Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:31

Ўзбекистон билан чегарадаги баҳсли ерларнинг қарийб 99 фоизи Қирғизистонга ўтди - Жапаров


Кампиробод сув омбори.
Кампиробод сув омбори.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров сўнгги кунларда “Ўзбекистонга бериб юборилган” қабилидаги миш -мишлар ортидан қирғиз жамиятида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлаётган Кампиробод сув омбори икки давлат томонидан 50/50 улушда бошқарилиши ҳақида билдирди.

Айни пайтда қирғиз мухолифати лидери Адахан Мадумаров Кампиробод сув омбори тўлиқ Ўзбекистонга ўтгани ва бу билан 4000 гектар ер ҳам Тошкент тасарруфига берилганини иддао қилди.

Март ойида Тошкентда бўлиб ўтган чегара музокараларидан сўнг Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев сув омбори тўғони тўлиқ Ўзбекистон томони назоратида қолишини, бироқ томонлар сув ресурсларидан ҳамкорликда фойдаланишини айтган эди. Бу баёнотлар ортидан ҳокимият қарорига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтган.

Ўзбек томони Қирғизистон билан Кампиробод сув омбори ва бошқа баҳсли ҳудудлар юзасидан эришилган келишув тафсилотларини очиқламаяпти.

Президент Садир Жапаров Фейсбукдаги расмий саҳифаси орқали Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарасидаги Кампиробод сув омбори ва унинг атрофидаги вазиятга муносабат билдирди:

"Яқин орада шартнома имзоланиб, парламентдан ўтиб, шартнома бузилмайдиган бўлиб тасдиқлангач қайси ерлар бизга ўтгани маълум бўлади. Чидаб кутиб туринглар. Асосан баҳсли ерларнинг деярли 99 фоиз бизга ўтди. Кампирободни бунга қадар тўлиқ Ўзбекистон назорат қилган бўлса, бундан буён 50/50 улушдаги қўшма корхона тузиб, тўғонни бирга бошқарамиз деган қарорга келдик. Сувнинг сатҳини 908 горизонтдан 900 горизонтга туширдик. Мана шунда сув омбори ҳудудидаги 1246 гектар ер сувдан бўшаб, бизга ўтяпти. Бу ердан маҳаллий аҳоли умрбод қишлоқ хўжалик йўналишида фойдаланади".

Президент ўз постида Кампиробод сув омбори масаласида аҳоли билан учрашиб, етти соат давомида уларнинг саволларига жавоб берганини қўшимча қилди.

Шунингдек, у Ўзбекистонга "Қирғизистоннинг бир сантиметр ери берилмагани"ни, қолган баҳсли ҳудудлар бўйича маълумот кейинроқ айтилишини ва буни қирғизистонликлар хурсандчилик билан қабул қилишини қўшимча қилган.

Садир Жапаров Кампиробод масаласидан ўз сиёсий мақсадларида фойдаланиб, “халқни қўзғамоқчи бўлганларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиши”дан огоҳлантирди.

Сентябрь ойи охирида Ўш вилоятининг Ўзган туманида норозилик намойишлари бўлиб ўтган, унда маҳаллий аҳоли Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга ўтказилишидан хавотир билдирган ва президентдан Ўзбекистон билан Кампиробод масаласида имзоланган сўнгги протокол бўйича тушунтириш беришни талаб қилган эди.

Шундан сўнг 4 октябрь куни Қирғизистон президенти Кампиробод сув омбори масаласи юзасидан Ўш вилоятининг Ўзган тумани аҳолиси билан учрашув ўтказди.

Учрашувда мамлакат парламентининг фракция етакчилари, айрим депутатлар ва миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ҳам иштирок этди. Туман ҳокимияти биноси олдига келган юзлаб одамлар президентнинг аҳоли билан учрашуви ташқарида ўтишини, Кампиробод масаласида тўлиқ ва очиқ маълумот беришини талаб қилди.

Учрашувга келган аҳоли ҳокимият залига сиғмагани сабабли учрашувга аввал бир гуруҳ, кейин иккинчи гуруҳ кирди. Учрашувга келганларнинг қўлларида “Протоколлар бекор қилинсин!”, “Кампиробод ота мерос!”, “Кампирободдан қўлингни торт ҳукумат!” деган плакатлар бор эди.

