Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:29

Путин билан бир сафда. Мирзиёев ва бошқа раҳбарлар ғалаба парадига нима учун борди?


Президентлар Владимир Путин, Қасим-Жомарт Тоқаев ва Шавкат Мирзиёев Москвадаги Ғалаба парадида. 9 май, 2023 йил
Президентлар Владимир Путин, Қасим-Жомарт Тоқаев ва Шавкат Мирзиёев Москвадаги Ғалаба парадида. 9 май, 2023 йил

Май ойи бошларида Россияда Ғалаба куни шарафига ўтказилажак ҳарбий парадда иштирокини тасдиқлаган Марказий осиёлик ягона раҳбар Қирғизистон президенти Садир Жапаров эди. Кремлга дронлар ҳужумидан сўнг эса ҳатто унинг келиши ҳам сўроқ остида қолганди.

Бироқ 9 майдан бир кун олдин минтақадаги беш давлат лидерларининг барчаси Москвада жам бўлишиб, ўтган йиллардагига нисбатан жуда камтарона ташкил қилинган парадда Путиннинг ёнида туришди. Бу Марказий Осиёнинг сўнгги 15 ойда халқаро майдонда яккаланиб қолган Россияга тиргак бўлаётганини яна бир бор кўрсатди.

Беш раҳбар, Беларус президенти Александр Лукашенко ҳамда Арманистон бош вазири Никол Пашинян билан бирга Путиннинг “Ғарб глобалчи элиталари нафрат, русофобия ва агрессив миллатчилик уруғини сочаётгани” ва “оилавий қадриятлар, анъаналар”ни яксон қилаётгани ҳақидаги нутқини эшитишди. Россия президенти бошқа мамлакатлар лидерларининг парадда қатнашиш учун Москвага келганини “жуда муҳим”лигини таъкидлади.

Украинага босқин: 440-кун | Украина Мирзиёевнинг парадга борганини қоралади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:10 0:00

Литвадаги Шарқий Европа тадқиқотлари таҳлил маркази ходими Дионис Ценус “Твиттер”да “Марказий Осиёдаги ҳар бир давлат лидерининг Кремль билан ўз иш алоқалари бор – бу уларни стратегик ҳамкорликнинг алоҳида платформаларини қуришга уринаётган Ғарб назарида обрўсизланишдан кўра кўпроқ ташвишга солади”, деб ёзди.

Кремль қўлида минтақанинг барча мамлакатларига таъсир ўтказиш ричаглари борлигини ёдда тутган ҳолда беш раҳбарнинг ҳар бирини обрўсига путур етишини ўйламасдан, ўта сиёсийлаштирилган ушбу тадбирга боришга қанақа шахсий сабаблар мажбур этгани хусусида мулоҳаза қиламиз.

Ўзбекистон: Референдумдан сўнг ва сайлов арафасида

Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев 2037 йилгача иқтидорда қолишига имкон берувчи муддатидан илгариги президент сайлови ўтказилишини эълон қилибоқ Москвага йўл олди. Бир ҳафта олдин эса мамлакатда Конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича референдум бўлиб ўтди. Экспертлар Бош қонунга киритилган ўзгартишларни президентнинг мамлакат устидан назоратни кучайтириши, дея баҳолашмоқда.

Мирзиёев кўнглини тўқ қилаверса бўлади: 9 июлда ўтажак сайловда ҳеч ким унга жиддий рақиб бўла олмайди, чунки Ўзбекистонда рақобатга асосланган сайлов анъаналари йўқ.

Бироқ у ҳануз онгли равишда Москвадан янада кўпроқ дастак олишга интиляпти, устига-устак яқинда мухтор Қорақалпоғистон Республикасида юз берган қонли воқеалар, сурункали энергия тақчиллиги ва доимий инфляция режимни хийла ҳоритди.

Жорий йилнинг мартида Мирзиёев Россия билан Ўзбекистон “энг оғир пайтларда” бирга бўлганини ва бўлажагини айтиб, батамом Москвага хайрихоҳлигини билдирган эди.

Ўтган йилнинг октябрида у Путинни Ўзбекистоннинг олий мукофоти – Дўстлик ордени билан тақдирлаган.

Айни пайтда икки мамлакат алоқаларининг мустаҳкамланиши Ўзбекистонни Москва измидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)га қайтишга ёки Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)га аъзо бўлишга ҳозирча ишонтира олмаяпти.

Шунингдек, қалин алоқаларга қарамай, Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг нариги тўрт мамлакати Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Россия босқинчилиги қораланган турли резолюцияларига овоз беришда ё қатнашмаяпти ё бетараф қолмоқда.

Қозоғистон: Қалтис қадамлар

Қозоғистон уруш бошидаёқ Украинанинг ҳудудий яхлитлиги тарафдори эканини билдириб, Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларга қиёсан ўз позициясини аниқроқ баён қилди. Шу билан бирга, гарчи самарасиз деб ҳисобласа-да, Москвага қарши қўлланган санкцияларга риоя қилишга ваъда берди.

Шунга қарамай, Остона Украинага босқин бошланган ўтган йилнинг февралидан буён бирон баёнотида Москвани тўғридан-тўғри танқид қилган эмас; ҳатто россиялик экспертлар ва сиёсатчилар “Украинани бир ёқли қилгандан кейин Қозоғистонни денацификация қилиш керак” дея таҳдид қилган пайтларда ҳам нисбий босиқликни сақлаб келмоқда.

