Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:46

Тадқиқот: Глобал иқлим ўзгариши сабаб қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлиги 21 фоизга қисқарди


«Иқлим ва об-ҳаво билан боғлиқ омиллар қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигига аллақачон катта таъсир кўрсатган".
«Иқлим ва об-ҳаво билан боғлиқ омиллар қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигига аллақачон катта таъсир кўрсатган".

Мэриленд, Корнелл ва Стэнфорд университетлари ҳамкорликда иқлим ўзгаришининг глобал қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлиги ўсишига таъсирини илк маротаба чуқур ўрганиб чиқди. Тадқиқот натижалари Nature Climate Change журналида чоп этилди. Тадқиқот муаллифлари иқлимнинг маҳсулдорлигини ўрганиш учун мукаммал моделларни ишлаб чиққан ва маҳсулдорликни иқлим ўзгариши бор ва йўқ сценарийларда кўриб чиққан.

Тадқиқот натижалари 1961 йилдан бери глобал қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлиги 21 фоизга пасайганини кўрсатган. Тадқиқотчиларнинг сўзларига кўра, бу сўнгги 7 йил ичида эришилган маҳсулдорлик ўсишининг тўлиқ бекор қилинишига тенгдир. Тадқиқот хулосалари шуни кўрсатадики, иқлим ўзгариши глобал қишлоқ хўжалигига тобора кўпроқ таъсир ўтказмоқда. Африка, Лотин Америкаси ва Кариб бассейни каби илиқроқ минтақалар энг кўп зарар кўрмоқда.

Мэриленд университетининг қишлоқ хўжалиги ва ресурслар иқтисодиёти бўйича профессори ва қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини ўрганиб келаётган тадқиқотчи Роберт Чамберс:

«Тадқиқотимиз шуни кўрсатадики, иқлим ва об-ҳаво билан боғлиқ омиллар қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигига аллақачон катта таъсир кўрсатган», - деди.

«Биз ушбу мақоладаги моделдан фойдаланиб, иқлим ўзгариши бўлмаган тақдирда умумий омиллар самарадорлиги кўрсаткичлари қандай бўлишини ҳисоблаб чиқдик».

Умумий омиллар самарадорлиги бу – бирор саноатнинг ўсишини ўлчаш учун ишлатиладиган ҳисобдир. Қишлоқ хўжалиги ўзгача саноат, чунки унумдорликни белгилайдиган барча унсурлар, масалан, об-ҳаво фермернинг бевосита назорати остида эмас.

Чамберс Корнелл университети номидан етакчи муаллифлик қилган Ариель Ортис-Бобеа билан ҳамкорликда об-ҳаво маълумотларини эътиборга олувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини ҳисоблаш моделларини ишлаб чиққан. Бундай моделлар олдин қўлланилган моделлардан анча аниқдир.

«Фермер июнь ойида нима экиш кераклиги тўғрисида иқтисодий қарор қабул қилганида, биз ушбу қарорнинг натижасини 6 ойдан кейингача билмаймиз», - деб тушунтирди Чамберс.

«Шундай экан, кириш [параметрлари] ва чиқиш [параметрлари] ўртасида узилиш мавжуд бўлиб, об-ҳаво каби тасодифий ҳодисалар бунга жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Ҳосилдорлик аслида сизнинг чиқимларингиз билан ҳосилингиз ҳисоби бўлиб, аксарият саноат тармоқларида ўсишни таъминлаш ягона усули бу – янги кириш [параметрларидир]. Қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлиги ҳисоблари бугунга қадар об-ҳаво маълумотларини ўз ичига олмай келаётган эди», - дея сўзини давом эттирди у.

Олимлар ишлаб чиққан янги моделда об-ҳаво маълумотлари муҳим ўрин тутади. Чамберс бундан олдин иқлим ўзгаришининг АҚШда қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигига таъсирини ўрганиб чиққан эди. Янги тадқиқот эса глобал қамровга эга.

Тадқиқот шуни кўрсатдики, 1961 йилдан буён глобал қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигининг ўсиши тахминан 21% га пасайган бўлса-да, иссиқроқ иқлимли минтақаларда жойлашган Африка, Лотин Америкаси ва Кариб бассейни каби ҳудудларда ўсиш суръатлари 26-34% га пасайган. АҚШ эса камроқ зиён кўрган: мамлакатда ўсиш суръатлари тахминан 5-15% га пасайган.

«Баъзилар иқлим ўзгаришини узоқ келажакдаги муаммо, асосан келажак авлодга тегишли муаммо, деб ўйлашади. Аммо бу қараш иқлим аллақачон ўзгартирганини эътиборга олмайди», - деди Ортис-Бобеа.

«Умуман олганда, тадқиқотларимиз шуни кўрсатадики, антропоген иқлим ўзгариши аллақачон қишлоқ хўжалигига таянувчи камбағал мамлакатларга номутаносиб таъсир кўрсатмоқда».

«2050 йилга келиб деярли 10 миллиард одамни боқиш керак бўлади, шундай экан, маҳсулдорлигимиз нафақат барқарор, балки аввалгидан тезроқ ўсиб боришини таъминлаш жиддий ташвиш туғдирмоқда», - дея сўзини якунлади Чамберс.

XS
SM
MD
LG