Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:48

OzodDayjest: Фоҳишани кўнгил овлашга мажбурлаган мелиса судланди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Фоҳиша қизни қўрқитиб, кўнгил овлашга мажбурлаган ИИБ ходими маҳкамага тортилди. Қўшиқчи Озодбек Назарбеков миллий мақом йўналиши эътиборга муҳтожлигини урғулади. 2 миллиард мухлис кўрган машҳур клипни ўзбек хонандаси уялмай ўғирлади.

_____________________________________________________________

Фоҳиша қизни кўнгил овлашга мажбурлаган ИИБ ходими маҳкамага тортилди

Тошкент шаҳар ИИББ Аниқ яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш маркази ходими, сержант Шокир Бердиев тамагирлиги ва лавозимини суииcтеъмол қилгани боис жиноий жавобгарликка тортилди (“Постда”, 24 июнь). М.Й. исмли аёл аниқ яшаш жойи ва машғулот турига эга бўлмаганликда гумон қилиниб, марказга олиб келинган. М.Й.ни марказдан олиб чиқиш учун унинг дугонаси ҳужжатлар билан келган. Марказ ходими Шокир Бердиев суҳбат асносида М.Й.нинг дугонаси танасини сотиш билан шуғулланиб келганини билиб олган. Шундан кейин ҳар икки қизни жиноий жавобгарликка тортиш билан қўрқитиб, М.Й.нинг дугонасидан пул ундирган ҳамда уни ўз кўнглини овлашга мажбурлаган. Кейин ҳам нафсини жиловлашни бутунлай унутган сержант Ш. Бердиев яна бир неча маротаба қизни пинҳоний учрашувларга мажбурлаган. Шу тариқа қиз ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган. ИИБ вакилига суд тегишли жазо тайинлагани хабар қилинган.

Озодбек Назарбеков: Мақом йўналиши жар ёқасига келиб қолган!

Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков миллий мақом йўналиши эътиборга муҳтожлигига эътибор қаратган (“Ҳуррият”, 28 июнь). “Мақом йўналишидаги ашулалар жар ёқасига келиб қолган. Ҳозир буни тушунадиган, ижро этадиган санъаткорларни тарбиялаш осонмас. Лекин айтиб қўяй, болалигимизда тўйга борсак, ўлдим деганда беш-олтита мумтоз ашула айтиларди... Ҳозир бу нарсалар урфдан чиқиб кетди. Оддий мисол, ҳозир тўйга бориб “Қора кўзим” ёки “Ғамзасин севдинг кўнгул”ни айтишни бошласак, меҳмонлар ҳар томонга тарқаб кетади”, дейди О.Назарбеков. Қайд этилишича, санъат олийгоҳларини анъанавий йўналишда тугатган кўплаб ёшлар фақат наҳорги ошга боради, бошқа пайт бекор юрибди. Миллий санъат обрўсини ошириш учун уларни санъат даргоҳларига жалб этиш керак.

Илҳом Фармонов, Умидахон ва Баҳром Назаров плагиатда айбланди

Ўзбекистон шоу бизнес вакиллари хориждан клип ўғирлашни бас қилмаяпти (“Даракчи”, 29 июнь). Бу гал Американинг машҳур поп-рок гуруҳларидан бири саналган “MAROON 5” гуруҳи плагиаторлик қурбони бўлди. Гуруҳнинг ҳозирга қадар 2,1 миллиарддан ошиқ мухлис томоша қилган “Шакар” клипи Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Илҳом Фармонов ҳамда режиссёр Нозим Толипов томонидан ўғирланган. Хонанданинг “Яшанг” қўшиғи клипи Америка гуруҳи клипидан айнан кўчирилган. Бундан ташқари, хонанда Умидахоннинг “Йўлимдан қоч” клипи (режиссёр Иззатилла Лутфуллаев) ғарблик хонанда JAINдан, Баҳром Назаровнинг “Наҳотки” клипи (режиссёр Суннат Намозов) турк хонандаси Мустафа Чечелидан ўғирланган.

XS
SM
MD
LG