Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:22

$200 миллионлик Dreamliner икки йилга қолмай ишдан чиқди


Boeing 787 Dreamliner
Boeing 787 Dreamliner

24 декабрь куни Москва-Тошкент рейси билан учган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” (янги расмий номи Uzbekistan Airways) миллий авиакомпаниясига қарашли Boeing 787-8 Dreamliner Тошкентга қўнар-қўнмас¸ ишдан чиқди.

Бу маълумотни очиқлаш ваколатига эга бўлмагани боис шахси сир тутилишини сўраган авиакомпания мутахассисининг Озодликка айтишича¸ ишга туширилганига икки йил ҳам тўлмаган “Орзу лайнери” (Dreamlinerнинг ўзбекча таржимаси - таҳр.) мотори бутунлай ишдан чиққан.

Регистрация рақами UK-78702 бўлган Dreamliner 24 декабрь куни Москвадан 1¸5 соат кечикиб учди. Самолëт базўр Тошкентга қўниши билан¸ моторни очишди. Ичидан қиринди чиқди¸ турбина куракларининг қайрилгани маълум бўлди. Бахтимизга¸ самолëт эсон-омон Тошкентга етиб келди.

У техник носозлик борлигини муҳандислар олдиндан билгани ва бу ҳақда компания раҳбарияти огоҳлантирилганини айтди.

"Двигатель ҳавода ишдан чиқса нима бўларди? Инженерлар учқичда ортиқча вибрация борлигини олдиндан билган¸ раҳбариятга ҳам билдиришган. Уни дарҳол рейсдан чиқариб¸ техник кўрикка олиш ўрнига¸ учиришди”¸ дейди Озодлик суҳбатлашган авиация мутахассиси.

Озодлик “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг тижорат департаменти¸ унга техник хизмат кўрсатувчи “Uzbekistan Airways Technics” АКдан Dreamliner-нинг техник ва тижорий вазиятига оид бирор маълумот ололмади.

Бу саволга ўзлари қўнғироқ қилиб жавоб беришини билдирган компания мулозимларидан кун давомида дарак бўлмади.

Айни пайтда бу маълумотни мустақил манбалардан текшириш жараëнида Озодлик қайд рақами UK-78702 бўлган “Ўзбекистон ҳаво йўллари”га қарашли Dreamliner 24 декабрдан бери учмаëтганини тасдиқловчи далилларга дуч келди.

Flightradar24 қайд рақами UK78702 бўлган Dreamlinerнинг сўнгги марта 24 декабрь куни Москвадан Тошкентга учганини тасдиқлайди.
Flightradar24 қайд рақами UK78702 бўлган Dreamlinerнинг сўнгги марта 24 декабрь куни Москвадан Тошкентга учганини тасдиқлайди.

Дунë бўйлаб парвозларни кузатиб борувчи нуфузли Flightradar24 сайтидан “Ўзбекистон ҳаво йўллари”га қарашли тўрт Dreamlinerдан иккитасининг тинимсиз учаëтгани¸ UK-78702 Dreamlinerдан бошқа яна биттасининг (регистрация рақами UK-001) ками бир ҳафтадан бери ҳавога кўтарилмаганини кўриш мумкин.

“Орзу лайнери” орзуси нега узоққа чўзилмади?

Бу саволга жавоб берган Ўзбекистон авиацияси мутахассиси¸ Dreamliner ишдан чиққани учун “Ўзбекистон ҳаво йўллари” раҳбарияти¸ хусусан¸ тижорат департаментини айблади.

Dreamliner бир учишда 13 минг километргача учадиган двигатели кучли самолëт. Унинг тижорий қиммати ҳам узоққа учиши ва ëнилғи тежашида. Дунëнинг аксар авиакомпаниялари Dreamlinerни айнан 10 минг километрдан узоқ рейсларга қўйиш учун сотиб олади. “Ҳаво йўллари” Dreamlinerларни Москва¸ Истанбул¸ Дубай ва Пекин каби 5000 километрга ҳам етмайдиган масофага учириб¸ аллақачон унинг моторини ишдан чиқарди. Учиши керак бўлган масофанинг ярмига ҳам учмаса¸ двигатель икки баравар тез ишдан чиқади”¸ деди бу суҳбатдош.

