Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:47

Daryo vs Kun.uz: Маҳаллий матбуот илк бор ДХХнинг босим ва таҳдидлари ҳақида ёзди


“Давлат хавфсизлик хизматининг ахборот хавфсизлиги бўйича бўлими томонидан хабарларни ўчириш, қайси мавзуларда ёзиш ва қайси мавзуларда ёзмаслик бўйича босимлар, бундай талаблар бажарилмаган тақдирда таҳририят вакилларига таҳдидлар мунтазам давом этмоқда”.

Kun.uz сайтининг бу баёноти унинг 21 апрелдаги «404» балоси ва ўчиб-ўчмаган пост. ОАВга босимлар давом этмоқда» деган сарлавҳа остидаги материалидан жой олди.

Kun.uz бу материални Daryo – LIVE Телеграм-каналида эълон қилинган пост босим остида ўчириб юборилганини канал муаллифлари инкор этгани ортидан ёзди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) Kun.uz сайти баёнотини шарҳлашни истамади.

Ўзбекистондаги икки етакчи нашр - Kun.uz ва Daryo.uz ўртасида давом этаётган даҳанаки жанг Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш фонди васийлар кенгаши раиси Комил Алламжоновнинг пости билан боғлиқ.

Алламжонов оммавий ахборот воситаларига турли идоралардан бўладиган босимлар тўғрисида ёзган.

Kun.uz Алламжоновнинг пости Daryo – LIVE телеграм каналида 21 апрель, соат 14:13 да каналда қўйилганига ва кўп ўтмай ўчирилганига эътибор қаратди. Kun.uz ўз хабари тасдиғи сифатида Telegram Analytics хотирасидан скриншотни эълон қилди.

“Бу пост каналдан ўчишига ташқаридан келган қўнғироқ сабаб бўлган”, деб ёзди Kun.uz.

Бироқ Daryo.uz сайти бош муҳаррири Муҳрим Аъзамхўжаев Daryo – LIVE Телеграм каналидан пост давлат идораси аралашуви билан ўчирилгани ҳақидаги маълумотни рад этиб чиқди ва бу ҳақдаги хабарни "уйдирма" деб атади.

Kun.uzнинг хабар қилишича, унинг Алламжоновнинг пости ўчирилгани тўғрисидаги хабаридан 15 дақиқа ўтиб, пост Daryo.uzнинг асосий каналига қўйилган, Daryo – LIVE каналига ҳам қайтадан жойлаштирилган.

Daryo – LIVE Комил Алламжоновнинг постини қуйидаги истеҳзоли сўзбоши билан қайта эълон қилди:

“Битта шу хабар учун қайғуриб, бутун бошли текширилмаган хабар тайёрлаб, тарқатган ҳамкасбларимизга бағишланади #бўлдидеэнди #ишлаганиқўйилар”.

Алламжоновнинг Kun.uz баёнотига ҳамоҳанг пости

“Баъзида давлат идораси ходимлари хусусий тадбиркорлар, яьни ОАВ фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖга қўнғироқ қилиб, улар қонун доирасида яратаётган маҳсулотларини (мақолани) ўчириб ташлашни талаб қилишади. Агарда хусусий тадбиркор бўлмиш сайт буни бажармаса уни чақиришади, қўрқитишади. Аслида бу ноқонуний ҳаракат, мансаб ваколатини суиистеьмол қилиш ҳисобланади. Соддароқ айтганда, тадбиркорнинг фаолиятига асоссиз аралашишдир, деб ёзган Алламжонов.

Бундай муносабатни “супермаркет эгасига қўнғироқ қилиб, шу маҳсулотни савдо пештахтасидан олиб ташла дегандек талаб” қилишга ўхшатган Комил Алламжонов, матбуот фаолиятига ноқонуний аралашувларга чек қўйишга чақиради.

“Номи матбуот бўлгани, унинг устига миниб олса ҳам бўлади дегани эмас. Матбуот маъсулияти чекланган жамияти фақат қонун олдида жавобгар бўлиши керак. Шахслар олдида эмас. Ва матбуот маъсулияти чекланган жамияти, бошқа жамиятлар билан тенг равишда эркин бўлиб, маҳсулот ишлаб чиқаришлари давомида, қонунчиликда, конституцияда давлат идораларининг топшириқларини бажариши кераклиги борасида ҳеч қандай мажбурият йўқ”.

Омма назаридан четда қолаётган жараён

Kun.uz билан Daryo.uz ўртасидаги даҳанаки жанг журналистларнинг ўзларигина билиб, жамоатчилик назаридан четда қолаётган жараёнлар пардасини кўтариб қўйгандай. Ҳодисадан бир кун олдин Файзбоғ (ТемурМалик) Телеграм-канали

“…айни дамда Ўзбекистон ОАВ майдонида катта аудиторияга эга бўлган бир сайт мунтазам тазйиқлар остида фаолият юритишга мажбур бўлмоқда. Сайт раҳбарлари бу процессдан шу даражада безиб кетишганки, медиа бизнесини бутунлай тарк этиш устида жиддий бош қотиришмоқда”, деб ёзган эди.

Бунинг ортидан депутат Расул Кушербоев "катта аудиторияга эга сайт" ҳақидаги хавотирларини ифода қилди:

"Тазйиқ остида фаолият юритаётган катта аудиторияга эга сайт, деганда ҳаёлга биринчи бўлиб биттаси келаяпти: kun.uz масми ишқилиб...
Агар бу гаплар рост бўлса бунга шунчаки қўл қовуштириб туриб бўлмайди: бу кучли фуқаролик жамияти ёки йўқ фуқаролик жамияти сари кетиш, деган масала. Биз эса кучли фуқаролик жамияти қурмоқчимиз. Бу йўлда ОАВ га ҳох очиқ ҳох яширин тазйиқлар ўтказиш кетмайди. Биз либерал ғоялар тарафдори сифатида ОАВ ва сўз эркинлигини бўғиш, жамиятни ривожланишдан тўхтатишга қаратилган ҳар қандай ҳаракатни кескин қоралаймиз!"

ИИББдаги суҳбат

Озодлик 19 март кун беш нафар маҳаллий журналист Тошкент шаҳар ИИББ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ходими билан суҳбат ўтказиш учун иш жойидан олиб кетилгани тўғрисида хабар қилган эди.

Тошкент шаҳар ИИББ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими Озодликка “журналистлар профилактик суҳбатдан сўнг қўйиб юборилиши, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилмаганин"ни айтган эди.

Ҳамкасбларининг олиб кетилганини хабар қилган журналистнинг Озодликка айтишича, олиб кетилганлар орасида 2013 йилдан бери фаолият олиб бораëтган Daryo.uz нашри бош муҳаррири Муҳрим Аъзамхўжаев ҳам бўлган. “Суҳбат” учун ИИБ ходимлари томонидан олиб кетилган яна 4 журналистнинг ҳам Daryo.uz нашрида ишлаши айтилган.

Баъзи маълумотларга кўра, Kun.uzнинг бир неча журналисти ҳам ИИБга суҳбатга олиб кетилган.

Озодлик манбалари шу куни Тошкент вақти билан соат 19 да Муҳрим Азамхўжаев шаҳардан чиқмаслик шарти билан қўйиб юборилгани хабар қилинган. Муҳрим Азамхўжаевнинг ўзи видео чиқиш қилиб, ИИББга олиб кетилгани ҳақидаги хабарларни асоссиз дея рад этган ва "ёлғон хабар тарқатмаслик"ка чақирган.

Daryo.uz Бош вазир қариндошларига тегишлими?

Kun.uz билан Daryo.uz ўртасидаги даҳанаки жангга эътибор қаратган яна бир блогер Mufasa “Daryo.uz сайти ўзи кимга тегишли?” деган савол жавобини излаган. Блогер Mufasa, афтидан, реестр ҳужжатларига таяниб илгари сурган фаразга кўра, бу сайтнинг ортида Бош вазир Абдулла Ариповнинг қариндошлари турибди.

