Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:44

Фрэнсис Фукуяма: Агар Россия уруш туфайли заифлашса, Марказий Осиё кўпроқ мустақил бўлади


Россия президенти Владимир Путин ва Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида. 17 июнь, 2020
Россия президенти Владимир Путин ва Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида. 17 июнь, 2020

Урушдан кейин Россияни нима кутмоқда? Путин режими қулаши мумкинми? Бу Марказий Осиё ва Қозоғистонга қандай таъсир қилади? Озодлик бу ва бошқа саволларни Стэнфорд университети профессори, файласуф, “Тарих интиҳоси ва охирги одам” китоби муаллифи Фрэнсис Фукуямага берди. Фрэнсис Фукуяма Олмаотага “Leadership Academy for Development” (“Ривожланиш учун етакчилик академияси”) дастурига мураббий сифатида келган. Бу Марказий Осиё мамлакатлари тадқиқотчилари учун CAPS Unlock экспертлар маркази томонидан ташкил этилган дастурдир.

"ПУТИН УЧУН ҲАҚИҚИЙ ХАВФ КЎЧАЛАРДА ЭМАС, КУЧ ТУЗИЛМАЛАРИДАДИР"

Озодлик: Сиз Украина уруши бошланганидан бир неча ой ўтиб берган интервьюнгизда Путин бу давлатга бостириб кириб, катта стратегик хатога йўл қўйганини айтган эдингиз. Уруш бир ярим йилдан ортиқ давом этмоқда. Бу хатонинг нархи ошадими?

Фрэнсис Фукуяма: Албатта, ошиб бормоқда. Менимча, Путин махсус ҳарбий операция орқали “Киев режими икки-уч кун ичида қулайди” ва Москвага дўст одамни давлат раҳбари сифатида қўйиш мумкин, деб ўйлаган эди. Аммо орадан бир ярим йилдан кўпроқ вақт ўтди ва Россия армияси ҳақиқатан ҳам даҳшатли йўқотишларга дуч келмоқда. Улар ҳарбий техниканинг катта қисмини йўқотди. Ўйлайманки, уруш муносабати билан Россия армиясидаги жуда чуқур муаммолар, айниқса, руҳият билан боғлиқ муаммолар юзага чиқди. Буларнинг барчаси, менимча, босқин Россия учун Путин тасаввур қилганидан ҳам каттароқ йўқотиш бўлди.

Стэнфорд университети профессори, файласуф, “Тарих интиҳоси ва охирги одам” китоби муаллифи Фрэнсис Фукуяма.
Стэнфорд университети профессори, файласуф, “Тарих интиҳоси ва охирги одам” китоби муаллифи Фрэнсис Фукуяма.

Озодлик: Сиз ҳам Украина ғалабасини башорат қилган эдингиз. Бугун Украинада кўпчилик Ғарб давлатларини қурол етказиб беришни кечиктираётганлигидан ёзғирмоқда. Баъзида ҳатто Ғарбда ҳам эҳтимол Украина тинчликка эришиш учун ҳудудларни бериши керакдир деган гаплар қулоққа чалинади. Украинанинг қарши ҳужуми Россия жуда мустаҳкам мудофаа қурганини кўрсатди. Украинанинг ғалаба қозонишига ишончингиз ўзгарганми?

Фрэнсис Фукуяма: Ҳеч ким келажакни башорат қила олмайди, лекин менимча, Украина ҳали ҳам муваффақиятга эришиш учун яхши имкониятга эга. Улар учун ҳақиқатан ҳам муҳим вазифа Россия ва Қрим ярим ороли ўртасидаги қуруқлик йўлагини узиб ташлашдир. Бу ерда темир йўл линиясини кесиб, кейин Керч бўғози устидаги кўприкни бомбалаш учун узоққа бориш шарт эмас. Бу Россиянинг Қримдаги ўз кучларини таъминлаши учун иккита йўлдир. Менимча, бу вақтда Россиянинг позицияси анча заифлашади. Эҳтимол, ана шунда ўт очишни тўхтатиш ёки можарони бироз юмшатиш ҳақида гапириш мумкин. Аммо Украинанинг қарши ҳужуми муваффақиятсизликка учради ва улар ҳамон боши берк кўчада, дейишга ҳали эрта.

