Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:39

"CLICK кимники эканини биласиз.." Собиқ бош ҳисобчи жиноий схема қурбони бўлганини иддао қилмоқда


Шу йилнинг 19 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция маҳкамаси CLICK маъсулияти чекланган жамияти собиқ Бош ҳисобчиси Салима Миразизова устидан чиқарилган 5 йиллик қамоқ ҳукмини ўз кучида қолдирди.

Бу ҳақда Озодликка судланувчининг яқинлари хабар қилди.

Салима Миразизова-Кечик шу йилнинг 24 июль куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод тумани судининг ҳукми билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси (Талон-торож қилиш) кўзда тутилган жиноятларни содир этишда айбланиб, 5 йил муддатга қамалган.

Судланувчининг қизи Зебохон Миразизовага кўра, онаси 2023 йилнинг 9 январидан буён Ички ишлар вазирлигининг 1-сонли тергов изолятори (Тоштурма)да сақланмоқда.

Озодлик танишган жиноят иши материалларида айтилишича, "CLICK маъсулияти чекланган жамиятида Бош ҳисобчи ва раҳбарнинг молия бўйича ўринбосари лавозимларида ишлаган Миразизова-Кечик қўшимча иш ҳақлари ва молиявий ёрдам тарзида ўзининг шахсий пластик картасига 3 277 212 114 сўм пул маблағларини ўтказиб, нақдлаштириш йўли билан ўзлаштириб келган".

Салима Миразизова-Кечик ўзи ишлаган CLICK раҳбарларини пул ювиш ва бошқа молиявий қаллобликларда айбламоқда.
Салима Миразизова-Кечик ўзи ишлаган CLICK раҳбарларини пул ювиш ва бошқа молиявий қаллобликларда айбламоқда.

Яқинлари адвокатларнинг сўровига қарамай шикоят аризаси кўриб чиқилган Тошкент шаҳар апелляция судига Миразизова-Кечикнинг ўзи олиб келинмаганини айтмоқда.

"Таниқли шахс" номи билан таҳдид

Озодлик тасарруфидаги жиноят иши материалларига кўра, CLICK МЧЖ собиқ молия раҳбари Салима Миразизова-Кечик ўзининг жиноий схемалар қурбони бўлганини иддао қилмоқда.

Унинг Ўзбекистон президенти, Бош прокуратура ва бошқа идораларга ёзган шикоят хатларида CLICK раҳбари Улуғбек Рустамовнинг кўрсатмаси ва "таниқли шахс"нинг номи билан таҳдидлари воситасида пластик картасига иш ҳақи ва моддий ёрдамлар воситасида пул ўтказганлиги, аммо бу пулларни олмагани баён қилинади.

Суд ҳукми нусхаси.
Суд ҳукми нусхаси.

"CLICK раҳбари Улуғбек Рустамов менинг пластик картамга йирик миқдордаги маблағларни тушириб, пластигимни олиб, ўзининг сон-саноқсиз нақдлаштирувчи фирмалари орқали пулларни ўзлаштириб келди. У менга “Идорамиз кимники эканлигини биласиз-ку, бизни ҳеч ким текшира олмайди”, деганди. Ҳатто мен орада икки йил давомида Францияда яшаган давримда ҳам бу ҳаракатларни давом эттирди.

Мен бу қаллобликларни билиб, эътироз билдирганимдан сўнг CLICK'нинг асл эгалари номи билан менга пўписа қилди. Ҳолбуки, мен бу пулларни ўзлаштирганимда қамоқда ўтиришга рози эдим”, дейди Миразизова расмий идораларга ёзган шикоятларда.

Озодлик тасарруфидаги ҳужжатлардан Миразизованинг 2019-20-йилларда Франция Республикасида яшаганлиги, CLICKда фаолият олиб бормагани, бироқ унинг пластик картасига пул тушириб, ечиб олингани англашилади.

“Турмуш ўртоғим Меҳмет Кечик Францияда маҳр учун 190 000 АҚШ долларига тенг миқдордаги кўчмас мулк ҳадя қилган. Тергов органи ҳеч бир асоссиз ана шу уйни CLICK'нинг пулларига сотиб олгансан, деб туриб олишди. Миробод туманидаги отамерос ҳовлимни ҳам жиноий даромадлар эвазига олгансан дейишди”, дейди Салима Миразизова апелляция шикоятида.

Адвокатларнинг таъкидича, бу ўринда тергов органи “Айбсизлик презумпцияси” қоидаларини тўлиқ бузиб, Миразизова-Кечик номидаги кўчмас мулкни жиноий даромаддан орттирилган, деган хулосага келган. Ҳолбуки, уй Ўзбекистон фуқароси бўлмаган шахс томонидан ҳадя қилинганига оид француз нотариал идорасининг ҳужжатлари мавжуд.

Ҳужжатлардан ходимни рағбатлантириш ва ойлик маошлар тўлашга оид буйруқлар МЧЖ директори томонидан Улуғбек Рустамов имзолагани кўринади.

Пул ювиш иддаолари

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва бошқа давлат ҳокимияти идораларига йўлланган аризаларда судланувчи Салима Миразизова-Кечик CLICK Бош директори Улуғбек Рустамовнинг буйруғи асосида мижозларга кэшбек қайтариш баҳонаси билан бир неча юз миллиард сўмлик маблағлар ўзлаштирилганини иддао қилади.

“CLICK” МЧЖ томонидан 2020 йилда “Равнақбанк” хусусий тижорат банки билан шартнома асосида VISA халқаро карталарининг пул айланмаларига хизмат кўрсатиш бўйича ҳисоб рақамлари очилган ва миллиардлаб пул маблағи ўтказилган. Бироқ мазкур айланмалар бўйича бухгалтерия ҳисоботлари юритилмаган, давлат солиқ идораларига хабар берилмаган.

