Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:18

Бухорода Россиядан қайтган ўзбек имоми қамоққа олинди


Имом Абдулазиз Ҳошимов.
Имом Абдулазиз Ҳошимов.

Жорий йил март ойида Бухоро вилоятига ота-онаси ва яқинларини кўргани келган диндор Абдулазиз Ҳошимов хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳибс этилган. 5 апрель куни ҳибсда қолдириш тўғрисида бўлиб ўтган маҳаллий суд мажлисида Ҳошимовга “ноқонуний диний ташкилотларга аъзолик” ва “экстремизм” айблари қўйилган.

Россия шимолидаги Мурманск шаҳрида истиқомат қилиб келган 30 яшар Абдулазиз Ҳошимов март охирларида яқинларини кўриш учун Бухоронинг Шофиркон туманига келади.

У ўша куниёқ у ўз уйида махсус хизмат ходимлари томонидан ҳибс этилади¸ дейди воқеа тафсилотларини ўрганган Москвадаги “Ёрдам” ташкилоти раҳбари Баҳром Ҳамроев:

- Абдулазиз кечаси келганидан кейин уйига 25га яқин “маскалик”лар келиб, бутун халққа “шоу” кўрсатиб, уни олиб чиқиб кетдилар. У Шофирконда қамалган, лекин Бухорода Миллий хавфсизлик ертўласида сақланган. Уни судга олиб чиққанларида Абдулазиз Ҳошимов ҳатто оёғида тура олмайдиган ҳолатда бўлган – кўтариб чиққанлар. Унга қаттиқ жисмоний тазйиқлар ўтказилган. Абдулазиз ,сўзсиз, бу ҳолатда “экстремистик ташкилотни бошқарганман” деб тан олади. У билан алоқада бўлганлардан бири “Кетманг, борсангиз Ўзбекистонда қамаласиз!”, деса ҳам “Йўқ. Мен ҳеч бир гуноҳ қилмаганманку!” деб кетган. Абдулазиз Ўзбекистонда юрганида ҳам диний бошқармада ишлаган, дейди ҳуқуқ фаоли.

Абдулазиз Ҳошимов Россия фуқаролигини олиш арафасида бўлган
Абдулазиз Ҳошимов Россия фуқаролигини олиш арафасида бўлган

Айтилишича¸ Россияга чиқиб кетгунга қадар Абдулизиз Ҳошимов Бухоро вилоятидаги бир нечта масжидда имомлик қилган. Айни вақтда у Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институтини тамомлаган.

Оғир иқтисодий шароит туфайли муҳожиратга кетган Абдулазиз Россиянинг Мурманск шаҳрида жойлашиб, вақтинчалик яшаш рухсатномасига эга бўлган. У Мурманск шаҳрида ҳам мусулмонлар жамоаси фаоли бўлган, шу ердаги меҳнат муҳожирларига ёрдам бериб келган.

Баҳром Ҳамроевга кўра¸ Абдулазиз эски паспортини алмаштириш ниятида Ўзбекистонга қайтган:

- Мен уни Мурманскда шахсан кўрганман – нормал мусулмон йигит. У Бухоро масжидларида имомлик қилган, ҳукуматга яқин одам бўлган. Ахир Ўзбекистонда имом бўлиш осон эмаску – ҳукумат ноғорасига ўйнамасангиз, масжидга имом бўла олмайсизку! Россияда ҳам диний фаолият кўрсатган, фаол бўлган. Масжид қурилишида қатнашган, Ўзбекистон фуқароларига иш топиб бериб юрган. У Ўзбекистон ҳукуматига умуман қарши гапирмаган. Мен Ўзбекистон ҳукуматини танқид қилганимда гапларимни тасдиқламаган, бошини эгиб, юзлари қизариб жим турган.Одамлар келиб бу ерда пул ишлаб Ўзбекистонга жўнатаяпти, Каримовга қарши ҳеч ким бирор нарса гапираётгани йўқ, деди “Ёрдам” ташкилоти раиси.

Озодликка юборилган тергов материалларидан Абдулазиз Ҳошимов бир гуруҳ бухоролик қаторида “Мусулмон биродарлиги” (“Ал-Ихвон ал-муслимун”) диний тузилмаси бўлинмасида фаоллик қилганлик, унга “Ўзбекистондан келган меҳнат муҳожирларини жалб қилганликда” айбланаётгани маълум бўлди.

Тергов ҳужжатларида “Мусулмон биродарлиги” ячейкасини тузиш ва бошқарув” ҳозирда Карелия Мусулмонлар жамоаси имоми ва Россияда танилган диний фаол¸ асли фаластинлик Висам Али Бардвил томонидан амалга оширилгани айтилган. Адулазиз Ҳошимов ҳам ¸ бир неча йил олдин Мурманскда ишлаб¸ Ўзбекистонга қайтгач Жиноят Кодексининг 244-1 ва 244-2 моддалари асосида қамалган бир гуруҳ ўзбек диндорларига шерикликда айбланмоқда.

(Озодлик бундан икки йил олдин Мурманск шаҳрида “Мусулмон биродарлиги”, ҳам “ваҳҳобийлик” диний-экстремистик оқими ғояларини тарғиб этганликда айбланиб қамалган икки нафар бухоролик мусулмон тўғрисида хабар берган эди.)

Ўзбекистон хавфсизлик хизмати Ҳошимов ва унинг сафдошларини Мурманскда уюштирилган“хуфя йиғинларда “ваҳобийлик” диний-экстремистик оқими асосчиси Тоҳир Йўлдошев ғояларини тарғиб этганликда” айбламоқда.

Абдулазиз Ҳошимовнинг ҳозирда қаерда сақланаётганига оид аниқ маълумот йўқ.

XS
SM
MD
LG