Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:38

“Бухоронинг бомбаланиши” ёки Путин сояси тушган кўргазма 


Рассом "Бухоронинг бомбаланиши" асари билан. Лондон, 1988 йил.
Рассом "Бухоронинг бомбаланиши" асари билан. Лондон, 1988 йил.

Таниқли ўзбек рассоми Вячеслав Охунов қаламига мансуб "Бухоронинг бомбаланиши" картинасининг Ўзбекистон давлат санъат музейидаги намойиши номаълум сабабга кўра амалга ошмади.

АҚШдаги хусусий коллекциядан 25 март куни Тошкентга олиб келинган асар, ташкилотчиларга кўра, 27 март куни Ўзбекистон Давлат санъат музейида Рауф Парфи ҳайкалининг очилиш маросимида тақдим этилиши керак эди.

Аммо, рассомнинг Озодликка айтишича, музей раҳбари Васила Файзиева "Бухоронинг бомбаланиши" картинасини экспозиция залига осишга рухсат бермаган.

Эни етти¸ бўйи эса икки метрлик матога мойбўëқда ясалган бу асар ўтган ҳафта АҚШда хусусий коллекциядан топилиб Ўзбекистонга келтирилганди.

“Музейга келганимизда расм коридорда упаковкада турибди, улар уни кўргазмага қўйишни исташмаган. Сабабини айтишмайди. Директор Васила, биз уни тақдимотга олиб кела олмаймиз, дейди. Лекин “Чўлпон портрети”ни экспозицияга қўйишди”, - дейди Охунов.

Вячеслав Охунов 1987 йилда чизган “Бухоронинг бомбаланиши” триптих асари нимаси билан музей раҳбариятини чўчитди? Рассомнинг Ўзбекистонда илк даъфа Ленин портрети ўрнига осилган “Чўлпон портрети” мумкину, лекин “Бухоронинг бомбаланиши” мумкин эмас.

“Менимча, русларни ортиқча ғазаблантирмаслик учун. Чунки руслар Бухорони бомбардимон қилган, муқаддас “Бухорои Шариф”ни, мусулмон оламининг устунларидан бири бўлган шаҳарни. Тўсатдан бу мавзу Украинадаги уруш авж палласига чиққан бир пайтда бўртиб чиқяпти, руслар ўтмишда ҳам жуда ёқимсиз ишлар қилганлиги маълум бўляпти.

Қолаверса, Ўзбекистон Давлат музейига яқинда Россия фуқароси директор ўринбосари этиб тайинланди. Узоқ йил Векселбергнинг шахсий музейи директори муовини бўлиб ишлаган одам. Векселберг эса Путиннинг ҳамёни эканини биламиз, у Фаберже тухумлари коллекциясини тўплаб, Санкт-Петербургда музей очган. Ана шу музей раҳбарларидан бири бўлган одам ҳозир Ўзбекистон Давлат музейи директорининг ўринбосари. Яъни, бу Путиннинг одами ёки Векселберг орқали Тошкентда аллақачон директор ўринбосари сифатида ишламоқда”, - дейди Вячеслав Охунов.

"Релокантми ё Россиядан юборилган чопарми?"

Бу ерда гап шу йил 27 февраль куни Ўзбекистон Давлат Санъат музейи директорининг илмий ишлар бўйича муовини лавозимига тайинланган Михаил Овчинников ҳақида кетяпти.

Овчинников Тошкентга келгунига қадар Санкт-Петербургдаги ғарб санкцияларига тушган россиялик миллиардер Виктор Векселбергнинг “Фаберже” музейи директори ўринбосари бўлиб ишлаган.

АҚШ Молия вазирлигига кўра, Владимир Путинга яқин бўлган Векселберг Кремль манфаатларидан келиб чиқиб, Россия ташқи сиёсатида юмшоқ куч механизмларини жорий этишда фаол иштирок этиб келади.

Ижтимоий тармоқларда эса Овчинников МДҲ бўйича Россия федерал агентлиги (Россотрудничество) одами деган иддаолар айтилмоқда.

"Жорий йил январида Ўзбекистон давлат санъат музейи директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари лавозимига Россия ватандоши бўлган¸ муқаддам Путинга юмурто сотиб юрган Овчинников Михаил Владимирович тайинланган.

Бу одам урушдан қочган релокантми? Ëки "туземецлар"нинг музейдаги хатти-ҳаракатини кузатишга юборилган чопарми?

Рус қўшинлари томонидан Бухорони бомбаланиши асари намойишига изн берилмаслиги ортида турган жаноб шу Михаил Владимировичми?

