бораëтганини ҳам айтди.

Мулозимга кўра, “Автосаноат тизимидаги чўкиш эски бошқарув тизимидаги хатоликлар оқибатидир”:

- Бу ҳолатга барҳам бериш учун янги раҳбарият машина таннархини 30 фоиз арзонлаштириш устида ишламоқда.

Суҳбатдош Озодлик мухбирининг “нега айни соҳа бўйича АҚШ ва Британияда малака оширган мутахасислар ишдан бўшатилиб, ўрнига собиқ прокурорлар тайинланмоқда?" деган саволини жавобсиз қолдирди.

Бу саволга GM Uzbekistan ширкатининг исми сир қолишини истаган мулозими жавоб берди:

- Ҳамкасбим, GM Uzbekistan ширкатида ўн йилдан кўп ишлаган Алишер Комилов бўшатилиб ўрнига прокуратурадан келган одам тайинланган пайтда бизга буни тушунтиришди. Соҳани биладиганлар эмас¸ садоқатли кадрлар керак дейишди. Мисол қилиб “Ўзавтосаноат” янги раҳбари Шавкат Умрзоқовнинг “Содиқ хизматлари учун” деган медалини олганини айтишди. GM Uzbekistan кадрларига ишончи йўқ дейишди¸ содиқлар фақат прокуратурада ишлар экан.

2 август куни Ўзбекистон президенти фармони билан божона ва солиқ тизими устидан прокурор назорати кучайтирилди.

XS
SM
MD
LG