Учрашувда иштирок этган фуқаролик жамияти фаоли Жумалидин Сўпуев Кампиробод тўғонини сиёсий масалага айлантирмаслик зарур деб ҳисоблайди:

“Қамчибек Ташиев бир йил аввал халқ билан учрашганида “халқ рози бўлмаса Ўзбекистонга бир метр ер ҳам берилмайди” деган эди. Халқимизнинг биргина талаби бор. Масалага сиёсий тус беришнинг кераги йўқ. Кампиробод масаласини кўтаришмасин. Бу баҳсли ер эмас. Нима учун Садир Жапаров даврига келиб, Кампиробод муаммога айланяпти? Кампиробод тўғонининг 60% Ўзбекистонда, 40% Қирғизистонда турибди. Шундайлигича тураверсин. Ўзбекистон сувимиздан фойдаланяптими, фойдаланаверсин. Ҳукумат тепасига қачонки саводлилар келганида бу масалани ҳал қилиб олишади. Унга қадар шу аҳволда тураверсин. Халқнинг талаби шу”, дея Сўпуевнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Озодлик қирғиз хизмати.

Хабарда айтилишича, парламентдаги "Бутун Қирғизистон" фракцияси етакчиси, мухолифатчи Адахан Мадумаров учрашувдан сўнг журналистларга берган интервьюсида президент саволларга очиқ жавоб бермаганини иддао қилган.

"Кампиробод (Ўзбекистонга ўтиб) кетди. Шундай қилиб 4000 гектардан ошиқроқ ерни бериб юборишди. “Бу ерларнинг компенсациясини (Ўзбекистондан) 1965 йилда олганмиз дейишди”. Учрашувда саволларга очиқ, шаффоф жавоблар берилмади”, деб айтган қирғиз мухолифатчиси.

Март ойида Тошкентда бўлиб ўтган музокаралардан сўнг Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев сув омбори тўғони тўлиқ Ўзбекистон томони назоратида қолишини, бироқ томонлар сув ресурсларидан биргаликда фойдаланишини айтган эди. Бу баёнотлар ортидан ҳокимият қарорига қарши бир қатор норозилик намойишлари бўлиб ўтган.

Ўзбекистон билан алоқалар илиқлаша бошлаган 2017 йилгача Кампиробод сув омбори бошқа сув хавзалари каби икки давлат ўртасидаги асосий баҳс нуқталаридан бири бўлиб келган эди.

Тошкент, айниқса, Косонсой ва Кампиробод сув омборлари Ўзбекистонга тегишли экани, бу объектлар тўлиғича Тошкент ихтиёрига ўтказилиши шартлигини талаб қилиб келган.

“Косонсой” ва “Кампиробод” сув омборлари Фарғона водийсидаги экин майдонларини сув билан таъминловчи асосий заҳира ҳисобланади.

2016 йилнинг мартида Қирғизистон ҳукумати Ўртатўқай (Ўзбекистонда Косонсой, деб аталади) ва Каркидон сув омборлари, Катта Наманган, Чуст, Норин, Сўх-Шохимардон, Лаган, Савай каналларини Ўзбекистон ихтиёридан Қирғизистонга қайтариш бўйича ишлар бошланганини билдирган эди.

Аммо Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келиши ортидан Қирғизистон билан муносабатларда илиқлик пайдо бўлгач мазкур жараён тўхтатиб қўйилган ва чегараларни аниқлаш ишлари тезлашган.

Ўзбек томони чегара музокаларининг натижалари ва Кампиробод (Андижон) сув омбори бўйича эришилган келишув тафсилотлари борасида ҳозирча бирон расмий маълумот бергани йўқ.

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасининг узунлиги 1378 километр бўлиб, унинг 1170 километри, яъни 85 фоизи 2017 йилда, яна 13 фоизи 2021 йилнинг февралида аниқланиб бўлингани маълум қилинган. Айни пайтда баҳсли бўлиб қолаётган 2 фоиз ҳудуд масаласида музокаралар ўтказилмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG