Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:01

“Ўзпахтасаноат” фермерларга пахта пулини тўламаяпти


Андижон вилояти фермерлари давлатга сотган пахта пулини “Ўзпахтасаноат” корхоналаридан ололмаяпти.

Бу ҳақда Озодликка арз қилган фермерларнинг айтишича, шу пайтгача бирор йил пахта пулини тўлаш шартномада кўрсатилган муддат - 31 декабрдан кечга қолмаган.

“Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти бошқарувчи раиси Алишер Мақсудов Озодлик билан суҳбатда 90 фоиздан ортиқ андижонлик фермерлар билан ҳисоб-китоб қилинганини айтди

Пахтаобод ва Андижон туманилик фермерларнинг айтишларича, давлат пахта пулини ўз вақтида бермагани илк марта кузатилмоқда:

Пахтаобод туманидаги исми сир қолишини сўраган фермерлардан бири бу ҳақда шундай дейди:

31 декабргача тўлаб берилиши керак эди, лекин бир сўм хам бермади.


“Ўтган йили давлат буюртмасига етказиб берган пахтамизнинг пули 31 декабргача тўлаб берилиши керак эди, лекин бир сўм ҳам бермади. Завод биздан қарийб беш юз миллион сўмга яқин қарзи бор. Биз кластерга ўтмаганмиз. Аввалгидай пахтамизни давлат сотиб оляпти. Лекин бундай аҳволга биринчи бор тушяпмиз. Йил давомида қилган меҳнатимиз ҳақини ҳозиргача ололмадик".

Исми сир қолишини сўраган бошқа пахтаободлик фермернинг айтишича, “Андижон-1 пахта тозалаш корхонаси” раҳбарлари уларни қуруқ ваъда билан алдамоқда:

Янги йил биринчи ойининг ярми ўтиб кетяпти ҳамки, пулдан дарак йўқ.


“Одатда, ҳар йили пахта терими тугаши билан, пул тушиш бошланиб, 20 декабрларгача бутунлай расчет қилишарди. Бу йил пахта планини октябрдаёқ бажариб бўлган эдик. Лекин, янги йил биринчи ойининг ярми ўтиб кетяпти ҳамки, пулдан дарак йўқ. Неча марта заводга бориб сўрасак, тушса берамиз, дейди холос. Бирор ташкилотдан бир сўм ҳам қарзим қолмаган, соф фойдам қарийб 80 миллион сўм бўлган. Қўлимизга тушадигани шу. Бир томонда кластерга ўтган ташкилотлар дод дейди, бир томонда давлатга пахта сотган бизлар дод деяпмиз”.

Озодлик суҳбатлашган яна икки пахтаободлик фермер ҳам уларнинг ҳисобига 2019 йил пахта пулидан бир сўм ҳам тушмаганини айтди.

“Андижон-1 пахта тозалаш корхонаси”нинг ўзини таништирмаган мулозими ҳақиқатан ҳам кўпчилик фермерлар пахта пулини ололмаганини тасдиқлар экан, бунинг сабабини қуйидагича изоҳлади:

“Ўзпахтасаноат”дан пул тушмаяпти. Келиши билан фермерларнинг ҳисоб-рақамларига ўтказамиз”.

“Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти бошқарувчи раиси Алишер Мақсудов Озодлик билан суҳбатда 90 фоиздан ортиқ андижонлик фермерлар билан ҳисоб-китоб қилинганини айтди:

Фермерларга 2019 йил ҳосил пули бериш республика бўйича 90 фоизга ёпилган.


- Бу ойнинг охиригача ёпиб юборамиз. Ҳозир фонддан пулни кутяпмиз. Чунки бу озгина 10-15 кунга тўхтаб қолди-да. Фондга пул тушиши масаласи оғир бўлиб қолди. Уч-тўрт йил олдин май-июнга бориб ёпиларди, фақат ўтган йили 31 декабрга ёпилди. Ўзи арзимаган пул қолган. Лекин, фермерларга 2019 йил ҳосил пули бериш республика бўйича 90 фоизга ёпилган. Уч-тўрт кун ичида ҳаммасини ёпамиз.

Аммо Андижон туманидаги исми сир қолишини сўраган фермерлардан бири, туман бўйича саноқли фермерларгина пахта пулини олганини айтди:

“90 фоиз? Раис бу рақамларни қаердан олди ёки унга шундай маълумот беришяптимикин? Мен ишлаётган ҳудудда ҳеч ким ҳали бир сўм олгани йўқ. Ҳар куни банкка бориб турибмиз. Пул тушмаган. Менинг ўзимни яқин 50 миллион сўм пулим турибди. Балки раис айтганидек пул ўтказилгану, заводдагилар ўйин қилишяптими, бунисини энди раису заводдагилар келишиб олсин".

Озодлик Ўзбекистонда кластер тизимида ишлаётган фермерлар ҳам пахта пулини ололмаётгани ҳақида бир неча хабар берган.

Жумладан, Андижоннинг Улуғнор туманидаги "Водий саноат фахри" МЧЖ ​кластер корхонасига пахта сотган ўнлаб фермер хўжалиги 2019 йилги ҳосил пулини ололмай сарсон бўлмоқда.

Самарқанднинг Оқдарё туманидаги кластер корхонаси фермерларнинг 7 млрд сўм пахта пулини тўламаяпти.

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида эса қарийб 300 нафар фермер “АВС Оққўрғон Агрокластер” билан шартнома имзолаганига икки йилдан ошганига қарамай улар кластерга топширган ҳосил пулини олмаган:

XS
SM
MD
LG