Сиёсатшунос Димаш Алжанов фикрича, президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг 9 май парадига бориши “Қозоғистоннинг мустақиллиги ва мавзун ташқи сиёсат олиб бориши ҳақидаги барча гап-сўзлар реал воқеликка урилиб чил-парчин бўлганини кўрсатади”.

“Марказий Осиё мамлакатлари ўз иқтисодий ва сиёсий мустақиллиги негизларини ярата олмагани боис Кремлга қарши бирон иш қилишга қодир эмас”, дейди у Озодлик билан суҳбатда.

Апрелда Қозоғистон Қўшма Штатлар, Буюк Британия ва ЕИ томонидан Россияга қарши жорий этилган санкцияларга амал қилиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш учун ғарблик бир неча мулозимни қабул қилди. Мазкур учрашув Москва яқин савдо ҳамкорларини санкцияларни четлаб ўтишда қўллаётганига доир хавотирлар манзарасида кечди.

Кун сайин реаллашаётган иккиламчи санкциялардан Марказий Осиёда энг кўп талафот кўрадиган Қозоғистон бўлса эҳтимол, лекин у Россиядан бундан кўпроқ зиён кўриши мумкин.

Кабаева Тошкентда: Саида Мирзиёева "Путин маъшуқаси"га мезбонлик қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:00 0:00

Ўтган йили Россия Қора денгиз бўйидаги Новороссийск портини қозоқ нефти учун бир неча маротаба ёпиб қўйиш билан шунга яққол ишоралар берди.

Ғарбга экспорт қилинадиган қозоқ нефтининг каттагина қисми Россия ҳудуди орқали Новороссийскка йўналган қувур орқали жўнатилади ва, гарчи Қозоғистон мулозимлари очиқ айтмаган бўлсалар-да, Москва мазкур объектдан Қозоғистонни санкциялар манзарасида Россияни кўпроқ дастаклашга мажбурлашда фойдаланаётгани жиддий хавотир уйғотди.

Қирғизистон ва Тожикистон: Қашшоқ рақибларни Кремлга боғлаган можаро

Қирғизистон ва Тожикистон минтақадаги энг қашшоқ ва Россияга энг қарам мамлакатлардир.

Ўтган йили Украинада уруш бўлаётганига қарамай, Тожикистон билан Қирғизистонга Россияда ишлайдиган юз минглаб фуқароларидан келадиган пул ўтказмалари ҳажми ошиб, иқтисодиётни бир нави оёқда тутиб туришга ёрдам берди.

Россия уларни ўз измида ушлашда мигрантлардан ҳамиша фойдаланиб келган бўлса-да, Садир Жапаров билан Имомали Раҳмон ғалаба парадига иккиланмай бориши сабаби кўпроқ – икки мамлакат ўртасидаги чегара можаросига бориб тақалади.

2021 йили коронавирус пандемияси авжига чиққан кезлар Раҳмон парадда қатнашиш учун Москвага борган ягона хорижий лидер бўлган эди.

Бир ҳафтагина олдин чегарада галдаги тўқнашув юз бериб, ўнлаб инсон ҳалок бўлгани боис Қирғизистонда кўпчилик мазкур ташрифни жуда салбий қабул қилиб, уни Россиянинг орқаваротдан Тожикистонга дастак бериши деб тушунди.

Кремл воизи Дмитрий Песковнинг “Тожикистон президенти ташрифи чегарадаги сўнгги тўқнашувдан олдинроқ режаланган эди”, деган гапига ҳеч ким ишонмади.

Ўтган йили Қирғизистон илтимосига биноан Путин ушбу можарода воситачилик вазифасини зиммасига олди. Бинобарин, икки мамлакат ҳам Москва билан илиқ алоқаларни сақлаш кераклигини ёдидан чиқармайди.

Боз устига, Москва, агар истаса, “бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил” қоидаси бўйича ҳар турли ўйин қилиш имконига эга. Параддан олдин бўлган норасмий нонушта фотосуратларида Жапаров кўринмайди: айтишларича, Раҳмон билан бир дастурхон атрофида ўтиргиси келмаган эмиш.

Туркманистон: Россия пропагандаси трендлари

Туркманистон президенти Сардор Бердимуҳамедовнинг парадга бориши сўнгги йилларда рус-туркман алоқалари илиқлашганини кузатган ҳеч кимни ажаблантирмайди.

Туркманистон Хитойга газ сотиш орқасида кун кўради, бу тобелик мамлакатни ўнғайсиз аҳволга солиб қўйган эди. “Газпром” энергетика гигантининг яна туркман газ бозорига кириш қарори Хитойга қарамликни бирмунча камайтириш чорасини излаётган Ашхободга мойдек ёқиб тушди.

Ўз қобиғига ўралиб олган ушбу авторитар мамлакатга Ғарбнинг таъсири жуда бўш.

Ўтган йили Озодлик мухбирлари туркман махсус хизматлари ёшлар билан мулоқотларда Ғарбга Украинага қарши фаол тарғибот олиб бораётгани, Ғарб ОАВларини “бузғунчилик”да айблаётгани ҳақида хабар беришганди.

Маҳаллий медиамаконда давлат пропагандаси мутлақ хўжайинлигини, Украина мавзуси ва бошқа халқаро можаролар деярли тилга олинмаслигини ҳисобга олганда бунақа тарғибот кўплаб ёшларни чалғитиши мумкин.

Форум

XS
SM
MD
LG