“Ўзбекистон шундай диёр ё сотиласан, ё отиласан! Шунинг учун айрим интернет нашрларининг мақолалари «404» бўлса, меҳнаткаш журналистлардан хафа бўлманг!” деб хулосалаган ўз постини блогер.

АОКА жим

Озодлик икки сайт ўртасида юзага келган вазиятга муносабат сўраб Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) директор ўринбосари Дилшод Саиджонов билан боғланди.

Саиджонов Озодлик саволини эшитгач, бироз тин олиб, саволларни ёзиб юборишни тавсия қилиш билан чекланди.

Kun.uz сайтида эълон қилинган телефонларни кун давомида ҳеч ким кўтармади. Daryo.uz сайти бош муҳаррири Муҳрим Аъзамхўжаев эса қўл телефонига қилинган қўнғироқларга жавоб бермади.

"Ҳамма менга қарши" - Отабек Сатторий судида гувоҳлар ва қўшимча гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:39 0:00

Даҳанаки жанг давоми?

Муҳрим Аъзамхўжаев 22 апрелда эълон қилган постида мавзуни давом эттирди:

«Дарё» интернет-нашри таҳририяти журналист ва блогерларнинг қонун доирасидаги эркин фаолиятига нисбатан ҳар қандай тўсқинликларни, оммавий ахборот воситаларининг ишларига ташқаридан бўладиган ҳар қандай аралашувлар, босим ва тазйиқларни қоралайди. Таҳририят сўз ва матбуот эркинлиги тараққиётнинг асосий омилларидан бири, деб ҳисоблайди».

Пости давомида Daryo.uz бош муҳаррири Kun.uzни нопрофессионалликда айблайди.

“Шу билан бирга, - деб давом этади Муҳрим Аъзамхўжаев, - «Дарё» «Кун.уз» маъмуриятини таҳририят ишига ташқаридан ноқонуний аралашув ҳолатлари юзасидан, агар шундай ҳолатлар ҳақиқатан ҳам бўлса, тегишли идораларга қонуний чора кўришни сўраб мурожаат қилишга чақиради”.

Kun.uz очган гапни бошқалар давом эттира оладими?

Айни пайтда блогер Файзбоғ (ТемурМалик) фикрича, Kun.uz бонг уриб кўрсатаётган муаммо шу куннинг воқеълигидир:

“Ўйлашимча, бундай жабрдийда сайтлар бугунги Янги Ўзбекистонда жудаям кўп, аммо буни оммага чиқара оладиганлар кам. Мана, Kun.uz сайти ўзига бўлаётган босимлар ҳақида очиқчасига ёзиб ўтибди. Умид қиламанки, ушбу фурсатдан фойдаланиб бошқа ресурслар ҳам дардини достон қилишга ўзида куч топа олади”.

  • Париждаги Чегара билмас мухбирлар ташкилоти шу ҳафта Ўзбекистонни халқаро матбуот эркинлиги рейтингида ўтган йилга нисбатан бир поғона пастга қўйди. Ўзбекистон 180 давлат орасида 157 - ўринни эгаллаган. Бу Ўзбекистондаги матбуот эркинлигининг аҳволи Африканинг Руандасидан пастроқ, диктатура ҳукмрон бўлган Беларусдан юқорироқ, дегани.
  • “Кузатув, цензура, ўз-ўзини цензура қилиш кабилар ҳануз сақланиб қолмоқда, ҳокимиятдагилар ОАВни жиддий назорат қилмоқда. Блогерлар ҳануз қўрқитиляпти ёки қамоққа олиняпти. Ўзбекистонда сиёсий плюрализмга эришмай туриб, матбуот эркинлигини тўлалигича таъминлаб бўлмайди. Олдинда ҳали ҳам узоқ йўл турибди», – дейилади ҳисоботда.

XS
SM
MD
LG