Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:35

"Бутун мамлакат қамалда". Ливанликлар Исроил ҳужумидан қочишга жой тополмаяпти


Ливан-Сурия чегараси.
Ливан-Сурия чегараси.

Исроилнинг ҳалокатли зарбаларидан кейин ливанликлар уйларини тарк этиб машиналарда, пляжларда тунашга мажбур бўлмоқда. Яҳудий давлатининг Ливан бўйлаб уюштираётган ҳаво рейдлари мамлакатда гуманитар инқирозни кучайтирди.

Сўнгги ҳафталарда 1 миллионга яқин одам ўз уйини тарк этиб бошқа жойга кўчишга мажбур бўлди. Байрутда минглаб одамлар пляжлар ва кўчаларда тонг оттирмоқда.

Маҳмуд Байрутдаги пляжлардан бирида хотини ва 2 ёшли ўғли билан қолганини айтади. Бу оила Исроил ҳаво ҳужумларидан қочиб, Байрутдан бошпана топган минглаб оилалардан бири.

«Биз Байрутда хавфсизроқ бўламиз деб ўйлаб бу ерга келдик, аммо ҳозир ҳеч нарсасиз пляжда тунаяпмиз.», дейди Ливанлик қочқин Маҳмуд.

Исроил ҳаво ҳужумлари натижасида уйи вайрон бўлган Маҳмуд оиласи билан Ливан жанубидаги Ғозий шаҳридан автобусда 20 соат йўл босиб Байрутга етиб келди.

Ғозий шаҳри Исроил рейдлари давомида энг кўп зарар кўрган ҳудудлардан бири бўлди. Исроилнинг Ливан жанубига қуруқликдан бошлаган босқини ҳамда Ҳизбуллоҳ нишонларига қаратилган ҳаво ҳужумлари Ливан тинч аҳолисига катта талофат етказмоқда.

Байрутда бошпанасиз қолган болалар кўчада тунамоқда. 1 октябр, 2024
Байрутда бошпанасиз қолган болалар кўчада тунамоқда. 1 октябр, 2024


Ливан расмийларига кўра, Исроил ҳаво ҳужумлари бошланган 23 сентябрдан ҳозирги кунга қадар 1100 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.

Тахминан 1,2 миллион киши ўз уйини ташлаб чиқиб кетган. Бу мамлакат тарихидаги энг йирик оммавий кўчиш экани айтилмоқда.

Байрутда мактаблар, университетлар, масжидлар ва ҳатто футбол майдонлари кўчирилганлар учун вақтинчалик бошпанага айлантирилди.

Шунда ҳам минглаб одамлар пляж, боғ, очиқ майдонлар ва машиналарда тонг оттирмоқда.

Маҳмуд ва унинг оиласи сўнгги тўрт кунни Байрутнинг Эл Манара пляжида ўтказди. Улар маҳаллий аҳоли томонидан берилган озиқ-овқат билан кун кечираётганини айтади.

«Нима қилишни билмаймиз, ҳамма бошпаналар тўлган», дейди Маҳмуд.

Оила яна кўчишга мажбур бўламиз деган ҳадикда.
Аҳоли зичлиги юқори бўлган Байрутда 2,5 миллионга яқин одам яшайди.

Исроилнинг ҳалокатли ҳаво ҳужумлари натижасида пойтахт шаҳарнинг бир қисми вайрон бўлди.

Исроил ҳужумидан уйларини ташлаб чиққан аёллар ва болалар Байрутнинг Шаҳидлар ҳиёбонидаги . 28 сентябр, 2024
Исроил ҳужумидан уйларини ташлаб чиққан аёллар ва болалар Байрутнинг Шаҳидлар ҳиёбонидаги . 28 сентябр, 2024


Ливан муваққат ҳукумати мамлакат бўйлаб ёрдамга муҳтож барчага кўмаклашишга ҳаракат қилмоқда.

Маҳаллий ҳукумат 500 га яқин мактабни вақтинчалик турар жойларга айлантирганига қарамай, бошпаналар етишмаяпти.

БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат ташкилоти Исроилнинг Ливанга босқинидан жабрланган 1 миллиондан ортиқ одамни озиқ-овқат билан таъминлаш учун фавқулодда операция бошлади.

Ташкилот Ливанни «қулаш нуқтасида» эканидан огоҳлантирар экан, бутун мамлакат бўйлаб бошпаналарга озиқ-овқат ва нақд пул тарқатаётганини маълум қилди.

Исроил 1 октябрь куни Ливан жанубига қуруқликдан бостириб кирди. Бу Ливанда давом этаётган гуманитар инқирозни янада кучайтириши мумкин.

Исроил кучлари 2006 йилги Исроил-Ҳизбуллоҳ урушидан ўн саккиз йил ўтиб яна Ливан ҳудудига бостириб кирди.

Исроил ҳарбийлари Ливан жанубидаги ўнлаб жамоаларни эвакуация қилишни буюрди.

Украинага босқин: 953-кун | Украина ва Яқин Шарқ
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:06 0:00


Ҳатто минглаб байрутликлар ҳам Исроилнинг ҳаво зарбалари сабабли ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлмоқда.

Улар орасида банк ходими Мария ҳам бор. У аллақачон шаҳар ичида икки марта кўчишга улгурди.

«Ўтган ҳафта мен, онам ва синглим биздан икки кўча нарида ҳаво ҳужуми содир бўлганидан кейин квартирамизни тарк этдик. Ҳозир шаҳарнинг бошқа қисмида, қариндошларимизнинг уйида яшаяпмиз. Аммо ҳеч ким ўзини хавфсиз ҳис қилмаяпти”, дейди Мария.

Шаҳарнинг жанубий ҳудудлари Ҳизбуллоҳнинг таянчи ҳисобланади, АҚШ ташкилотни террорчи гуруҳлар сафига киритган бўлса, Европа Иттифоқи Ҳизбуллоҳни қуролли жангари гуруҳ сифатида қора рўйхатга киритган.

Байрут жанубидаги турар-жой бинолари Исроил ҳаво ҳужумлари натижасида вайрон бўлди. Ҳаво зарбаларидан кейин ҳудудда бўм-бўш бинолар ва вайронага тўла кўчалар қолди.

Мария баъзи одамлар бошпана топиш илинжида меҳмонхоналар ва бўшаб қолган биноларга бостириб кирганига гувоҳ бўлганини айтади.

“Уйдаги чироқларни ўчирмаймиз, кимдир ичкарига киришга ҳаракат қилиши мумкин. Байрутда тартибсизлик ҳукм сурмоқда. Одамлар эртанги куни нима бўлишини билмайди”.

Икки фарзанднинг онаси Манал Байрут марказидаги Бурж Аби Ҳайдар маҳалласидаги уйида қолмоқда.

Аммо у кўчишга мажбур бўлишидан хавотирда.

«Ҳар эҳтимолга қарши ҳар кеча сумкаларимизни йиғамиз. Бомбалар овози тинмаяпти. Оёғимиз остида ер силкинаётгандек туюлади”, дейди аёл.


Маналнинг айтишича, унинг баъзи дўстлари ва қариндошлари Байрут тепасидаги тоғларга қочиб кетган.

“Аммо улар ўша ерда ҳам Исроил бомбалари таъқибидан қутула олмаганини айтишди".

Манал 2006 йилда икки исроиллик аскар ўғирлаб кетилиши билан бошланган Исроил-Ҳизбуллоҳ урушига гувоҳ бўлган.

34 кун давом этган можарода 1100 дан ортиқ маҳаллий аҳоли Исроил ҳаво ҳужумлари натижасида ҳалок бўлган эди.

«Мен илгари ҳам урушларни кўрганман, лекин бу бошқача. Хавфсиз жой йўқ. Бутун мамлакат қамалда», дейди Манал.

Форум

XS
SM
MD
LG