Озодлик: Твитларингиздан бирида сиз Россиянинг қулаши ҳақида гапиргансиз, эҳтимол ҳарбий маънода. Аммо уруш тугаганидан кейин нима бўлади? Россия келажаги учун қандай фаразлар бор?

Фрэнсис Фукуяма: Бу саволга жавоб бериш янада мушкул, чунки биз ички сиёсий динамика қандай кечаётганини билмаймиз. Аммо шуни биламизки, Россия Қуролли Кучларида, хавфсизлик хизматларида жиддий норозилик бор. Биз ҳозиргина [“Вагнер” асосчиси] Евгений Пригожиннинг қандай ўлдирилганини кўрдик. У аллақачон Путинга қарши бир марта давлат тўнтаришига уринди ва, тахмин қилиш мумкинки, у ғалаба қозониб бўлмайдиган урушга йўлланган ва катта йўқотишларга учраган ҳарбийларнинг маълум бир қисми истагини акс эттиради. Менимча, Путин учун ҳақиқий таҳдид кўчада эмас. Бу хавфсизлик кучлари ичидаги кимдирдан келади. Уларнинг норозилиги учун жуда кўп сабаблар бор.

Озодлик: Путин режими қулашига ишонасизми ўзи?

Фрэнсис Фукуяма: Агар шундай бўлиши мумкинми дейилса, ҳа, албатта бу мумкин. Менимча, кўплаб авторитар тузумлар қуламайдигандек кўринади. Кейин, кўпчилик ўйлагандек, уларда бундай қўллов ҳам, бирдамлик йўқлиги аён бўлади. Бунинг эҳтимоли катта. Аммо Путин омон қолиши ҳам мумкин, чунки Россия жуда кўп ресурсларга эга. У жуда ақлли сиёсатчи.

"УКРАИНАНИНГ КУНИ ҚОЗОҒИСТОННИНГ ҲАМ БОШИГА ТУШИШИ МУМКИН"

Озодлик: Путин режими қулади деб ҳисобласак, бу Марказий Осиёга, хусусан Қозоғистонга қандай таъсир қилиши мумкин?

Фрэнсис Фукуяма: Менимча, Россиянинг тўлиқ қулаши эмас, шунчаки ҳар қандай заифлашуви, дейлик, катта ҳарбий муваффақиятсизлиги, Марказий Осиёга, жумладан, Қозоғистонга ҳам ўз сиёсатини белгилашда кўпроқ мустақиллик беради. Бунинг тескарисини тасаввур қилиш керак: у Украинани босиб олди ёки унинг муҳим қисмини эгаллади ва буни нисбатан осонлик билан амалга оширди деб тахмин қилайлик. Бу Марказий Осиё учун жуда ёмон бўларди, чунки Россия Шимолий Қозоғистонга нисбатан ҳудудий даъволарни билдирган. Украина билан содир бўлган воқеа Қозоғистонга нисбатан ҳам содир бўлиши мумкин. Аммо Россия жуда заифлашса, бу таҳдид йўқолади. Ўйлайманки, шунда Марказий Осиё руслар нима деркин, улар қандай муносабатда бўларкин ва ҳоказоларни ўйламай, ўзи қарор қабул қила олади.

Озодлик: Либерализм ҳақидаги таълимотингизда либерал жамиятда барча одамлар ирқи, жинси ва бошқа хусусиятларидан қатъи назар, тенг муносабатда бўлишини айтасиз. Путин, Туркия президенти Эрдўғон ва Венгрия Бош вазири Орбан кабилар миллатчилик қарашларини тарқатиб, демократик институтларга путур етказмоқда, деб даъво қиласиз. Тоқаевга муносабатингиз қандай? Тоқаев ва Қозоғистон режимини қандай тавсифлаган бўлардингиз?

Фрэнсис Фукуяма: Менимча, бу жуда марказлашган авторитар режим. Менимча, ҳокимиятнинг Тоқаевга ўтиши, барибир, биринчи президент даврида мавжуд бўлмаган айрим имкониятларни очади, чунки Назарбоев узоқ вақт давомида ҳокимиятда бўлди ва шунчалик марказлашган ҳокимиятни қурди. Лекин мен очиқроқ Қозоғистоннинг истиқболлари қандай эканини билмайман ва режим шу йўналишда ҳаракат қилади деб умид қиламан, чунки тўлиқ демократия бўлмаса ҳам, менимча, шахсий эркинликлар кўпроқ таъминланган авторитар режим қуриш мумкин.

Ўтган кунги нутқимда (Олмаотада қозоқ ва рус тилларида чоп қилинган “Либерализм ва унинг танқидчилари” китоби тақдимотида. – Таҳр.) 2010 йилги Хитой билан 2023 йилги Хитой ўртасидаги катта фарқ ҳақида гапирган эдим, чунки 2010 йилда оддий хитойларда саёҳат қилиш, гапириш, мустақил фикрлаш учун кўпроқ эркинлик бор эди. Си Цзиньпин даврида бу эркинликлар тортиб олинди. Хитойда ўшанда ҳам, ҳозир ҳам авторитар режим. Аммо мен шахсий эркинлик даражаси кескин чекланди, деб ҳисоблайман. Айнан шу танлов ҳозир Қозоғистонда мавжуд, гарчи у ўта марказлашган режим бўлиб қолса ҳам.

Озодлик: Марказий Осиёдаги эски посткоммунистик автократлар ўрнини янгилари эгалламоқда. Булар қоғоздаги демократик ҳукмдорлар, моҳиятан эса диктаторлардир. Улар иқтисодиётда либерал қадриятларни эълон қилади ва либерал дунё қоидаларини қабул қилишга тайёр эканликларини кўрсатишга уринишади. Кўриниб турибдики, аксарият нодемократик давлатлар омон қолиш учун бу тактикадан фойдаланяпти. Минтақанинг географик жойлашуви ва тарихини ҳисобга олсак, Марказий Осиё қанчалик яшовчан минтақа?

Фрэнсис Фукуяма: Шунинг учун мен геосиёсатни жуда муҳим деб ҳисоблайман. Менимча, сизнинг икки йирик қўшнингиз – Россия ва Хитойнинг автократик давлатлар эканлиги Марказий Осиё имкониятларини кескин чеклайди. Аммо Мўғулистон мисоли бор. Мўғулистон ҳам Россия ва Хитой ўртасида жойлашган. Шунга қарамай, 1991 йилдан буён мамлакатда демократик сайловлар ўтказилмоқда. Давлат ўз фуқароларига катта эркинлик берди. Географик жойлашув давлатнинг ички тузуми қандайлигини муқаррар белгилайди, деб ўйламайман. Россия ва Хитойнинг кучи заифлашса, бу Марказий Осиё мамлакатларига кўпроқ ҳаракат эркинлигини беради.

Кремль чангалидаги ўзбек гази
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 1:19:16 0:00

“АҲОЛИНИНГ ТАЪЛИМ ДАРАЖАСИ ЖУДА ПАСТ БЎЛСА, УЛАРНИ ДИКТАТУРА ОРҚАЛИ БОШҚАРИШ ОСОН”

Озодлик: Мўғулистонни мисол келтирганингиз қизиқ. Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин 15 республика турли сиёсий тизимларни қабул қилди. Марказий Осиёни эса Болтиқбўйи давлатлари ёки мукаммал демократия бўлмаса ҳам, жамияти эркин бўлган Украинага ҳам қиёслаб бўлмайди. Нима учун Қозоғистон ва Марказий Осиёнинг бошқа республикалари бундай эркинлик ва демократияни ярата олмади, деб ўйлайсиз?

Фрэнсис Фукуяма: Бу мураккаб масала. Болтиқбўйи мамлакатларида ва ҳатто Украинада тарихий мерос мавжуд. 20-асрда улар маълум муддатларда мустақил бўлган ва кўпроқ ҳаракат эркинлигига эга бўлган. Улар Европа билан кўпроқ боғланган. Шунинг учун улар Европадаги демократик мамлакатлар мисолларини яхшироқ билишади. Марказий Осиё эса анча олисда. Менимча, ривожланиш даражаси ҳам катта аҳамиятга эга. Агар аҳолининг таълим даражаси жуда паст бўлса, уларни диктатура назоратида бўлиши осонроқ, агар мамлакатда ўрта синф катта бўлса, одамлар чет элга кетаётган бўлса, уларда турли ғоялар бўлади, бу эса очиқроқ жамиятга талабни оширади.

Менимча, ҳозир Қозоғистонда шундай бўляпти. Марказий Осиёдан ташқарида ўқиш учун хорижга кетган талабалар сони ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли. Вақт ўтиши билан бу вазиятни ўзгартиришига ишонаман. Бу охирги авлодда содир бўлган ижтимоий ўзгаришдир. Менимча, шунинг учун келажак авлодлар ҳозирги ёки кекса авлодлардан катта фарқ қилиши мумкин.

Озодлик: Қозоғистон Марказий Осиёнинг энг йирик иқтисодиёти ва энг илғор давлати саналади. Бироқ, таҳлилчилар кўпинча тартибсизликлар ва норозиликларни келтириб чиқарадиган улкан иқтисодий тенгсизлик борлигини таъкидлашади. Энг сўнгги мисол – 2022 йилги қонли январь. Бу йўл Учинчи дунё давлати учун хосми ёки Қозоғистон ёки Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига хос бўлган бошқа қонуният борми?

Фрэнсис Фукуяма: Менимча, Қозоғистон ягона эмас. Барча давлатларда бундай ижтимоий кескинлик келиб чиқиши мумкин. Авторитар давлатнинг муаммоси шундаки, унда жавобгарлик механизми йўқ. Агар сиёсат очиқ бўлмаса, одамлар учун ягона йўл – норозилик билдириш учун кўчага чиқишдир. Демократик мамлакатларда эса одамлар сиёсатчиларни лавозимидан четлаштириш ва раҳбариятни ўзгартириш учун овоз бериши мумкин. Бунинг тинч йўллари бор. Бу демократик жавобгарлик тизими афзалликларидан биридир. Ўйлайманки, агар ҳокимиятни тинч йўл билан алмаштириш механизмлари бўлмаса, ижтимоий норозилик тўпланиб боради. Бу бир мунча вақт бостириб турилиши мумкин, лекин барибир у яна кўтарилаверади.

Озодлик: Қозоғистон ҳукумати хориждан ноқонуний сотиб олинган активлар қайтарилишини эълон қилди. Аксарият экспертлар ва таҳлилчилар бунга шубҳа қилади. Сиёсий режимнинг нодемократиклигини ҳисобга олсак, бу қанчалик муваффақиятли бўлишини ҳеч ким билмайди. Қозоғистон каби давлатлар учун миллий бойликларни адолатли тақсимлашда ҳукумат масъулиятини ошириш бўйича бирор универсал тавсиялар борми?

Фрэнсис Фукуяма: Узоқ муддатли истиқболда муаммонинг ечими тўлақонли демократик институтларни яратишдадир. Аммо геосиёсий вазиятни ҳисобга олсак, менимча, бу яқин келажакда содир бўлиши даргумон. Бироқ, сизда демократикроқ тизимнинг баъзи таркибий унсурлари бўлиши мумкинлигига ишонаман. Ҳукумат нима билан шуғулланаётгани, пулни қаерга сарфлаётгани, қандай топаётгани ҳақида кўпроқ шаффоф бўлиши мумкин. Буларнинг барчаси яширин тутиш ёки очиқ эълон қилиш мумкин. Ҳукумат нотўғри иш қилмаса, шаффофлик йўлида ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Ўйлайманки, қисқа муддатда фуқаролик жамияти талаблардан бири бу ҳукуматнинг шаффофлигини ошириш, агар у активларни қайтариб бераётганини айтса, улар қандай активлар, қаерда эканлигини била олишингиз керак. Бу муаммоларнинг барчасини қисқа муддатда ҳал қилиш мумкин.

