Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:42

Фарғоналик аёлга бир ойлик тортишувдан сўнг марказдан уй берилди (ВИДЕО)


Фарғоналиклар "Гидролиз шаҳарчаси" деб атайдиган ҳудудда бир ой аввал бузилиши бошланган уйда яшаётган 60 яшар Эхтибор Абдуллаевага, ниҳоят, шаҳар марказидан уй берилди.

Шаҳарчадаги 10 дан ортиқ кўпқаватли уйлар "маънан эскиргани" сабабли шу йилнинг 2 январидан бузила бошлаган.

Бу уйларда яшаётган айрим оилалар уларга ажратилган уйларни "шаҳар чеккасида ва чала битган", деб ҳануз кўчишга рози бўлмаётир.

Озодлик шаҳар марказидаги 3 та кўча бўйлаб жойлашган 12 та кўпқаватли уйдаги 120 оилани кўчириш бошлангач, юзага келган зиддият ҳақида илк бор 14 январда хабар қилган, кейинчалик айрим уйлар оилалар кўчиб улгурмасидан, бузилаётгани ҳақида бир неча бор ёзганди.

Алишер Навоий кўчасидаги 38- уйнинг 6- квартирасида яшаган Эхтибор Абдуллаева, уйи бузилиши ортидан бошланган қарийб бир ойлик тортишувдан сўнг, марказдан уй олди.

Озодлик билан суҳбатда бу аёл томининг ярми кўчирилган уйда қарийб бир ой яшаганини айтди:

- Бизнинг уй 10 январда бузилиши бошланган бўлса, 3 февралгача яшадим. Уйнинг биз яшаб турган қисмидаги томни бузишмади. Мана охири шаҳар марказидан бир уйни алмаштириш йўли билан олдим. Бир аёлга ҳокимият менга таклиф қилган уй ёқди - қариндошлари ўша ерда экан. Менга эса, унинг уйи ёқди - марказдаги қариндошларимга яқин экан. Хаста бўлганим учун, шу ерда қолдим - икки томон рози бўлиб алмаштирдик.

Аёлнинг айтишича, ҳозирда ярми бузилган 38- уйда яна 3 оила яшамоқда, уларнинг иккисида ёш болалар бор.

- Уларга ҳам марказдан уй топилар, насиб этса. Бу хатодан кейин бизнинг аҳволимиз дарс бўлар. Чунки, қишнинг кунида биз ҳам қийналдик, улар ҳам (ҳокимият идоралари - таҳр.) қийналишди. Мана охири шартларимизга тўғри келадиган уй топилди. Бундан кейин аҳолини кўчиришса, аввал уларга уй топиб, шароитини қилиб бериб, кейин кўчиришса, яхши бўларди, - деди Эхтибор Абдуллаева.

Қуйида бу аёл билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Уйи бузилган Эхтибор Абдуллаева: Бизнинг аҳволимиз келгусида дарс бўлсин!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:52 0:00
Бевосита линк

Бош прокуратуранинг икки баёноти

Ўзбекистон Бош прокуратураси Фарғона марказида уйларнинг бузилиши юзасидан икки бора баёнот берди.

Gazeta.uz нашрининг ёзишича, 3 февраль куни прокуратура Фарғона ҳокимига уйи бузилаётган аҳолини Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида келишувга эришиб, сўнгра кўчириш мажбуриятини юклаган. Хонадон эгалари янги уй билан таъминлангунга қадар бузилиш ишларини тўхтатишга кўрсатма берган.

Бунга қадар, Бош прокуратура 23 январь куни бузилаётган ва бузилиши кутилаётган уйлардан чиқишдан бош тортаётган оилалар вазиятини ўз назоратига олганини билдирган эди.

Аммо, 4 февраль куни шаҳарчада туриб, Озодлик билан суҳбатлашган бир неча оила Бош прокуратуранинг ҳар икки баёнотидан сўнг ҳам айни вазият давом этаётгани, ичида одамлар яшаётган уйларни бузиш давом этаётганини айтди.

"Бугун эрталаб келди экскаваторлар, бузди ва мана ҳозир тушликка чиқишди, шекилли, иш тўхтаб турибди. Бош прокуратура айтаяпти, лекин бу ерда жиддий ўзгариш йўқ. Мана 32-уйда 3 та оила яшаб турибди, улар бузаяпти", - деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда томи кўчирилган уйда яшаётган ва исмини ошкор этишни истамаган оила вакили.

Бу оилалар 4 февраль куни олинган, дея бир неча суратни таҳририятга йўллади. Қуйида улардан баъзилари:

Шунингдек, Бош прокуратуранинг 3 февраль кунги баёнотида уйлари бузилишга тушган фуқароларни кўчириш ишлари мутахассислар иштирокида ўрганилиб, қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилмагани аниқланиб, шаҳар ҳокимининг 8 январдаги қарорига нисбатан протест келтириш учун асослар йўқлиги айтилган.

