Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:40

Лойиҳа: Исловатхонада ушланган эркак суд қилинади; таносилга чалинганми-йўқми текширилади (ВИДЕО)


Лойиҳа: Исловатхонада ушланган эркак суд қилинади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:45 0:00

Адлия вазирлиги бундан кейин фоҳишалик билан шуғулланганлар қатори¸ улар хизматидан фойдаланганларга ҳам чора кўриш ташаббуси билан чиқди. Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар жамоатчилик муҳокамасига қўйиладиган regulation.gov.uz сайтида Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиш ва тўлдириш киритишга оид қонун лойиҳаси тақдим этилди.

Кодексда янгилик

Жорий йил, 1 майдан кучга кириши режалаштирилган қонун лойиҳасида, жумладан¸ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг “Фоҳишалик билан шуғулланиш” деб номланган 190-моддасига янги банд қўшиш таклиф этилган.

Кодексга қўшиладиган 1901 модда “ Фоҳишахоналарга бориш” деб аталади. Унга кўра¸ “Жинсий эҳтиëжини қондириш мақсадида фоҳишахоналарга бориш энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида (шу кунда 172 240 сўм – таҳр.) жаримага тортишга асос бўлади.”

Айни пайтда¸ кодекснинг “Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор”, деб номланган 309-моддасига фоҳишахона мижозларига нисбатан яна бир чора қўллаш таклиф этилган.

Унга кўра¸ маъмурий судлар томонидан тиббий характердаги чораларни қўллаш ҳақида қарор чиқарилганда¸ фоҳишалар хизматидан фойдаланганларни тери-таносил касалликлари мавжудлигини аниқлаш учун мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш ва бундай касаллик аниқланган тақдирда ихтисослашган тиббиёт муассасаларда мажбурий стационар даволаш масаласини ҳам бирваракайига ҳал қилишга рухсат берилади.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига кўра¸ "Фоҳишалик билан шуғулланиш —энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, —энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади."

Шу пайтгача фақат аëллар жазоланган бўлса¸ энди улар мижози ҳам “қуруқ қолмайди”

Жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган қонун лойиҳаси муаллифи Ўзбекистон Адлия вазирлиги ҳузуридаги Жиноий, маъмурий ва ижтимоий қонунчилик бошқармаси мутахассисларидир. Мазкур лойиҳа муаллифларидан бири Озодлик билан суҳбатда¸ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тўлдириш киритишдан асосий мақсад фоҳишалар ва улар мижозларини жазолашдан кўра¸ таносил касалликлари тарқалишининг олдини олиш эканини айтди.

“Шиддат билан кўпайиб бораëтган таносил касалликлари юқишининг асосий объекти фоҳишалар билан алоқа бўлиб турибди. Фошиҳабозлик билан курашни кучайтириш кўриб чиқилаяпти. Таносил касалликларининг биринчи манбаси фоҳишалар бўлса¸ иккинчиси¸ уларнинг мижозлардир. Бир марта бу касални юқтирган одам¸ систематик равишда фоҳишахоналарга бориб¸ бошқаларга ҳам юқтириб юрибди. Бу таклифдан асосий мақсад¸ ана шу венерик касалликлар тарқалиши олдини олиш механизмини яратишдир¸” деди Озодлик билан суҳбатда ўз исми очиқланиши истамаган Адлия вазирлиги мутахассиси.

“Швеция модели олинди”

Қонун лойиҳаси муаллифларидан бири фоҳишабозликка қарши курашни кўзда тутувчи Ўзбекистон қонунчилигига тўлдириш киритиш жараëнида бошқа давлатлар тажрибаси кўриб чиқилгани ва Швеция қонунчилигидан намуна олишга тўхталганини айтади.

“Билсангиз¸ 1999 йили Швеция дунëда биринчи бўлиб¸ ўз танасини сотган фоҳишалар эмас¸ балки улар танасини сотиб олганларга жазо белгилади. Кўп ўтмай¸ Норвегия¸ Исландия¸Канада¸ Франция ва Ирландия каби давлатлар Швециядан ўрнак олиб¸ айни концепцияни қабул қилди. Бу ҳали таклиф¸ Қонунчилик палатаси ва Сенатдан ўтадими-йўқми¸ буни ҳозирча аниқ айтиш ҳам қийин. Лекин биз бу тўлдиришни муаммо ечимини топиш йўлидаги прогресс¸ деб биламиз”¸ деди 18 мартдан 2 апрелга қадар жамоатчилик очиқ муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳаси муаллифларидан бири.

Швеция қонунчилигига кўра¸ исловатхоналар нолегал ҳисобланади¸ шахснинг ўз танасини сотиши эмас¸ бошқаларнинг уни сотиб олиши жарима ёки олти ойгача қамоқ билан жазоланади.

Лойиҳа қонунга айланса¸ фоҳишахоналар мижози озаядими?

