Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:51

Риштонда чолу кампир ис газидан заҳарланиб нобуд бўлди


Ўзбекистон қишлоқларида уй асосан ўтин ва кўмир печкалари воситасида иситилади
Ўзбекистон қишлоқларида уй асосан ўтин ва кўмир печкалари воситасида иситилади

Фарғона вилояти Риштон туманининг Қози Аҳрор маҳалласида истиқомат қилган олтмиш ёшдан ўтган эру хотин еттинчи январга ўтар кечаси ис газидан заҳарланиб вафот қилди. Бу ҳақда хабар берган риштонлик инсон ҳуқуқи ҳимоячисига кўра, эр-хотин печкада ёниб турган кўмирни олиб тоғорага солиб қўйган. Улар билан доим бирга ётадиган невараси ўша куни онасининг уйида ухлаб қолганлиги туфайли фалокатдан омон қолган.

Риштонда чолу кампир ис газидан заҳарланиб нобуд бўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:56 0:00
Бевосита линк

Риштон тумани Қози Аҳрор маҳалласида яшаган 67 яшар чол ва унинг 62 яшар хотини (эру хотиннинг исм-шарифи Озодликка маълум – таҳририят) ис газидан вафот этганлиги ҳақида инсон ҳуқуқи ҳимоячиси ва ўқитувчи Баҳодир Элибоев ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида ёзди.

“Эр-хотин кўмир исидан димиқиб ўлишди. Одатда ўтиш даври шок терапиясида ўтади. Биз 25 йил шокда яшадик. Энди терапиядамиз. Терапия даврида ҳам мана шундай йўқотишлар бўлиб туради”, деб ёзди ўқитувчи.

Баҳодир Элибоевнинг Озодликка айтишича, фалокат эру хотиннинг эътиборсизлиги оқибатида содир бўлган:

- Мен марҳумларнинг яқинлари билан гаплашдим. Уларнинг айтишларича, печкали уй бўлган. Ётишдан олдин печкадаги ёниб бўлай деган чўғни олиб, ўрнига эрталабгача совиб кетмасин деб янги кўмир ташлашган. Бояги олинган чўғ ҳам тоғорада печканинг ёнида қолган экан. Уни ташқарига олиб чиқишмаган ёки сандалга солиб қўйишмаган. Балки шундай турса кўпроқ иссиқ берар, деб ўйлашгандир. Эрталаб, келини кирса иккиси ҳам ўлиб ётган экан, деди Баҳодир Элибоев.

Риштон тумани ичики ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими шундай воқеа бўлганини тасдиқлади.

Қози Аҳрор маҳалласи фаолларидан бирининг Озодликка айтишича, чол-кампирнинг ягона ўғли меҳнат муҳожирлигида бўлган:

“Марҳумларнинг биттагина ўғли бор эди. У Россияда ишларди. Келини ва неваралари билан бирга турарди. Чолу кампир ҳар куни бир неварасини ўзлари билан олиб ётишар экан. Лекин ўша куни невара ўз уйларида ухлаб қолган экан, индашмабди. Шу сабаб бўлиб, бола ўлимдан омон қолган. Ўғлига телефон қилинган, келдими ёки йўқ, ҳозирча хабарим бўлмади”, деди маҳалла фаоли.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳодир Элибоевнинг айтишича, Риштоннинг аксар маҳаллаларига газ қувури тортилган бўлсада, лекин газнинг узилганига ўн беш йилдан кўп бўлган ва шунинг учун ҳамма ўзини кўмир билан ўтинга урган:

- Августдан суюлтирилган газнинг бир килоси 800 сўм бўлар экан. Кичкина газ баллонни ҳозир 17 минг сўмга олаётган бўлсак, энди у 32 минг сўмга айланади. Печкафуруш Дима Қаюм шу пайтгача Нексия олмаганига ҳайронман. Печка, ўтин, кўмир савдоси авжига чиқди. Кўмирнинг бир килоси бир ярим минг сўм, арзон нархдаги тупроқ кўмирни ҳеч ким олмаяпти. Уни брикетчиларга сотган маъқул. Бир дона кўмир брикети ҳозир 5 минг сўмга чиқди. Ўтиннинг ўзи йўқ. Одамларнинг ҳовлисида битта узум қолди, холос. Масалан менинг ҳовлимда 6та ўрик бор эди. Йўқ, қолмади, ҳаммасини кесиб ёқдик. Болларинг совқотиб турса, кўзингга ҳеч нарса кўринмас экан, дейди Баҳодир Элибоев.

Ўзбекистонда қиш мавсумида газ ва электр таъминоти ёмон бўлган ҳудудларда ис газидан ҳалок бўлиш ҳолатлари учраб туради.

Ўтган йилнинг февраль ойида Самарқанд вилояти Қўшработ тумани Тоз қишлоғидаги хонадонлардан бирида юз берган ёнғин оқибатида бир оиланинг саккиз аъзоси нобуд бўлган эди. Оила уйини иситиш учун ёққан кўмирдан ис гази чиқиши оқибатида ҳалок бўлган.

Жиззах вилояти Дўстлик туманида истиқомат қилган эр-хотин ва уларнинг бир қизи 2016 йилнинг 30 декабрида ис газидан заҳарланиб ўлган эди.

XS
SM
MD
LG