Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:44

"Ҳаммаси уюштирилган" - блогер Отабек Сатторий устидан суд жараёни бошланди


Блогер Отабек Сатторий Жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди залидаги судланувчилар учун ажратилган бўлмада. 2021, 11 март. Effect.uz сайти эълон қилган видеодан кадр.
Блогер Отабек Сатторий Жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди залидаги судланувчилар учун ажратилган бўлмада. 2021, 11 март. Effect.uz сайти эълон қилган видеодан кадр.

11 март куни Сурхондарё вилоят Жиноят ишлари бўйича Музработ туман судида маҳаллий блогер Отабек Сатторий устидан суд жараёнининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Суднинг навбатдаги мажлиси 17 март, соат 10.00 га тайинланди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментига кўра, блогер Отабек Сатторийга Жиноят кодексининг уч моддаси бўйича айблов эълон қилинган.

Ҳам мамлакат ичида, ҳам хорижда сўз эркинлигига босим сифатида баҳоланаётган бу иш бўйича суднинг дастлабки мажлисида журналистлар ва блогерларнинг иштирок этишига, фото ва видеога олишга рухсат берилди.

Яқинлари Отабек Сатторий ҳибсга олинган 29 январь кунидан буён уни кўрмаганликларини айтишган.

Судланувчининг ҳимоячиси Умид Давлетовнинг Озодликка маълум қилишича, суднинг дастлабки мажлисида Отабек Сатторий ўзига қўйилаётган айбларга иқрор эмаслигини билдирганидан кейин судья жабрланувчиларни, гувоҳларни, судланувчини сўроқ қилди ва суд терговини бошлаш тўғрисида ажрим чиқарди. Суд тергови келаси мажлисдан бошланади.

Суд мажлиси бошланиши арафасида маҳаллий журналистлар саволларига жавоб берар экан, блогер Отабек Сатторий айбсиз эканлигини таъкидлаб:

“Мен айбимга иқрор эмасман, ҳаммаси уюштирилган, ҳаммаси бўҳтондан, туҳматдан иборат, ҳеч кимдан пул олган эмасман, халқнинг манфаатини ҳимоя қилиб чиққаним учун шунча шов-шув бўлиб кетяпти”, - деди.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг 1 март кунги баёнотига кўра, Отабек Сатторий Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “а”,“б” бандлари ва 3-қисми “а” банди (Товламачилик), 139-моддаси 3-қисми “а,г” бандлари (Туҳмат) ҳамда 140-моддаси 3-қисми “а” банди (Ҳақорат қилиш) билан айбланмоқда.

Судланувчи Отабек Сатторийни судда Тошкентдан келган адвокат Умид Давлетов ҳимоя қилмоқда. Адвокатнинг Озодликка айтишича, суд бошланишидан олдин жиноят иши материаллари билан танишиб олиши учун унга имконият берилмаган.

“Шунинг учун суддан жиноят ишини кўришни бошқа кунга қолдиришни, жиноят иши билан танишишга имконият яратиб беришингизни сўрайман, деб судгача сўров киритдим, лекин судья рад этди”, - деди адвокат Умид Давлетов.

Адвокат ўз мижози иши билан суднинг биринчи мажлиси тугаганидан сўнг қисман танишиш имконига эга бўлганини билдирди.

Бирдан кўпайиб кетган жабрланувчилар

Telegram ва YouTube порталида “Халқ фикри” видеоблогидаги танқидий чиқишлари билан танилган блогер Отабек Сатторий билан боғлиқ можаро жорий йил январи охирида бошланган, у 29 январда товламачиликда гумонланиб, фуқаро кийимидаги бир гуруҳ ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинган эди. Ўша пайтда блогер Жиноят кодексининг биргина моддаси - 165-модда (Товламачилик), 2-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилинган.

Сатторийнинг қўлга олинишига Шеробод туман деҳқон бозорида 2020 йилнинг кеч кузида синдирилган телефонини ундиришни талаб қилгани сабаб бўлган – агар терговга ишонилса, у пайтда жабрланувчи томон битта – Сатторийнинг телефонини тиклаб бериши лозим бўлган томон эди.

Бироқ 1 мартга келиб, жабрланувчилар бир неча киши бўлиб қолади. Тергов департаментининг 1 март кунги баёнотида жабрланувчилар рўйхати келтирилган.

[Отабек Сатторий] “Интернет жаҳон ахборот тармоғи (“Telegram”, “Facebook”, “YouTube”) да жойлаштириш орқали туҳмат қилиш, ҳақорат қилиш каби жиноятларни фуқаро Исроил Х., Мастона А., Насиба Н., Тўхтамиш К., Ўткир Т., Ашур Х., Зокиржон Х., Лочин Т.,ларга нисбатан содир қилиб, ушбу фуқароларнинг айримларидан моддий манфаат кўриб келганлиги маълум бўлган”.

