Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:21

"Мана, ҳаётдан нима қолди". Исроилнинг Ғазодаги уруши оқибатлари


Ғазо бўлгаси. Иллюстрация
Ғазо бўлгаси. Иллюстрация

Ғазо сектори аҳолиси "Озодлик"нинг форс хизматига Исроил уруши бошланганидан бир йил ўтиб, Фаластин анклавида омон қолиш учун қандай курашаётгани ҳақида сўзлаб берди.

АҚШ ва Европа Иттифоқида террорчи ташкилот деб таснифланган ҲАМАС Фаластин гуруҳи бир йил олдин Исроилга мисли кўрилмаган ҳужум уюштирганда, Муҳаммад Носирнинг ҳаёти "аввалги" ва "кейинги"га бўлинди.

7 октябрдаги ҳужум натижасида 1200 га яқин одам ҳалок бўлганидан бир неча соат ўтгач, Исроил Ғазо секторида замонавий тарихдаги энг ҳалокатли ва вайронкор бомбалаш кампаниясини бошлади.

Носир мухбир бўлиб, ушбу ҳудуднинг маъмурий маркази бўлган Ғазо шаҳрида маҳаллий ва халқаро оммавий ахборот воситаларида ишлаган. Аммо бир неча ҳафта ўтгач, Исроил қўшинлари қуруқликка бостириб кира бошлаганда, у ўз уйини ташлаб, касбини тарк этишга мажбур бўлди.

"Биз шошилинч тарзда эвакуация қилишга мажбур бўлдик, ўзимиз билан ҳеч қандай шахсий буюмларни, ҳатто кийим-кечакларни ҳам ола олмадик, – деди Ғазо шаҳридан ғарбда жойлашган Байт-Лахия шаҳрида яшовчи Носир. – Машинамга ўтиришга ҳам улгурмадим."

Олти фарзанднинг отаси бўлган Носир ҳам бир йилдан бери давом этаётган урушда яқинларидан айрилди.

"Синглим ва унинг барча болалари ҳалок бўлди," деди Носир ва улар БМТнинг Ғазо шимолидаги Ёрдам кўрсатиш ва ишларни ташкил этиш агентлиги бошқарадиган мактабда яширинганида, Исроил кучлари томонидан ҳужумга учраганларини қўшимча қилди.

ҲАМАС “тўлақонли келишув”га рози
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:41 0:00

Исроил уруши дунёдаги энг гавжум ҳудудлардан бири бўлган Ғазодаги тинч аҳолига ва инфратузилмага катта зарар етказди.

Ўтган йилнинг 7 октябридан буён Ғазода 41 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, уларнинг аксарияти тинч аҳолидир. Бу ҲАМАС назорати остидаги Фаластин ҳудудлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари. Исроил Ҳамаснинг 17 мингга яқин жангчисини ўлдирганини маълум қилди.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Ғазо аҳолисининг 85 фоиздан ортиғи ёки 1,9 миллиондан зиёд киши анклавда ички кўчирилган шахслардир. Ғазо секторининг деярли барча аҳолиси очликка дуч келмоқда.

Носир ва унинг оиласи Исроил қўшинлари ва ҳаво ҳужумларидан доим қочиб юради. Ҳозир улар Ўрта ер денгизи бўйидаги торгина ерда жойлашган Ал-Мавосийдаги чодирда яшашмоқда.

Носир ҳатто у ерда ҳам оиласи ўтган йили қочқинлар лагерлари, мактаблар ва касалхоналарга зарба берган Исроил ҳарбий учоқларинг нишонига айланиши мумкинлигидан хавотирда.

Исроил Ғазодаги "террорчи" инфратузилма ва биноларни нишонга олаётганини айтди ва ҲАМАСни тинч аҳолидан тирик қалқон сифатида фойдаланишда айблади.

"Болаларим, қариндошларим ва мен жиддий хавф остидамиз, – дейди Носир. – Қариндошларимиз тарқалиб кетган. Биз ҳатто бир жойда тўплана олмаймиз."

Ғазо шаҳридан бўлган қурувчи муҳандис Ҳаким ҳам кўчманчига айланди.

"Биз барчамиз бошпана учун хавфсиз жой топишга эътибор қаратяпмиз, – деди 41 ёшли эркак Озодликка. – Қаер хавфсизроқ? Сувни қаердан оламиз? Ҳаётимиз мана шундай бўлиб қолди."

Ғазо секторида Исроил уруши охири кўринмаяпти. Оқибатда камида 346 нафар исроиллик аскар ҳам ҳалок бўлди. ҲАМАС ҳарбий жиҳатдан заифлашган бўлса-да, Исроилга сектордан ракета учиришда давом этмоқда.

Исроил сўнгги ҳафталарда Ливанга бостириб кириб, қуролли гуруҳ ва жанубий Ливаннинг катта қисмини назорат қилувчи сиёсий партия бўлган "Ҳизбуллоҳ"га ҳаво ҳужумларини амалга ошириб, жанговар ҳаракатлар ҳудудини кенгайтирди.

Минтақани қамраб олган зўравонлик кучайганига қарамай, Ҳакимнинг уйга қайтишига шунчаки умид қилишдан бошқа иложи йўқ.

"Биз шимолга қайтиш ва 7 октябргача бўлган ҳаётимизни тиклаш имкониятини орзу қиламиз," деди тўрт фарзанднинг отаси.

Форум

XS
SM
MD
LG