Фуқаро авиацияси – пойга майдони эмас

Озодлик суҳбатлашган “Ўзбекистон ҳаво йўллари”даги вазиятдан хабардор мулозим таъкидича¸ миллий авиакомпания йил охиригача 3 миллион пассажир ташигани ҳақида президентга ҳисоб бериш мақсадида "Орзу лайнерлари"ни мақсадга мувофиқ бўлмаган тарзда эксплуатация қилган.

Тижорат бўлими рекорд даражадаги 3 миллион йўловчи ташидим¸ деган гапни айтиб¸ президентдан мақтов олиш учун авиаташувларни ўзига хос пойгага айлантириб юборди. Авиацияда хавфсизлик биринчи¸ ана ундан кейин коммерция келади. Авиация - бу пойга майдони эмас. Унинг бош мақсади одамларни бир манзилдан иккинчисига эсон-омон ташишдир”¸ деди мулозим.

"Сенатор Тян жавоб берсин!"

Озодлик суҳбатлашган транспорт соҳаси мутахассислари¸ Dreamliner муаммоси учун асосий жавобгарлик “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг Каримов давридаги бош директори Валерий Тян (2017 йил 24 август куни бу лавозимдан четлатилган - таҳр.) зиммасида эканини таъкидладилар.

Озодлик айни кунда Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор бўлган Валерий Тяндан изоҳ олишга ҳозирча муваффақ бўлмади.

Сенаторнинг расмий сайтида келтирилган электрон почта манзилига жўнатилган саволларга жавоб келмади.

Ишдан чиққан моторни ким¸ қанчага тузатади?

Ўзбекистон авиациясининг Озодлик суҳбатлашган мутахассис ва мулозими¸ “Uzbekistan Airways Technics” АК мутахассислари Dreamliner моторини таъмирлай олмаслиги¸ фақат уни янгисига алмаштириши мумкинлигини билдирди.

Dreamliner моторини General Electrics (GE) сотади ва унинг таъмир нархи 5 миллион доллар атрофида,янгиси эса 20 миллион доллар туради. Dreamliner двигателига кафолат беради¸ аммо унинг шартлари бор. Масалан¸ гарантия шартларига мувофиқ¸ бир томонга учиш цикли ўртача 6 соатдан кам бўлмаслиги керак. Бунинг бошқа деталлари ҳам кўп ва уларнинг бажарилган-бажарилмаганига қараб¸ страховка шартлари ҳам ўзгаради. “Ҳаво йўллари” олган Dreamlinerнинг бир томонга учиш цикли 4¸5 соатдан ошмайди. Натижаси¸ мотори ишдан чиқиб ангарда ëтган Dreamliner. Бунақа вазиятда янги двигатель пулини GE ëки страховка қоплашига кўзим етмайди. Бу қиммат хатонинг пулини яна давлат¸ демакки халқ тўлайди”¸ деди ўзбекистонлик авиация мутахассиси.

Озодлик ишдан чиққан моторни қайси томон¸ қаерда¸ қандай тузатиши ëки янгилашига оид саволга ҳам 26 декабрь куни “Ўзбекистон ҳаво йўлллари”нинг тегишли департаментларидан жавоб ола олмади.

АҚШнинг Boeing компанияси ишлаб чиқараëтган тижорий учоқларнинг янги авлоди саналган Dreamliner узоқ масофага тўхтовсиз ва хавфсиз учиш учун махсус яратилган.

2018 йилги тижорий қиммати 239 миллион АҚШ долларига тенг деб баҳоланган бу русумдаги биринчи Dreamliner Ўзбекистонга 2016 йил сентябрида¸ иккинчиси эса¸ 2016 йил декабрида етказилган.

Каримов даврида Boeing билан тузилган шартномага мувофиқ буюртма берилган тўрт Dreamlinerнинг учинчиси президент Шавкат Мирзиëевнинг 15-16 май кунлари АҚШга қилган сафари якунида 2018 йил 18 май куни Тошкентга қўнган эди.

XS
SM
MD
LG