"СОВЕТ ИТТИФОҚИ ДАВРИДА РУС МАДАНИЯТИНИ ҲУКМРОН ҚИЛИШГА УРИНИШ БЎЛГАН"

Озодлик: Украинадаги уруш деколонизация жараёнини кўпроқ “қозоқлаштириш” сари тезлаштирди, русларга қарши, мустамлакачиликка қарши кайфият уйғотди. Бу борада қозоқ жамиятига нима тавсия бера оласиз? Биз нима қилишимиз керак ва сизнинг кузатувларингиз қандай?

Фрэнсис Фукуяма: Қозоғистон ҳақида сизга қимматли маслаҳат бериш учун етарли маълумотим йўқ. Либерализмни яхши ва муҳим таълимот деб ўйлашнинг сабабларидан бири шундаки, у турли одамларнинг ҳамжиҳат яшашига имкон беради. Менимча, ҳозирда либерализм учун таҳдидлардан бири бу миллий идентликка ирқ ёки этносни асос қилиб олишдир, бу баъзи одамларни ота-онаси ким бўлганига қараб ажратади. Шундай экан, менимча, Қозоғистондек жойда маълум даражада либерал сиёсат керак, чунки бу ерда этник гуруҳлар, тиллар, миллий келиб чиқишлар аралашган. Қозоғистон ҳудудида яшовчи ҳар бир кишини қамраб оладиган ва муайян гуруҳнинг ҳукмронлигига йўл қўймайдиган шундай миллий идентликни шакллантириш муҳимдир. Собиқ Иттифоқ даврида ҳамма нарсани руслаштиришга, ҳаммани рус тилида гапиришга мажбурлашга, рус маданиятини қайсидир маънода ҳукмрон қилишга уриниш бўлган ва бу нотўғри эди. Мен одамларга ҳақиқатан ҳам керак бўлган нарса – бу бошқалар қўйган чекловларсиз ўз маданий муҳитида яшаш эркинлиги, деб ҳисоблайман.

Бирламчи капитал ва иккиламчи санкциялар. Россия бизнеси Ўзбекистонда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:20:57 0:00

Озодлик: Сизнингча, Қозоғистонда очиқроқ жамиятни шакллантириш йўлида булардан ва, эҳтимол, бизнинг атрофимиздаги глобал ўйинчилардан ташқари бошқа тўсиқлар ҳам борми?

Фрэнсис Фукуяма: Тўсиқлар кўп. Улардан бири қазилма ресурсларга қарамликдир. Мамлакатнинг иқтисодий фаровонлигига келсак, менимча, фойдали қазилмалар кўп бўлган мамлакатларда “нефть тавқилаънати” бор – улар уларга ҳаддан ташқари қарам бўлиб қоладилар. Биз қазиб олинадиган ёқилғидан воз кечишимиз керак бўлган дунё томон кетаётганимиз аниқ. Иқтисодиёт газ ва нефть экспортига қурилган бўлса, бу хавфли. Бу нафақат Қозоғистон, балки минтақангиздаги кўплаб давлатлар учун ҳам муаммо.

Бу ҳудудга келганимда, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида савдо айирбошлаш қанчалик ёмон ривожлангани мени ҳайратга солди. Агар бу минтақа давлатлари чегара назоратини ўрнатмай, иқтисодий миллатчилик сиёсатини олиб бормай, ягона бозорга бирлашганида эди, улар анча катта бозорларга эга бўлиб, гуллаб-яшнаши мумкин эди. Буни, эҳтимол, вақти келиб мамлакатлар раҳбарлари амалга оширар.

Форум

XS
SM
MD
LG