Адлия вазирлиги мутахассиси¸ бу таклиф қабул қилинган тақдирда¸ ўзбек жамияти ўзига хослигидан келиб чиқилса¸ самара беришига ишонишини айтади.

“Ўзбекистонда маҳалла-кўй¸ иш ва билим юртларидаги имиж масаласи муҳим. Фалончи фоҳишага боргани учун судланипти¸ кождиспансерда ëтиб чиқипти¸ дейиш ҳам эркакнинг ўзи¸ ҳам унинг оиласи учун иснод саналади. Фоҳишахонада ушланиб¸ суд қилинганидан кейин уйланмаган ëш йигитлар обрўси тўкилади¸ уйланганларнинг уйи бузилади. Биз бу лойиҳа қабул қилинса¸ ҳам профилактика¸ ҳам пресечение нуқтаи назаридан самара беради¸ деб ўйлаймиз”¸ деди қонун лойиҳаси ташаббусчиларидан бири.

Ўзини Тошкент исловатхоналарининг кунда-шундаси деб таништирган 22 яшар талаба йигит¸ Озодлик билан “дангал ва очиқ” суҳбатда¸ бундай чоранинг анъанавий оилада ўсган йигитларни фоҳишахонага боришдан тийиш эҳтимолини инкор қилмади.

“Бундай йигитлар¸ албатта¸ маҳалласида¸ жамоасида шарманда бўлишдан қўрқади. Суд залида¸ бошқаларнинг олдида фоҳишахонага борганда ушланди¸ деб жазога тортиш¸ диспансерга мажбуран ëтқизиш¸ улар учун қўрқинчли ва бундайлар фоҳишага бормай қўйиши мумкин. Лекин мен қўрқмайман. Тошкентдаги ҳамма исловатхоналарнинг кришаси бор ва улар ë мелисалар¸ ë снбчилар. Уларда исловатхоналарнинг иккинчи калити бор¸ неча марта бостириб кириб¸ жазо билан қўрқитган. Қўлига 100-200 минг сўм берсангиз¸ ҳеч қаерга олиб ҳам кетмайди¸ протокол ҳам қилмайди. Бу нарса бундан кейин ҳам ўзгармайди”¸ дейди Тошкент фоҳишаларининг доимий мижозларидан бири.

Фоҳишалар ва улар мижози - венерик касалликлар ўчоғи

Фоҳишалар баробарида¸ улар мижозларини ҳам жазога тортиш ва уларни мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш ҳақидаги қонун лойиҳаси муаллифи айтган бу гапни¸ Озодлик гаплашган фоҳишалар ҳам¸ улар мижозлари ҳам тасдиқлади.

«Деярли ҳаммамиз касал орттирганмиз. Уят бўлса ҳам айтаман¸ ўзимиздан келадиган сассиқ ҳидга ўзимиз чидолмаймиз. Мижозларнинг 90 фоизи презерватив ишлатишни истамайди»¸- деди Озодлик билан суҳбатда ўзбекистонлик фоҳиша аëл.

Фоҳишаларнинг доимий мижози бўлган тошкентлик йигит ҳам¸ бу гапни тасдиқлайди.

«Фоҳишаларнинг 95 фоизи¸ мижоз сўраса¸ презервативсиз сексга рози бўлади. Мен бунақа қизларни интернетдан топаман. Улар ëзиб қўяди¸ презерватив билан бунча¸ презервативсиз бунча¸ деб. Булар қиммат фоҳишалар. Қатортолдаги 100 минг сўмлик фоҳишалар¸ эркакларнинг ўзи олиб бормаса¸ сўрамайди ҳам. Ҳар сафар¸ буларнинг венерический касал юқтиришдан қўрқмаганига ҳайрон қоламан. Балки¸ юқтирмаган касали қолмагани учун¸ уларга барибир бўлиб қолгандир. Лекин эркакларга қойилмасман. Эртага бориб¸ ўз аëлига ҳар хил касал юқтиришини ë билмайди¸ билса ҳам¸ уларга барибир»¸ -деди Тошкент фоҳишаларининг мунтазам мижозларидан бири.

«Тери-таносил касалликлари кўпайган»

Озодлик Соғлиқни сақлаш вазирлигидан жинсий алоқа орқали юқадиган тери-таносил касалликлар статистикасига оид тенденцияга оид маълумотларни ҳозирча ола олмади. Аммо Тошкент шаҳридаги бир неча тери-таносил касалликлари диспансерлари ходимлари¸ бундайлар сонининг¸ ўз кузатишларига кўра¸ кўпайиб бораëтганини билдирди.

«Асосан¸ фоҳишаликда ушланган қизларни олиб келишади. Қон топширганидан кейин 5 кун ичида жавоби чиқади. Сифилис кўпайгани рост. Эркаклар чиқиш визасига ҳужжат учун СПИДга қон топширади. Бу ҳақдаги статистика вазирликда бўлса керак»¸ - деди Тошкентдаги тери-таносил диспансери қабулхонаси ходимаси.

XS
SM
MD
LG