Бу саволларни ҳар бир солиқ тўловчи беришга ҳақли. Шаҳар ҳам, мамлакат ҳам дарвозасиз эмас. Дарвоқе, Каримов даврида бу музейда 300га яқин асар ўмарилиб, ўрнига қалбакиси қўйилгани ортидан музей ҳазиначиси қамалиб кетувди", - деб ёзди Eltuz нашри.

Озодлик шу иддаолар юзасидан Овчинниковнинг ўзига боғланишга ҳаракат қилди, уринишлар бесамар бўлди.

Ўзбекистон Давлат санъат музейи директори Васила Файзиева Озодликка Вячеслав Охуновнинг “Бухорони бомбаланиши” асари экспозицияга қўйилмаганини унинг ҳужжатлаштирилмагани билан изоҳлади:

“Ҳужжатлаштирилмаган. Ўрнатилган тартибда, музейларга тегишли меъёрий ҳужжатлар асосида ҳужжатлаштирилмаган эди, кеча олиб келинганлиги сабабли”.

Лекин, Охуновнинг ҳужжатлаштирилмаган яна бир асари “Чўлпон” портрети қўйилдику?

"Бухоронинг бомбаланиши" асарининг қўйилмагани ҳозир Россия Украинага қарши олиб бораётган уруш билан боғлиқми?

Қандай қилиб Ўзбекистон Давлат музейи раҳбари муовини лавозимига Россия фуқароси тайинланган?

Васила Файзиева Озодликнинг бу саволларига жавоб бермади. Уларни ёзма тарзда тақдим қилишни сўради.

Озодлик Ўзбекистон Давлат музейи раҳбарининг ғарб санкцияларига дучор бўлган Россиянинг mail.ru тармоғида қайд қилинган электрон почтасига саволларни йўллади.

Лекин, ҳозирча Файзиевадан жавоб бўлмади.

Рассом Вячеслав Охунов ўтмишда Ўзбекистонни "қаерига борсанг ҳам бошинг билан уриладиган ëпиқ тизим" дея таърифлаган.

“Бугун ҳам шу тизим унсурлари қолган”, - дейди Охунов.

Рассом “Бухоронинг бомбаланиши” асарини 1987 йилда чизган. У талабалик чоғида "Қумдаги уруш. Фуқаролар уруши тарихи бўйича материаллар" китобини ўқиб, тасаввурини расмга туширган.

Илк бор асар 1988 йилнинг сентябрида Лондондаги Оғахон жамғармасига оид “ZAMON” галереясида намойиш қилган эди.

“Бухоронинг бомбаланиши” асарини АҚШдан Ўзбекистонга олиб келинишига бош қўшган YUZUK нодавлат ташкилоти раҳбари Дилбар Ғаффоровнинг Озодликка айтишича, улар бу картинани Охуновнинг 1984 йилда чизган “Чўлпон” портрети билан бирга Ўзбекистон Давлат санъат музейида тақдим қилишмоқчи бўлишган.

“Картинанинг сўнгги манзили энди Бухорода очилажак “Жадидлар музейи” бўлиши керак. Санъат музейига берилмайди”, - деди Ғаффорова.

Бомбаланган Бухоро

1920 йилда Михаил Фрунзе қўмондонлигидаги қизил армия Бухорони ҳарбий учоқлардан ҳужумга тутган. Шаҳарга ҳар бири 64 килограмм келадиган бомбалар ташланган.

Уч кун давом этган бомбардимон оқибатида шаҳарнинг 30та минорадан иборат қадимий қалъа деворлари бутунлай яксон қилинди.

“Қизил армия ўтган аср бошида Бухорони бомбалаб ўзига бўй сундирди, ҳозир тарих яна такрорланяпти, Россия Киевни бўй сундириш учун тинимсиз бомбалаяпти”, - дейди ўзбекистонлик тарихчи Ҳайдарали Норов.

1948 йилда туғилган Вячеслав Охунов Москвадаги Суриков номидаги Тасвирий санъат олийгоҳини битириб келиб, Ўзбекистонда 80- йилларда янги ижодий тўлқинга асос солган.

Айни пайтда Охунов рангтасвирчи, перфомансист, режиссер, видео-артист, сценограф, шоир, прозаик, эссеист сифатида дунëга танилиб улгурди.

Рассом Ўзбекистонда у узоқ йил чет давлатларга чиқиши тақиқлаб қўйилган ва хорижий давлатларда ўтказилган кўргазмаларида қатнашаолмаган. У сиëсий қарашлари ва мамлакатнинг аввалги президенти ва унинг оиласини танқид қилгани учун бундай тақиққа учраганини айтган.

Форум

XS
SM
MD
LG