Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:47

Ўзбек-қирғиз чегараси: Расмий Бишкек қайси баҳсли ҳудудлар Қирғизистонга ўтганини очиқлади


Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга ўтказилишига қарши 2021 йилнинг 19 апрелида ўтказилган митинг пайтида олинган сурат.
Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга ўтказилишига қарши 2021 йилнинг 19 апрелида ўтказилган митинг пайтида олинган сурат.

10 октябрь куни Қирғизистон парламентининг Халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция қўмитаси йиғилишида Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев "Ўзбекистондан Қирғизистонга ўтган" баҳсли ҳудудлар масаласида ахборот берди.

Шундан сўнг парламент қўмитаси Қирғизистон-Ўзбекистон чегараси, жумладан, Кампиробод сув омбори бўйича икки томонлама келишув лойиҳасини маъқуллади.

Энди ҳужжат ҳар икки давлат президентлари томонидан имзоланиши, кейин эса Жогорку Кенеш томонидан ратификация қилиниши лозим.

Қирғиз парламентининг халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция бўйича қўмитасининг ёпиқ мажлисида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев чегара музокаралари натижасида Ўзбекистондан Қирғизистонга ўтадиган ерлар тўғрисида маълумот берди. Булар қуйидаги ҳудудлардир:

Ғавасой (Олабуқа тумани) 12 849 гектар,

Кўксерек (Олабуқа тумани) 105 гектар,

Баястан (Олабуқа тумани) 212 гектар

Ункуртоғ (Ахси тумани) 35 гектар,

Кара-Белес (Олабуқа тумани) 25 гектар,

Оқтош ( Қорасув тумани) 100 гектар,

Кампиробод сув омбори жойлашган Шархонсой каналининг бошланишидаги 19,5 гектар ерни томонлар бир бирлари билан алмашди.

Ўзган ва Сузоқ туманларида 1000 гектар.

Ташиев йиғилишнинг жамоатчилик учун очиқ бўлган қисмида мана шу маълумотларни ошкор этиш билан чекланди. Бу ҳолатда ҳам журналистлар, блогерлар ва фаоллардан йиғилиш залига киришдан олдин телефонлари олиб қўйилди, уларнинг видео ва овоз ёзишлари тақиқланди.

Қамчибек Ташиев бундай тақиқни чегарага оид махфий маълумотлар ошкор этилиши, бу борадаги ҳужжатлар икки давлат президентлари имзолаганидан кейингина ошкор этилиши мумкинлиги билан изоҳлади.

Озодлик радиоси қирғиз хизматининг ёзишича, Қамчибек Ташиев тақдим этган бу рақамлар якуний ва аниқ деб бўлмайди. Чунки айрим ҳудудлар бўйича йиғилишда турли рақамлар айтилди ва улар ўртасида 50 гектаргача фарқ борлиги сезилди.

Президент Садир Жапаров 9 октябрь куни “Кабар” агентлигига берган интервьюсида Ўзбекистон билан музокаралар натижасида баҳсли ҳудудларнинг 98 фоизи Қирғизистонга ўтганини билдирган эди.

Ташиев жамотчилик учун ошкор этган маълумотлардан сўнг йиғилиш ёпиқ эшиклар ортида давом этди. Унда Ўзбекистон билан чегара бўйича сўнгги келишув лойиҳаси овозга қўйилди.

Депутатлар Қирғизистон-Ўзбекистон чегараси, жумладан, Кампиробод сув омбори бўйича икки томонлама келишув лойиҳасини кўпчилик овоз билан маъқуллади. Қўмита раиси, депутат Чингиз Айдарбеков йиғилишдан сўнг журналистларга ўзи қарши овоз берганини айтди:

Чингиз Айдарбеков
Чингиз Айдарбеков

"Мен бу масала бўйича бир неча бор фикр билдириб, қоғоз ва ҳужжатларни кўрмагунимча розилик бера олмаслигимни айтганман. Шунинг учун мен қарши овоз бердим”.

Айдарбековнинг айтишича, делимитацияга оид ҳужжатлар фақат муҳокама куни, яъни 10 октябрда депутатларга тақдим этилган. Бироқ мазкур ҳужжатлар асосида тузилган чегарага оид икки томонлама баённома тақдим этилмаган.

Айдарбековга кўра, Қамчибек Ташиев бу ҳолатни “ҳужжатларнинг аксарияти махфий ва улар ратификацияга олиб келинганида ошкор этилади”, - деб изоҳлади.

Ташиев келишув лойиҳасига асосан, Қирғизистон харитаси 15 806 гектаргача кенгайтирилишини айтди. Бундан ташқари, Қирғизистон 1965 йилда Кампиробод қурила бошлаганида Ўзбекистондан Олабуқа (1307 га), Ақси (571 га), Новкен (1088 га), Аравон (148 га) ва Қадамжой (1013 га) туманларига 4127 гектар ер олганини, уларни қўшганда жами 19 699 гектар ер Қирғизистонга ўтаётганини билдирди.

Қирғизистоннинг собиқ Фавқулодда вазиятлар вазири Мамбетжунус Абилов йиғилишдан сўнг Озодлик радиоси қирғиз хизматига берган интервьюсида бошқачароқ маълумотларни айтди:

Мамбетжунус Абилов
Мамбетжунус Абилов

"Бизга берилади дейилган ерлар авваллари Қирғизистонники бўлган. Ғавосойдаги ўша 12 минг гектар қирғизларга тегишли эди. Ўз даврида туман миқёсидаги қарор билан Ўзбекистонга ўтиб қолган. Вақтинча фойдаланишга берилган ерлар бўлган. Ҳозир қўшни давлат бизнинг ерлар билан савдо қиляпти. Уларнинг ҳар бири турли тарихга эга. Кампирободни алоҳида кўриш керак эди. Бундан ташқари Кампиробод ҳозирги кунда Қирғизистон учун жуда муҳим эди. Ҳозир Ўзбекистон сув боши бўлиб қоляпти. Сувнинг нархи кундан кунга ошиб бормоқда. Одамлар сони кўпайган сари нархи ҳам ошиб бормоқда”.

Қамчибек Ташиевнинг йиғилишда айтишича, Кампиробод сув омбори жойлашган 4485 гектар ер Ўзбекистонга ўтадиган бўлди. Қўшни давлат сув сақлайдиган тўғонга ҳам эгалик қилади.

Ташиевга кўра, Кампирободдаги сув захирасидан фойдаланишни назорат қилиб турувчи саккиз кишидан иборат қирғиз-ўзбек қўшма корхонаси ташкил этилади. У, шунингдек, сув сатҳи 908 дан 900 гаризонтга туширилишида 1246 гектар ерни бўшаши, уни маҳаллий аҳоли фойдаланиши мумкин эканини қўшимча қилди.

Махсус хизмат раҳбарининг сўзларига кўра, Ўзбекистон сув омбори атрофида ҳеч қандай қурилиш ишлари олиб бормаслик ва унинг атрофини тўсмаслик мажбуриятини олган.

Ўзбекистон томони шу кунгача Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва махсус хизмат раҳбари Қамчибек Ташиевнинг чегарага оид баёнотларига ўз муносабатини расман билдирмади.

Форум

XS
SM
MD
LG