Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:29

Самарқанддаги ёнғинда бир оиланинг саккиз аъзоси нобуд бўлди


Самарқанд вилояти Қўшработ тумани Тоз қишлоғидаги хонадонлардан бирида юз берган ёнғин оқибатида бир оиланинг саккиз аъзоси нобуд бўлди. Ҳодиса душанбадан сешанбага ўтар кечаси ярим тунда содир булган. Рўзиқуловлар хонадонида юз берган ёнғин сабаблари ҳодиса рўй берганидан беш кун ўтиб ҳам номаълум бўлиб қолмоқда. Ҳозирда Самарқанд прокуратураси оила уйини иситиш учун ёққан кўмирдан ис гази чиқиши оқибатида ҳалок бўлган бўлиши мумкин, деган фаразларни ўрганмоқда.

Самарқанддаги ёнғин рўй берган ҳонадонда Расул Рўзиқулов, турмуш ўртоғи ҳамда уларнинг уйланган ўғли ва келини ҳамда мактаб ёшидаги яна тўрт фарзанди ҳаётдан кўз юмган.

Қўшниларининг Озодликка айтишича, оила ёнғин оқибатида эмас, балки газ исидан ҳалок бўлган бўлиши мумкин.

–Бизни қишлоққа газ ўтмаган. Тоғдан ўтин олиб келиб, уйни иситамиз. Булар кўмир ёқишган ва шундан сизиб чиққан ис газидан ўлган бўлишлари мумкин. Чунки, жасадларда куйиш белгилари бўлмаган. Агар ёнғиндан бўлса кимдир ташқарига югуриб чиқар эди-да. Булар ҳаммаси ётган жойида ўлиб ётишган бўлган, - дейди воқеа гувоҳи бўлган қўшработликлардан бири.

Қўшработ тумани ёнғин ўчирувчилари ҳодиса жойига бир неча дақиқада етиб боришгани, аммо уй ичидагиларни қутқаришнинг имкони бўлмаганини айтишади.

- Уйни 40 квадрати ёнган эди. Уйда саккиз киши яшаган. Ўт ўчирувчиларимиз боришганида айримлари ўлиб бўлган, айримлари чалажон эди. Лекин, уларни ҳаётини қутқаришни иложи бўлмади. Ўлим ва ёнғин сабаблари ўрганилмоқда. Ҳамма маълумот Тошкентдаги Ҳадича Сулаймонова номли суд экспертиза марказига юборилган. Дастлабки тахминларга кўра, улар заҳарланишдан ўлган. Ёнғин печкадан чиққан. Нима ёқишган ва қандай бўлган бу билан прокуратура шуғулланяпти. Кўмир ис газидан заҳарланишган, деган тахминлар ҳам ўрганилмоқда, - деди Қўширобод тумани Ёнғин хавфсизлиги идораси расмийларидан бири.

Қўшработ туманининг Тоз қишлоғида яшовчи аҳоли вакиллари эса уйларига газ ўтмагани боис ўтин, кўмир ёқиб қишни чиқаришларини айтишади.

Улар бир неча йиллардан буён Қўшработ тумани ҳокимлигига газ ўтказиб бериш, газ баллонлар билан таъминлашни сўраб мурожаат қилиб келади.

Аммо мурожаатлар ҳозирга қадар жавобсиз қолмоқда.

- Газ йўқлигидан одамлар ўзлари тоққа чиқиб ўтин териб келади. Ҳар хил нарсаларни ёқади. Оқибатда мана шундай бахтсиз ҳодисалар бўлади. Ҳокимиятдан илтимос қиламиз, аҳолини дардига қулоқ солсин, - дейди исми сир қолишини ситаган қўшработликлардан бири.

Қўшработ тумани ҳокимлигидан эса Тоз қишлоғидаги фожеали ёнғин юзасидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

XS
SM
MD
LG