Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:36

Фарғонада бузилаётган уйда қолаётган оилалар Мирзиёевдан ёрдам сўради (ВИДЕО)


Фарғона марказидаги 38, 36, 32 ва 30-уйда яшовчи оилалар номидан йўлланган видеомурожаатдан олинган сурат, 24 январь, 2019 йил
Фарғона марказидаги 38, 36, 32 ва 30-уйда яшовчи оилалар номидан йўлланган видеомурожаатдан олинган сурат, 24 январь, 2019 йил

Фарғоналиклар "Гидролиз шаҳарчаси" деб атайдиган ҳудудда бузилиши режаланган кўпқаватли уйлардан кўчирилаётган оилалар президент Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат йўллади.

Озодликка нусхаси йўлланган видеода бир неча оила маҳаллий ҳокимият уларни кўчишга мажбурлаб, таҳдид қилаётганини даъво қилган.

Озодлик шаҳар марказидаги 3 та кўча бўйлаб жойлашган 12 та кўпқаватли уйдаги 120 оилани кўчириш бошлангач, юзага келган зиддият ҳақида 14 январь куни хабар қилган эди.

Айни пайтда Ўзбекистон Бош прокуратураси бузилаётган ва бузилиши кутилаётган уйлардан чиқишдан бош тортаётган оилалар вазиятини ўз назоратига олган.

"Бизга таҳдид қилишмоқда"

"Гидролиз шаҳарчаси"да, мана 3 ҳафтардирки, бузила бошлаган бир неча кўпқаватли уйнинг яшовчилари ва маҳаллий ҳокимият идоралари ўртасида зиддият давом этмоқда.

Бу уйлардаги оилалар уларга таклиф қилинаётган янги уйларни бузилаётган уйларига нисбатан "сифатсиз, арзон ва шаҳар марказидан четда" деб, кўчишдан бош тортмоқда.

Улар ўзлари яшаб турган уй қийматига тенг ёки ундан арзонроқ, кичикроқ бўлса-да, шаҳар марказидан уй берилиши, ёхуд товон пули берилишини талаб қилмоқда.

Аммо, маҳаллий ҳокимият, улар учун Регистон кўчасидан ажратилган уйларни “янги қурилган ва бузилаётган уйларга нисбатан кенг”, деб товон пули беришдан бош тортмоқда.

24 январь куни Озодликка келиб тушган видеомурожаатда бир неча оила маҳаллий раҳбарлардан арз қилиб, президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилган:

"Биз ёрдам сўраб, бориш мумкин бўлган барча ташкилотлар – Бош прокуратура, шаҳар ва вилоят ҳокимиятларига мурожаат қилиб чиқдик. Биз ортиқча нарса сўраётганимиз йўқ. Биз нормал яшаш мумкин бўлган оддий турар-жой сўраяпмиз. Улар бизга бир дона таклиф бераяпти ва бошқа имконият йўқ, деяпти. Бирор товон пули ёки бошқа вариантларни таклиф қилмаяпти. Бунинг устига бу таклифни ҳам улар шантаж, таҳдидлар остида айтишаяпти", дейилади 38, 36, 32 ва 30-уйларда яшовчи оилалар номидан йўлланган видеомурожаатда, жумладан.

Фарғонада уйи бузилаëтганлар: Бизга таҳдид қилишмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:39 0:00

Бош прокуратура: дастлабки кўчириш ишлари қонуний

Ўзбекистон Бош прокуратураси 23 январь куни бузилаётган ва бузилиши кутилаётган уйлардан чиқишдан бош тортаётган оилалар вазиятини ўз назоратига олганини билдирган.

Прокуратура ҳодисанинг бошидан бери Фарғона шаҳар ва вилояти ҳокимият идоралари бериб келаётган баёнотларнинг тасдиқлади: дастлабки суриштирувга кўра, "кўчириш ишлари қонун доирасида олиб борилган, ҳали тўлиқ якунланмаган", деб баёнот берди.

"Уйи бузилишга тушган фуқароларни кўчириш ишлари қонуний олиб борилаётганлигини ўрганиш учун тегишли мутахассислар жалб қилинди, натижаси бўйича қўшимча ахборот берилади", дейилди Озодликка йўлланган расмий баёнотда.

Бош прокуратура берган рақамларга кўра, кўчиришнинг биринчи босқичида 8 та уйдаги 72 та хонадон Фарғона шаҳар Регистон кўчасидаги "тенг қийматдаги белгиланган талабларга жавоб берадиган янги, сифатли хонадонларга кўчирилмоқда".

Шунингдек, расмий жавобда, бу ҳудудда яшаш учун зарурий шароитлар яратилгани қайд этилган.

"Фарғона ҳокимияти прокурорга ёлғон маълумот берган"

Аммо, 23 январь куни Бош прокуратура Озодликка тақдим қилган баёнотга муносабат билдирган фарғоналик айрим оилалар ўзларига нисбатан шаҳар ҳокимлиги, куч ишлатар тузилмаларининг босими кучайиб бораётгани, республика расмийлари, хусусан, Бош прокуратурага шаҳар ҳокимияти нотўғри маълумот бераётганини даъво қилди.​

Шундай оилалардан бири Регистон кўчасидан берилган уйнинг шароитидан асло қониқмаслигини айтди.

"Бир ҳафта олдин янги уйга кўчиб кирганман, мана ҳозиргача уста, ҳозиргача барахло. Қўлимда 3 ёшли болам билан 3 кун совуқда яшадик. Иситиш тизими ишламади. Полни кўчиришган эди, таги ахлат. Мана келиб кўришсин! Нариги 3-уйдаги қўшним чиқиб, йиғлаяпти: электр линияси тўлиқ куйиб кетибди," деди Озодлик билан микрофонсиз гаплашган, исмини ошкор қилишни истамаган фарғоналик аёл.

"Маънан эскирган уйлар"

Озодлик тасарруфидаги ҳужжатларга кўра, шу кунда Фарғона шаҳри марказидаги 10дан ортиқ уй - Навои кўчасидаги 30, 32, 32а, 34, 36, 38, 38а, 40 уйлар, Форобий кўчасидаги 3 ва 5 уйлар ҳамда С. Темур кўчасидаги 34 ва 36 уйлар шаҳар ҳокимининг шу йил 8 январь кунги қарори асосида бузиладиган уйлар рўйхатига киритилган.

Бу уйлар, шаҳар ҳокими Ҳамиджон Ҳабибиддиновнинг қарори билан, "маънан эскирган уйлар" сифатида бузилмоқда.

Озодликка Фарғона шаҳар ҳокими имзолаган қарор нусхаси йўлланган.

​Қарорда ​"маънан эскирган кўпқаватли уйлар"даги оилалар, улар билан нарх ва товон пулини белгиловчи комиссия ўртасидаги эришилган шартнома асосида, ўзаро эришилган келишув асосида кўчирилиши кераклиги белгиланган.

Расмий маълумотга кўра, Фарғона шаҳар марказидаги имкон қадар қисқа муддат ичида бузилиши режалаштирилган бу кўпқаватли ғиштин уйлар 1941-1947 йилларда қурилган ва улар маънан эскирган уйлар, деб ҳисобланади.

Озодлик тасарруфидаги маълумотга кўра, ҳокимият "янги уй", деб тақдим қилаётган Регистон кўчасидаги хонадонлар учун эгалик ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар эса, 23 январь кунги ҳолатга кўра, кўчиб кирган 40 дан ортиқ оилага ҳануз берилмаган.

XS
SM
MD
LG