Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:46

Блогер Озодбек Қурбонов майда безориликда айбланиб 15 суткага қамалди


Озодбек Қурбонов Ҳақиқат ва тараққиёт” партияси  етакчиси Хидирназар Аллақулов фаолиятини қўллаб-қувватловчи чиқишлари билан танилган. 
Озодбек Қурбонов Ҳақиқат ва тараққиёт” партияси  етакчиси Хидирназар Аллақулов фаолиятини қўллаб-қувватловчи чиқишлари билан танилган. 

15 июль куни Тошкентдаги Президент Администрацияси биноси олдидан ушлаб кетилган мустақил блогер Озодбек Қурбонов майда безориликда айбланиб 15 суткага қамалди.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган “Ҳақиқат ва тараққиёт” партияси фаолларига кўра, судда блогер "ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатгани" ва ходимларни "ҳақорат қилгани" айтилган.

Блогерга нисбатан 15 суткалик қамоқ жазоси пойтахтнинг Яшнобод туман суди томонидан чиқарилгани айтилмоқда, аввалроқ Озодлик унинг Яккасарой туман ИИБсида ушлаб турилганини аниқлаган эди.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари 15 июль куни Президент Администрацияси олдида юз берган ҳодиса ва 23 яшар блогернинг тақдири ҳақида расмий маълумот берганича йўқ.

YouTube даги "Куч бирдамликда" канали бош муҳаррири бўлган Озодбек Қурбонов ҳукуматга қаратилган танқидий ва “Ҳақиқат ва тараққиёт” партияси етакчиси Хидирназар Аллақулов фаолиятини қўллаб-қувватловчи чиқишлари билан танилган.

Гувоҳларнинг айтишича, 15 июль куни у “Ҳақиқат ва тараққиёт” партиясининг Конституцион судга жамоавий аризаси топшириш жараёнини ёритаётган бўлган.

"Куч ишлатилди"

15 июль куни тармоқларга жойлаштирилган видеомурожаатида “Ҳақиқат ва тараққиёт” партияси етакчиси, профессор Хидирназар Аллақулов Президент Администрацияси биносида жойлашган Конституциявий судга шикоят қилгани борганида 40-50 нафар шахслар ҳужумига учраганини даъво қилди.

Унинг сўзларига кўра, шикоят аризаси топшириш жараёнини ёритиш учун борган блогер Озодбек Қурбонов номаълум шахслар томонидан машинага босиб олиб кетилган.

Партия фаоллари Ўзбекистон Конституциявий суди биноси олдида ўзларига қарши уюштирилганини иддао қилаётган ҳужумда, уларнинг сўзларига кўра, "аксари аёллар" ва ички ишлар ходимлари қатнашган.

"Озод Қурбоновни уриб, қўлларини қайириб, машинага тиқишиб, ўғирлаб олиб кетишди", деб айтган профессор Аллақулов 15 июль куни қилган видеочиқишида.

Аллақуловнинг сўзларига кўра, 7 нафар партия фаоллари Ўзбекистонда расмий рўйхатдан ўтган беш партия фаолияти ноқонуний молияланаётгани масаласини кўриб чиқишни сўраб, Конституцивий судга мурожаат қилишган.

У 23 яшар блогерга қилинган ҳужумни унинг сиёсий фаолияти билан боғлайди.

15 июль кунги ҳодисада партиянинг яна бир фаоли Муҳаммадамин Эрматов ҳам ушлаб кетилган. Озодлик билан суҳбатда у ҳодиса тафсилотлари ҳақида гапириб берди:

- Биз Конституциявий судга 100 киши имзолаган шикоятни топширгани боргандик. Киришимиз билан формали-формасиз одамлар босиб кетди, ва ўша ерда мени ва фаолимиз Мухтор ака Убайдуллаевни Юнусобод туман ИИБсига олиб кетишди, Озодбекни Яккасаройга олиб боришибди. Мени Мухтор ака билан қўйиб юборишди дарров, кечирим сўраб. Фақат Қурбоновни ушлаб қолишибди. Унга маъмурий 183 моддани қўйиб (“Майда безорилик”-таҳр.), ҳозиргина судлаб, 15 сутка беришибди – ҳозиргина хабарини олдик! Суд ҳукмини ҳам ўқиб қўйибди, - деб айтди Муҳаммадамин Шерматов.

Озодлик блогер Қурбонов Тошкент шаҳар Яккасарой тумани ИИБсида ушлаб турилганини аниқлади. Бироқ туман Ички ишлар бошқармаси навбатчиси Озодбек Қурбонов нима асосда айбланганини айта олмаслигини маълум қилди:

- Блогерми у, журналистми – билмадим. Лекин фуқаро Озодбек Қурбонов ҳозир бизда. У нимада айбланаётганини сизга айта олмайман – РОВДга ўзингиз келиб билишингиз мумкин.

Озодлик шу йил бошида Россияда фаолият юритган термизлик Озодбек Қурбонов билан суҳбатлашган. Унда блогер Россияда Аллақулов партияси учун имзо кампаниясига қўшилганлар "25-30 мингга етгани"ни хабар қилганди.

Россияда Аллақулов тарафдорларининг имзосини тўплаган блогер Тошкентга келганидан сўнг ҳам партия фаолиятини ёритишда давом этган. Профессор Аллақуловнинг сўзларига кўра, у партиянинг интернет администратори сифатида фаолият олиб бораётганди.

Озодбек Қурбонов 12 июль куни Тошкентнинг Юнусобод тумани Мажбурий ижро бюроси ходимлари огоҳлантиришсиз Аллақуловнинг уйига келиб, уйдаги маиший жиҳозлар - телевизор, кир ювиш машинаси ва микротўлқинли печни мусодара қилгани тўғрисида биринчилардан бўлиб тармоқларда хабар тарқатганди.

Жорий йилнинг 21 июнь куни Адлия вазирлиги “талаб этилганидан қарийб 3 марта кам имзолар тақдим этилгани” важидан Аллақулов партиясини рўйхатдан ўтказишни рад этганди.

Партия фаоллари ўзларига нисбатан босимлар тўхтамаётганини айтмоқда.

Ўзбекистонда президент сайловлари шу йилнинг 24 октябрида бўлиб ўтади. Парламентдаги мавжуд беш партия раҳбарлари президентликка номзод бўладиган сайловларда кўпчилик амалдаги президент Шавкат Мирзиёевнинг иккинчи муддатга сайланишига шубҳа қилмайди.

2019 йил декабридаги парламент сайловларини кузатган ЕХҲТ миссияси Ўзбекистондаги нисбатан эркинлашган матбуот сиёсий мухолифатнинг ўрнини боса олмаганини айтган эди.

XS
SM
MD
LG