Gazeta.uz нашрининг ёзишича, бу ҳудудда Фарғона вилоят ҳокимлиги ва Корея республикасининг "Chung Construction Design Group" ширкати билан ҳамкорликда беш юлдузли меҳмонхона ва замонавий кўпқаватли турар-жой комплексини қуриш бўйича ўтган йили ёзда меморандум имзоланган эди.

Аммо, шу йилнинг 25 январида эса, чет эл ширкати вакиллари Фарғонага борган ва "Фергана Комплекс-Сити" лойиҳасини амалга ошириш бўйича оғзаки якуний келишувга эришган ва бу келишувда турар-жой комплексини қуриш режаси йўқ.

"Унга кўра, корейс компанияси томонидан Фарғона шаҳар, А.Навоий кўчасида 20,9 минг кв.м майдонда жами қиймати 98,5 млн. долларлик 500 ўриндан иборат 21 ва 18 қаватли меҳмонхона-резиденция, 10 қаватли бизнес маркази, савдо мажмуаси ва тўйхона қуриш бўйича лойиҳа тақдим этилиши маълум қилинган", деб хабар қилади нашр.

"Бизга таҳдид қилишмоқда"

Гидролиз шаҳарчасида, мана бир ойдирки, бузилаётган бир неча кўпқаватли уйда яшовчилар билан маҳаллий ҳокимият идоралари ўртасида зиддият давом этмоқда.

Бу уйлардаги оилалар уларга таклиф қилинаётган янги уйларни бузилаётган уйларига нисбатан "сифатсиз, арзон ва шаҳар марказидан четда" деб, кўчишдан бош тортмоқда.

Улар ўзлари яшаб турган уй қийматига тенг ёки ундан арзонроқ, кичикроқ бўлса-да, шаҳар марказидан уй берилиши, ёхуд товон пули берилишини талаб қилмоқда.

Аммо, маҳаллий ҳокимият, улар учун Регистон кўчасидан ажратилган уйларни “янги қурилган ва бузилаётган уйларга нисбатан кенг”, деб товон пули беришдан бош тортмоқда.

24 январь куни 38, 36, 32 ва 30-уйларда яшовчи оилалар номидан Озодликка келиб тушган видеомурожаатда бир неча оила маҳаллий раҳбарлардан арз қилиб, президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилганди.

4 февраль кунги маълумотга кўра, ушбу видеомурожаатдан сўнг бир неча оилага, ҳокимиятнинг воситачилиги остидаги алмашув йўли билан, шаҳар марказидан уй топиб берилган. Аммо, шикоят қилинишича, кўчишдан бош тортаётган аксар оилалар босим остида қолмоқда.

"Тўғри, бир неча оилага марказдан уй қилиб беришди, лекин кўпчиликни ўша четдан берилган чала битган уйга кўчишга мажбурлаш давом этаяпти. Лекин, биз: "Кўчишга қарши эмасмиз, фақат бизга қонуний ҳаққимизни беришсин - шу уйимизга тенг ёки сал пастроқ баҳода бўлса ҳам, шаҳар марказидан яшашга яроқли уй беришсин!" деб яшаб турибмиз", деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда томи кўчирилган уйда яшаётган ва исмини ошкор этишни истамаган оила вакили.​

"Маънан эскирган уйлар"

Озодлик тасарруфидаги ҳужжатларга кўра, шу кунда Фарғона шаҳри марказидаги 10 дан ортиқ уй - Навоий кўчасидаги 30-, 32-, 32-а, 34-, 36-, 38-, 38-а, 40- уйлар, Форобий кўчасидаги 3- ва 5- уйлар ҳамда С. Темур кўчасидаги 34- ва 36- уйлар шаҳар ҳокимининг шу йил 8 январь кунги қарори асосида бузиладиган уйлар рўйхатига киритилган.

Бу уйлар, шаҳар ҳокими Ҳамиджон Ҳабибиддиновнинг қарори билан, "маънан эскирган уйлар" сифатида бузилмоқда.

​Қарорда ​бу уйлардаги оилалар, улар билан нарх ва товон пулини белгиловчи комиссия ўртасидаги эришилган шартнома асосида, ўзаро эришилган келишув асосида кўчирилиши кераклиги белгиланган.

Бош прокуратуранинг 3 февраль кунги баёнотида қайд этилишича, 31 январь ҳолатига 57 хонадон эгаси янги уйга кўчирилган. Ҳозирда бузилишга тушган уйлардаги 8 та хонадонда оилалар яшамоқда, уларни бошқа жойга кўчириш учун янги турар-жой биноси ажратиш чоралари кўрилмоқда. Кўчирилмаган жами 65 та хонадон эгаларини янги турар-жой билан таъминланиши керак.

Расмий маълумотга кўра, Фарғона шаҳри марказидаги имкон қадар қисқа муддат ичида бузилиши режалаштирилган бу кўпқаватли ғиштин уйлар 1941-1947 йилларда қурилган ва улар "маънан эскирган уйлар", деб ҳисобланади.

XS
SM
MD
LG