“CLICK” МЧЖга қарашли биллинг тизимида ширкат билан расмий шартнома тузмай ўзаро келишув асосида ишлаган бир қанча фирмалар мавжуд бўлиб, улар миллиардлаб маблағларни ювишган. Уларнинг аксарияти муваққат фирмалар бўлиб, текширилганда банк кодлари, ИНН рақамлари аниқланмайди. Мазкур фирмалар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Soliq.uz, Dedox.uz тармоқларида мавжуд эмас”, дейилади мурожаатларда.

Миразизова-Кечикнинг апелляция шикоятидан.
Миразизова-Кечикнинг апелляция шикоятидан.

Миразизованинг иддаоларига кўра, "CLICK раҳбарлари 2022 йил бошларида Украина, Қозоғистон ва Россия Федерацияси ватандошлари бўлган шахслар билан шубҳали дастурий платформалар яратишган".

Ширкат дастурчилари айрим ойларда гўё “билмасдан” мижозлардан хизмат кўрсатиш икки марта 2000 сўмдан хизмат ҳақлари ечиб олишади. Арзимаган сумма учун мижозлар ҳеч қаерга шикоят қилмайди. Ҳолбуки, бу суммалар мижозлари 3 миллиондан ортиқ “CLICK” учун миллиардлаб даромад келтиради”, дейилади Миразизованинг Ўзбекистон Президентига йўллаган мурожаатида.

"Қудратли ҳамкорлар"

Click – Ўзбекистонда мобил тўловлар соҳасида етакчи компаниялардан биридир. Иқтисодчи Отабек Бакировга кўра, шу йилнинг июнь ойи ҳолатига кўра, Click'нинг 11 миллион фойдаланувчиси бўлган.

Click тизимида тўловларни Uzcard, Humo ва Click-Ҳамён орқали амалга ошириш имкони мавжуд.

"Ягона умумреспублика процессинг маркази" МЧЖ (UzCard бренди)да таъсисчи ўзгарди”, деб ёзганди Gazeta.uz нашри 2020 йилнинг 14 май куни.

Нашрнинг ёзишича, UzCard устав фондининг 75 фоиз улуши президентнинг тўнғич куёви Ойбек Турсуновга ўтган. Хабарда ушбу 75 фоиз улуш шу пайтга қадар марказни бошқариб келаётган Аҳрор Маҳмудовга тегишли бўлгани айтилади.

Click тўлов ташкилоти таъсисчилари ва эгалари рўйхатида Ўзбекистон Республикаси президентининг катта куёви Ойбек Турсуновнинг исми-шарифи бўлмаса-да, ширкатга ишончли шахслар орқали у эгалик қилиши айтилади.

МЧЖ раҳбари Улуғбек Рустамов ширкатнинг молия раҳбари бўлиб ишлаган ва ҳозирда қамоқда бўлган Салима Миразизова-Кечикнинг иддао қилишича, уни Турсуновнинг номи билан қўрқитган ва “қамоқда чиритиш” билан таҳдид қилган.

CLICK маъсулияти чекланган жамияти раҳбари Улуғбек Рустамов Озодлик билан суҳбатда CLICK'нинг президент куёвига алоқадорлигини рад этди.

У Салима Миразизова-Кечикнинг иддаоларини асоссиз, деб атади.

“Бизнинг компанияга Ойбек Турсуновнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ўзимизнинг окалар, қариндошлар бирга очган компания бу. Бизга нисбатан айтган гаплари юз фоиз бўҳтон. Унинг иддаоларини даъво деб бўлмайди, ўғрилик қилганидан кейин одамда ўзини оқлаш учун ҳимоя реакцияси ишлайди ва ҳамма нарсани гапириб ташлаши мумкин. Биз шунча йил пул ўғирлаб юрган одамни топиб олганимиздан кейин унинг устидан иш очилган ва адвокатларнинг маслаҳатига қарабми, айтилаётган гаплар-да. Менинг қўлимда ҳамма фактлар бор, кимга, қанақа пул олган, қаерга ишлатган. Буни суд ҳам кўрган ва ҳукм чиқарган ”, деди Улуғбек Рустамов.

Адвокатларига кўра, Миразизованинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаатлари ва талон-торожликлар ҳақидаги иддаолари жавобсиз қолмоқда.

Шу йилнинг 12 июнь куни Click ва Uzum компаниялари ўзаро бирлашгани тўғрисида қўшма баёнот берганди. Click умуммиллий тўлов ташкилоти ҳамда Uzum компаниялар гуруҳи билан бирлашиши ортидан соҳада йирик монопол юзага келиши ҳақида хавотирлар билдирилган.

«Uzum гуруҳининг молиявий хизматлар ва бошқа рақамли маҳсулотлар ва агрегатлар сегментини космик тезликда эгаллаб бораётгани, Click эса тўлов тизими бозорида 11 миллион фойдаланувчи билан энг катта ўйинчи бўлгани ҳисобга олинса, талабгорлар ўзлари мурожаат қилмаган тақдирда ҳам Антимонополия органи камида ўзи мустақил ўрганиш ва текшириш ўтказиши керак эди», деб ёзган иқтисодчи блогер Отабек Бакиров.

Бироқ 15 июнда Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Click тўлов ташкилоти Uzum компаниялар гуруҳи билан бирлашув битимига олдиндан розилик олиш бўйича мурожаат қилмагани ва компаниялар бирлашиши тўғрисида расмий битим тузилмаганини маълум қилди.

Шунга қарамай Click умуммиллий тўлов ташкилоти ва Uzum компаниялар гуруҳи ўзларининг ўзаро бирлашиш борасидаги баёнотига раддия бергани йўқ.

Форум

XS
SM
MD
LG