Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:35

Бишкекда оломон хорижликларга ҳужум қилди - ўнлаб одам яраланган


Оломон хорижликларга ҳужум қилгани акс этган видео скриншоти.
Оломон хорижликларга ҳужум қилгани акс этган видео скриншоти.

Қирғизистон пойтахти Бишкекда 18 майга ўтар кечаси хорижлик талабалар ва муҳожирларга қарши зўравонликлар ортидан 28 киши, жумладан тўрт чет эл фуқароси ҳибсга олинди.

13 май куни маҳаллий қирғиз талабалари ва тиббиёт олийгоҳининг мисрлик талабалари муштлашаётгани акс этган видео интернетда кенг тарқалди. Тармоқ фойдаланувчилари калтакланганлар қирғиз ёшлари эканлиги ҳақида ёза бошлагач, оломон тўпланиб, ётоқхонадаги хорижлик талабаларни калтаклаган. Маҳаллий полиция оломон тўпланган ҳудудни ўраб олган.

Бишкек. 18 май, 2024
Бишкек. 18 май, 2024

Ҳодисага Покистон ва Ҳиндистон кескин муносабат билдириб, Бишкекдаги талабаларидан вақтинчалик кўчага чиқмасликни сўради.

Қирғизистон расмийлари 18 май куни зўравонликларга алоқадорликда гумон қилиниб тўрт нафар хориж фуқароси ҳибсга олинганини маълум қилди. Полиция уларнинг миллатини ошкор қилмаган. Улар тартибсизлик келтириб чиқариш, ирқий, этник, миллий ва диний адоват қўзғатишда айбланмоқда.

Бишкекда таҳсил олаётган покистонлик тиббиёт олийгоҳи талабаси Муҳаммад Иҳтишам Латиф вазиятни шундай изоҳлайди:

«Бу ерда вазият ёмон. Ҳаммаси мисрлик талабалар маҳаллий аҳоли билан муштлашганидан кейин бошланди. Ғазабланган аҳоли ётоқхоналарга бостириб кириб, ҳинд ва покистонлик талабаларни калтакламоқда. Мен кечадан бери бошқа талабалар қаторида университетда қолишга мажбур бўляпман”.

Яна бир тиббиёт талабаси Сайид Шоҳрух Хоннинг айтишича, ўтган тун улар учун «даҳшатли» бўлган.

“Бизнинг ётоқхонамиз ва бошқа кўплаб ётоқхоналарга ҳужум қилишди. Маҳаллий аҳоли эркакми, қизми, ким бўлса, уриб, ерга судради. Ҳатто университет ташқарисида ҳам покистонлик ва ҳиндистонлик талабаларнинг ортидан бориб, уларни калтаклашди».


Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф Қирғизистондаги покистонлик талабаларнинг аҳволидан «чуқур хавотир» билдириб, Покистон элчисига талабаларга барча зарур ёрдамни кўрсатишга топшириқ берганини айтди.

Покистон Ташқи ишлар вазири Ишоқ Дар ҳам вазиятга муносабат билдириб, Қирғизистонда талабаларга қилинган зўравонлик ҳақидаги хабарлар ўта ташвишли эканини айтди.

«Покистонлик талабалар хавфсизлигини таъминлаш учун Қирғизистон расмийлари билан алоқа ўрнатдик», деди Дар.

Покистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида Қирғизистоннинг Исломободдаги элчихонаси вакили Мелис Молдалиев Ташқи ишлар вазирлигига чақирилгани ҳамда юз берган воқеалардан хавотир билдирилганини маълум қилди.

Исломобод Қирғизистон ҳукуматидан покистонлик талабалар ва Қирғизистон фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш учун барча чоралар кўрилишини кутмоқда.

Қирғизистон ҳукумати ўз баёнотида «чет эллик талабаларга нисбатан муросасизлик уйғотишга қаратилган иғволарни» рад этиб, тергов бошлангани ва айбдорлар жазоланишини билдирди.

Расмийлар «ноқонуний миграцияни бостириш ва номақбул шахсларни Қирғизистондан чиқариб юбориш бўйича қатъий чоралар» кўрилаётганини маълум қилишди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиевга кўра, 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган 500-700 чоғли маҳаллий оломон Қирғизистонда меҳнат муҳожирларининг кўпайишига қарши норозилик билдириб, шаҳар марказига йиғилган. Ташиев Қирғизистон асосан, Покистон ва Бангладешдан келаётган ноқонуний муҳожирлар оқими билан курашаётганини, уларнинг аксарияти қонунни бузаётганини қўшимча қилди.

"Кунига камида 20-30, баъзан 50 нафар ноқонуний муҳожирларни аниқлаб, уларни мамлакатдан чиқариб юборишга ҳаракат қиляпмиз. Расмий статистик маълумотларга кўра, қонунни бузган хорижликларнинг аксарияти Покистон ва Бангладеш фуқаролари. Улардан 1500 га яқинини ўз мамлакатларига қайтариб юбордик", деди у.

Соғлиқни сақлаш вазири Алимқодир Бейшеналиев ўз баёнотида тўқнашувдан сўнг уч нафар хорижлик фуқаро шифохонада даволанаётганини билдирди.


Покистон Ташқи ишлар вазирлиги келтирган маълумотга кўра, Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги “тўрт нафар покистонликка биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, бир нафари жағ соҳаси жароҳати билан даволанаётгани ҳақида Покистон томонини хабардор қилган.

Аввалроқ Покистон элчихонаси ҳодиса оқибатида 14 нафар Покистон фуқароси жароҳатлангани ҳақида хабар берган эди.

Ҳодиса Қирғизистон ҳукумати мамлакатдаги ноқонуний меҳнат муҳожирларига қарши қатъий чоралар кўришни бошлаган паллада юз бермоқда.

16 май куни Қирғизистон хавфсизлик хизмати 28 нафар покистонлик ноқонуний ишчилар тери дўконида ҳибсга олинганини эълон қилди.

15 май куни Бишкек полицияси йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузганлик важи билан етказиб бериш хизматида ишлайдиган 400 дан ортиқ хорижлик талабаларнинг фаолиятини чеклаб қўйган.

Форум

XS
SM
MD
LG