Демак, Тергов департаментига кўра, жабрланувчилар ҳаммаси бўлиб 8 киши. Адвокат Умид Давлетовнинг айтишича эса, суд материалларида жабрланувчилар сони 11 нафар.

Отабек Сатторийдан жабр кўргани айтилаётган бу 10 нафар атрофидаги кишилар, Отабекнинг отаси, 69 яшар Абдуманнон Сатторийнинг 11 март кунги суд мажлисидан чиқиб, Озодликка билдиришича, туман даражасидаги давлатга қарашли корхона, ташкилот, муассасаларнинг амалдаги ёки собиқ раҳбарларидир. Уларнинг аризалари Отабек қўлга олинганидан сўнг терговчилар томонидан ёздириб олинган.

Худди шундай иддаони адвокат Умид Давлетов ҳам билдирди:

“Кўплаб жабрланувчиларнинг аризаси февралда олингани рост. Жиноят иши қўзғатилганидан кейин кўпчилик билан (ариза ёзганлар билан) орган ходимлари ишлаган бу ерда. Иложи борича жабрланувчилар сонини кўпайтириш учун. Аслида, Отабек ўша амалдорларнинг хато ва камчиликларини ёритиб берган, уларга нисбатан туҳмат қилган эмас. Ҳар бир материалини қилар экан, иккинчи томоннинг ҳам фикрини ўрганган”, - деди адвокат.

Отабекнинг отаси ҳам, адвокати ҳам унинг устидан арз қилган амалдорларнинг иш жойларини айтди, бироқ Озодлик ўзлари билан боғлана олмагани учун, уларни ҳозирча ошкор қилмаяпти.

Иш нима билан тугаши мумкин?

Отаси Абдуманнон Сатторий ҳам, адвокати Умид Давлетов ҳам Отабек Сатторийнинг оқланишига умид қилмоқда. Бундай умид Абдуманнон Сатторийда суд мажлисида ошкоралик таъминлангани учун пайдо бўлган бўлса, Умид Давлетовда мижозининг қонунни бузмагани, у ўзининг блогерлик фаолиятида журналистик стандартларга оғишмай риоя қилганидан пайдо бўлган.

“Агар бу ишда қонун устувор бўладиган бўлса, Отабек Сатторий юз фоиз оқланади. Ўзбекистон Республикаси оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги ва умуман, шу соҳага оид барча қонунлар доирасида иш юритган. Сатторий Интернет орқали ҳеч кимни ҳақорат қилмаган. Отабек ҳар доим унга мурожаат қилган шахсларнинг ўзларининг овозли тарздаги мурожаатларини эълон қилган. Айни пайтда блогер иккинчи тарафнинг ҳам фикрини ўрганган. Бунинг тасдиғи шундаки, жабрланувчиларнинг ўзлари ҳам буни тан оляпти”, - деди Умид Давлетов.

“Даҳшат ва давлат сиёсати учун шармандалик”

Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати Расул Кушербоев Отабек Сатторий иши юзасидан 7 февралдаги баёнотида:

“Яшасин Сурхондарёнинг қонунбузар ҳокими, прокурори, ИИБси ва суди! Бу дунё қайтар дунё... Бош прокуратурадан сунъий уюштирилаётган жиноят ишининг барча иштирокчиларига нисбатан очиқ ошкора, жамоатчиликни хабардор қилган ҳолда холис текширув ўтказилишини талаб қиламиз!деб ёзган эди.

Депутат бундан олдинги баёнотида Отабекнинг қамалишини “даҳшат ва давлат сиёсати учун шармандалик” деб атаган.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) эса, 8 февралда Отабек Сатторий иши юзасидан қуйидаги баёнотни эълон қилган эди:

“Сўнги кунларда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятида мобил телефон таъмагирлигида гумонланаётган блогер Отабек Сатторийнинг ҳибсга олингани муҳокама қилинмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни мазкур ишни барча ҳолат ва томонларнинг кўрсатмаларини ҳисобга олган ҳолда батафсил ва холис кўриб чиқишга чақирамиз”.

Бош қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) 8 февралда Ўзбекистон маъмурларини блогер Отабек Сатторийни қамоқдан зудлик билан озод қилишга чақирди:

“Блогерлар ва журналистларни коррупцияга оид хабарлари учун таъқиб қилиш уларнинг конституциявий ҳуқуқларини бузишдир. Ўзбекистондаги журналистлар ўз ишини репрессив айбловлардан қўрқмай амалга ошириш имкониятига эга бўлиши лозим.

Жорий ой бошида Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг сўз эркинлиги бўйича вакили Тереза Рибейро ҳам блогер Отабек Сатторийнинг жавобгарликка тортилганидан ташвишда эканини билдирган.

11 март куни Жиноят ишлари бўйича Музработ туман судида ҳозир бўлган журналист ва блогерларнинг кўплиги соҳа вакилларининг бирдамлиги намойиши бўлиб кўринди.

XS
SM
MD
LG