Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:32

“Ўзбектелеком” Facebookдаги узилишлар учун Facebookнинг ўзини айблади


5 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда Facebook ижтимоий тармоғида бошланган жиддий узилишларни Озодликка шарҳлаган "Ўзбектелеком" расмийси¸ бу муаммонинг Facebookнинг ўзи ëки глобал майдонда Интернетга уланишдаги узилишларга бориб тақалишини иддао қилди.

32 миллиондан кўпроқ аҳолиси бор Ўзбекистонни Интернет билан таъминловчи ягона манба бўлган “Ўзбектелеком” расмийси¸ ўзбекистонликларнинг Facebook тармоғига кириш¸ хусусан¸ унга видео ëки шарҳ юклашда дуч келаëтган муаммосида миллий операторнинг “қўли йўқлиги”ни иддао қилди.

Бу муаммо бўйича ҳозир Мининфоком билан шуғулланаяпмиз. Аммо ҳозирча айтишим мумкин бўлгани¸ биз томондан ҳеч қандай муаммо йўқ¸ ҳаммаси штатний режимда ишлаяпти. Техник бўлимимиз масаланинг тагига етишга уринаяпти. Аниқ хулосага келинса¸ эълон қиламиз”¸ деди Озодлик 10 сентябрь куни гаплашган “Ўзбектелеком” расмийси.

Ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчи ўзбекистонликлар орасида энг кенг тарқалган Facebookда кузатилаëтган муаммо манбаси¸ мамлакатдаги Интернет монополисти саналган “Ўзбектелеком” расмийси иддаосича¸ Facebookнинг ўзига бориб тақалади:

Кузатаëтган бўлсангиз¸ Facebook бутун дунëда¸ масалан¸ Бразилия ва Португалияда ҳам осилиб қолаяпти. Муаммонинг илдизи¸ афтидан Facebookнинг ўзида. Балки интернетга боғланиш билан ҳам муаммо бордир”.

10 сентябрь кун давомида Озодлик Ўзбекистон Алоқа¸ ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси расмийларидан изоҳ олишга уринди.

Қўмитанинг Озодлик гаплашган ахборот хавфсизлиги бўйича расмийси¸ бу масалада ҳеч қандай изоҳ бера олмаслигини билдириш билан чекланди.

“Муаммо Facebookда эмас!”

Озодлик билан суҳбатда Facebook фаолиятини яқиндан биладиган мутахассис¸ “Ўзбектелеком” расмийси баëнотининг асоссизлигини таъкидлади.

Муаммо Facebookнинг ўзидан бўлганда эди¸ биринчидан ширкат бу ҳақда фойдаланувчиларни огоҳлантирган бўларди. Иккинчидан¸ бу муаммо бир неча соат¸ аниқроғи бир соатга бориб-бормай ечимини топган бўларди. Чунки бундай узилиш Facebook бизнеси учун қимматга тушади ва фойдаланувчилар ишончига путур етказади. Учинчидан¸ агар муаммо Facebookнинг ўзидан бўлганида эди¸ у VPN билан кирганда ҳам ишламаган бўларди. Ва ниҳоят Интернетга уланиш бўйича муаммо бор¸ деган гап ҳам асоссиз¸ чунки фойдаланувчилар умуман Интернетга уланишда эмас¸ балки айнан Facebookка кириш¸ хусусан¸ унга маълумот юклашда узилишга учрамоқда”.

Ўзбекистонда Facebook дуч келаëтган муаммони шарҳлаган мутахассис¸ уни Хитой моделининг нусхаси дея баҳолади:

"Ўзбекистонда Интернетга кириш калити битта компания - "Ўзбектелеком"да. Ҳукумат сиëсий қарор берса¸ улар алоҳида тармоқ ва порталга киришни тўлиғича ëпиш ëки унга кириш тезлигини пасайтириши мумкин. Хитой айнан шундай қилади. Бутун тармоқни тўлиғича ëпмайди¸ аммо унга кириш¸ хусусан¸ маълумот юклашни бўғиб қўяди".

Дунë миқëсида Facebook Хитой¸ Шимолий Корея¸ Бангладеш¸ Туркманистон ва Эронда муттасил тўсилган ëки мунтазам узилишга учраб келади.

Нега айнан Facebook ишламаяпти?

Ўзбекистон хавфсизлик тизимига алоқадор мулозимнинг Озодликка айтишича¸ янги ўқув йили бошланган 5 сентябрь куни мамлакатнинг турли вилоятларида рўмол флэшмоблари режаланган ва бу лойиҳа ижтимоий тармоқлар¸ айниқса¸ Facebook орқали мувофиқлаштирилиши лозим бўлган.

Бу акцияни бошқариши керак бўлган фаолларнинг айримлари Яқин Шарқ¸ хусусан¸ Мисрда ўқиб келган ва бу жараëнда “араб баҳори” тажрибаси – жамоатчилик фаоллигини Facebook орқали бошқаришни таклиф этган. Шундан келиб чиқиб¸ ДХХ бу акцияни тўхтатишга сиëсий қарор берган”.

Ўзбекистонда Facebook тармоғининг қарийб ишламай қолиши¸ айнан шу тармоқда фаол бўлган диний блоггерларнинг маъмурий жазога тортилиши билан бир пайтга тўғри келди ва шу боис¸ жамоатчилик бу икки воқеанинг бир сабабга бориб тақалишини тахмин қилмоқда.

Озодлик гаплашган ўзбекистонлик дунëвий блоггерларга кўра¸ Facebook ўзбекистонликлар ижтимоий фикрини шакллантиришдаги асосий платформага айланган ва шуниси билан ҳукуматни чўчитиб қўйган бўлиши мумкин.

StatCounter саҳифасида келтирилган рақамлар¸ блоггерларнинг бу гапини қувватлайди.

2017 йил августидан 2018 йил августигача бўлган бир йиллик даврга оид келтирилган статистик рақамларга кўра¸ Facebook ўзбекистонликлар фойдаланëтган ижтимоий тармоқлар рўйхатида биринчи.

Унга кўра¸ 2017 йил сентябрида Ўзбекистондаги Интернет фойдаланувчиларининг 49.57 фоизи Facebook тармоғидан фойдаланган бўлса¸ йил давомида бу кўрсаткич¸ ўртача 33.21 фоизни ташкил этган. (Иккинчи ўринда¸ 26.66 фоиз билан Youtube.)

Айни пайтда Озодлик боғланган Бош прокуратура расмийси¸ Facebookдаги узилишлар¸ унинг тезлиги пасайиб кетиши билан блогерлар ишининг алоқадорлиги ҳақидаги иддаоларни "мутлақ рад этди".

Facebook тармоғига Озодлик орқали кириш мумкин

Psiphon - Psiphon Inc. компанияси томонидан яратилган VPN ва HTTP прокси серверлар ёрдамида интернетга айланма йўл билан кириш имконини берадиган янги восита.

Psiphon мижози автоматик тарзда Интернетга киришнинг янги айланма йўлларини топиб, қўйилган тўсиқларни четлаб ўтиш имконини оширади.

Ўзбекистонда тақиқ қўйилган сайтлар¸ хусусан¸ айни кунларда узилишга учраëтган Facebook, хусусан¸ Озодликнинг Facebook саҳифасига кириш йўлини қуйидаги линкда берилган кўрсатмалар орқали топишингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG