Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:38

Боғчадаги бола ўлими юзасидан холис ахборот беришни сўраган блогернинг ўзи жаримага тортилди


Блогер Дониёр Мавлонов.
Блогер Дониёр Мавлонов.

Жиззах вилоят, Янгиобод тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ўқитувчиси, Faceboоk даги “Жиззахда жамоатчилик назорати” гуруҳи админстратори, блогер Дониёр Мавлонов маъмурий суд ҳукми билан 2 450 000 сўмга жаримага тортилди.

37 яшар блогер 30 июнь куни туман матбуот хизматидан боғчалардан бирида тўсатдан вафот этган бола ўлими воқеасига изоҳ беришни сўраб, ижтимоий тармоқда пост қолдирган.

Бу хабарида блогер на бола исмини ва на у тарбияланаётган боғча рақамини кўрсатган.

Аммо жиноят ишлари бўйича Янгиобод туман суди Дониёр Мавлоновни шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузишда айблаб, унга жарима солди.

Блогер буни ижтимоий тармоқларда қилган танқидий чиқишлари учун унинг овозини ўчириш мақсадида уюштирилганини айтмоқда.

Янгиобод туман, 2- мактабгача таълим ташкилотида 30 июнь куни фожиали воқеа рўй берди.

Боғчанинг 6 яшар тарбияланувчиси сирли равишда вафот этгани хабар тарқалди. Маҳалла, одамлар орасида боланинг ўлими ҳақида турли хил миш-мишлар пайдо бўлди.

Беш кун бу воқеа ҳақида бирор расмий ташкилот изоҳ бермади.

Беш кундан сўнг Facebok даги “Жиззахда жамоатчилик назорати” гуруҳи админстратори, блогер Дониёр Мавлонов ўз саҳифасида қуйидагича пост қолдирди:

"Янгиобод туманидаги болалар боғчасининг бирида 2021 йил 30 июнда 6 ёшли тарбияланувчи тўсатдан вафот этган. Шу борадаги тушунмовчиликларни бартараф этиш мақсадида қисқа фурсатда Янгиобод тумани ҳокимлиги матбуот хизматидан расмий изоҳ сўраймиз".

Блогернинг бу воқеа ҳақида ёзган хабари шу, холос. Хабарда боланинг на исми-шарифи, на боғчанинг рақами кўрсатилган.

Аммо 9 июнь куни участка профилактика инспектори Дониёр Мавлоновга 10 август куни судга келишини телефон орқали айтган.

Марҳума қиз онасининг суддаги кўрсатмаси
Марҳума қиз онасининг суддаги кўрсатмаси

Судда вафот этган боланинг онаси “ижтимоий тармоқларда турли маълумот ва видеолавҳалар тарқатиб, қизининг руҳини безовта қилгани” учун Дониёр Мавлоновни айблаган.

Блогернинг айтишича, судда бу мантиқсиз айблов ҳақидаги фикрлари инобатга олинмаган:

“Мен опага айтдим, хўш мен қаерда сизнинг қизингизни ёки у бўлган боғчанинг рақамини ёзибман, менга кўрсатингчи, деб сўрадим. Опа ҳам аввал ёзмаган бўлсанг, энди ёзишинг мумкин, ушнинг учун сени овозингни ўчириш керак, деди. Унинг жавобидан ажабланиб, судьяга юзландим. Жаноб судья, менга қариши очилган ишда қаерда мен марҳум қизчанинг исмини ёзибман, кўрсатинг илтимос, мен айбимни бўйнимга оламан, десам, судья ҳам эшитмаганга олиб, ҳукмни ўқишни бошлади. Мен бу хабарим орқали жаамоатчилик оарсида қизнинг ўлими ҳақида аҳра қанақа миш-мишларга чек қўйиш учун ҳокимлки матбуот хизматидан холисон изоҳ сўраган эдим, холос!”

Блогернинг судда берган кўрсатмаси
Блогернинг судда берган кўрсатмаси

Жиноят ишлари бўйича Янгиобод туман суди қарорига кўра, Дониёр Мавлонов Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 46-моддаси прейм-1 қисми (Шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) билан айбланган.

Блогернинг айтишича, у ташкил қилган Facebok даги “Жиззахда жамоатчилик назорати” гуруҳида ёритилган ижтимоий муаммолар ҳокимликнинг қитиқ патига тегиб кетган ва шу баҳонада унинг овозини ўчириш учун бу спектакл суд ташкил қилинган:

“Агар ҳозир ҳам ўша қизнинг онасига яна бир ариза ёзиб беринг деса ёза олмайди. Мен қонунни бузганим йўқ, ҳеч қандай шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузганим йўқ. Мен давлат ташкилотида рўй берган фожиали воқеа ҳақида тўғри ва холис маълумот беришларини сўрадим, холос”.

25 август куни Жиззах вилоят суди ҳам Дониёр Мавлоновнинг апелляция аризасини ҳам эътиборга олмай, Янгиобод туман суди қарорини ўз кучида қолдирди.

Озодликнинг жиноят ишлари бўйича Янгиобод тумани судидан бу вқоеа бўйича изоҳ олишга қилган ҳаракатлари натижасиз қолди. Суд ходимлари телефон орқали маълумот берилмаслигини айтди.

Бола ўлимига нима сабаб бўлган?

Жиззах вилоят Давлат мактабгача таълим ташкилоти бошқармаси бошлиғи Феруза Солиева бу воқеа юзасидан текшириш олиб борилгани, боланинг ўлими ҳодисасини прокуратура ўрганганини айтди.

Вилоят ДМТТ баённомасида бу ҳақда шундай дейилган:

“Янгиобод туманидаги 2 сон ДМТТида 2021 йил 30 июнъ куни 2015 йилда туғилган вояга етмаган 6 ёшли тарбияланувчи Рўзибоева Дурдона Илхом қизи ДМТТ га яхши холатда келган. Шифокор Насриддинова Гавҳар томонидан тиббий текширувдан ўтказиландан сўнг тарбиячи Рахмонбердиева Умида ва ёрдамчи тарбиячи Ўринбоева Гулнозалар тарбияланувчини қабул қилиб олган. Тушликдан сўнг тарбиячлар томонидан болаларга соғломлаштирувчи бадантарбия машғулотлари ўтилиб, болалар уйқуга ётқизилган. Шу куни тахминан 14.30лар атрофида ёрдамчи тарбиячи Ўринбоева Гулноза томонидан болалар уйқудан уйғотилганда тарбияланувчи Рўзибоева Дурдонанинг безовталанаётгани яьни, бурни конаётгани маьлум булади тарбиячи шу захотиёк тез тиббий ёрдамга мурожаат қилган. Ва бу хақда туман мактабгача таълим бўлимига хабар берилган. Холат юзасидан Янгиобод туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув харакатлари ўтказилган бўлиб, 30.07.2021 йил куни мархума Дурдона Рўзибоева вафоти юзасидан тўпланган хужжатлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят Процессуал кодексининг 83-моддаси 2-қисми билан Жиноят иши қўзғатилиш рад этилди”.

Феруза Солиева Дониёр Мавлоновнинг жаримага тортилганидан ҳайратда эканлигини яширмади:

“Блогернинг хабаридан сўнг шахсан ўзим бу воқеани текширгани бордим. Депутатлар ва маҳалла билан гаплашдим. Дониёр Мавлоновнинг ўзи билан ҳам суҳбатлашдим. Блогерда бирор бир одамга шахсий адоват ёки қасддан бу воқеани ёзганлик ҳолатини кузатмадим. Мен ўзим ҳам унга бу воқеа прокуратура томонидан текширилаётгани ҳақида видеоинтервью бердим. Лекин ҳеч қаерда қизчанинг исми ёки боғча рақами эсланмаган эди”.

Бу иш билан таниш бўлган ўзбекистонлик адвокат Умид Давлетовнинг айтишича, Дониёр Мавлоновнинг бу модда билан айбланишига ҳеч қандай асос йўқ:

"Блогерни бу модда билан айблашга ҳеч қандай асос йўқ. Блогер эгасининг рухсатисиз бирор бир кишининг шахсий маълумотини очган эмас. Умймий қилиб бўлиб ўтган воқеа юзасидан муносабат сўраган. У ерда фалончи ўлди ёки мана бу касаллик билан ўлди деб ёзмаганку. Уни маъмурий жавобгарликка тортишга ҳеч қандай асос йўқ, мустақил фикр у, инсон ҳуқуқидан фойдаланган, холос".

Блогер Дониёр Мавлонов ўтган йиллар давомида Facebok даги “Жиззахда жамоатчилик назорати” гуруҳи саҳифасида бюджет пулларининг талон-торож қилинаётгани, маҳаллий ижтимоий муаммолар ҳақида ўнлаб танқидий мақолалар эълон қилган.

“Янгиободдаги янгиланмаётган маданият маскани”, “Янгиобод туманидаги Болалар ўсмирлар спорт мактабида спорт зали қуриш нега кечиктирилмоқда?”, “Халқдан нима учун миллионлар йиғилди. Қонуниймиди? Туман ҳокими, сектор раҳбари қаерга қараган...”, “Мана ким президентга хиёнат қилмоқда...” каби мақола ва видеолари Youtube ва Facebook да эълон қилинган.

Халқаро матбуот ташкилотлари Ўзбекистонда президентлик сайловлари йилида ижтимоий тармоқлар устидан назорат кучайгани, камчиликларни ошкора танқид қилаётган блогер ва журналистларга нисбатан босим кучайганини қайд этган.

Жумладан, сурхондарёлик блогер Отабек Сатторийнинг маҳаллий ҳокимият идораларидаги коррупцияга қарши чиқишлари ортидан қамоққа ташланиши халқаро ташкилотларнинг танқидларига сабаб бўлган.

XS
SM
MD
LG