Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:28

Қирғизистоннинг "сиёсий ҳамёни". Собиқ божхона мулозими пул ювиш ва жиноий гуруҳ тузишда айбланмоқда


Раимбек Матраимов президент Садир Жапаров ҳукумати аъзоларини ўлдиришга уринганликда гумон қилинмоқда.
Раимбек Матраимов президент Садир Жапаров ҳукумати аъзоларини ўлдиришга уринганликда гумон қилинмоқда.

Собиқ божхоначи, сиёсий “ҳамён” – Қирғизистоннинг энг қудратли ва салбий маънодаги машҳур мулозимларидан бири.

Сайловлар, парламентлар ва президентларни сотиб олгани ҳақида миш-мишлар тарқалган. Бу одам АҚШ томонидан санкция қилинган “коррупционер амалдор”.

Контрабанда ва пул ювишда айбдор деб топилган, биринчи марта журналистлар томонидан фош қилинган, аммо суд залидан озод чиқиб кетган одам.

Ўтган йили мамлакат расмий мусулмон идорасининг янги қароргоҳини қуриб битказган одам.

Номаълум бойлик орттириш қобилияти туфайли "Райим миллион" лақабини олган.

26 март куни 52 ёшли Раимбек Матраимов Бокудан ватанига олиб келинди. У озарбайжонлик қотиллар ёрдамида президент Садир Жапаров ҳукумати аъзоларини ўлдиришга уринганликда гумон қилиниб, қидирувга берилган эди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Раимбек Матраимов ҳибсга олинганини дарҳол тасдиқламади, бироқ бу ҳақда «Озодлик» радиосининг қирғиз хизмати ва бир қатор бошқа оммавий ахборот воситалари ҳукуматдаги манбаларга таяниб хабар берди.

Аммо Матраимовнинг парвоз пайтида ва Бишкекка қўнганидан сўнг олинган фотосуратлари ва видеолари ҳукуматнинг нияти бу собиқ қадами ердан узилганни ер билан яксон қилиш эканлигини кўрсатиб турибди.

Бу сафар у чинакамига қамаладиган кўринади.

Бундан атиги уч кун олдин Хавфсизлик қўмитаси беш нафар Озарбайжон фуқароси қотиллик режасига алоқадорликда гумон қилиниб, ҳибсга олингани ҳақида хабар берган, шунингдек, ҳибсга олинган одамлар суратини эълон қилган эди.

Қўмита таъкидланганидек, фитна мотиви Қирғизистон маъмуриятини йўқ қилиш бўлган, чунки маъмурият "бутун постсовет маконига таъсир кўрсатадиган уюшган жиноий гуруҳларга қарши фаол кураш сиёсатини" олиб бормоқда.

Матраимовнинг гумон қилинаётган жиноий гуруҳ ва унинг Бокудаги базаси билан алоқалари тергов жараёнида аниқланганини иддао қилиб, Қўмита “Озарбайжон томонига [Матраимовнинг ҳибсга олиниши ҳақида] хат юборилганини” айтди.

Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо бўлган Қирғизистон каби Озарбайжон ҳам 26 март куни иш юзасидан ноаниқ баёнот бериб, тўрт нафар Қирғизистон фуқароси “шахси аниқланган” ва “суд идораларига топширилганини” маълум қилди.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати хабар беришича, Матраимовни Қирғизистонга олиб кетаётгани айтилаётган самолёт ўша куни кечқурун Бишкек аэропортига етиб келган ва у ерда бир неча йўловчи фургонда олиб кетилган.

Айни пайтда, Кактус Медиа хусусий ахборот агентлиги томонидан эълон қилинган видеоклипда қуролланган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Матраимовнинг бошидан ушлаб турганини кўриш мумкин.

Қулаш

Қирғизистон расмийлари Матраимовни ҳибсга олишга ордер бергани ҳақида илк бор ўтган йил кузида, қотиллик фитналари ҳақидаги хабарлар пайдо бўлишидан аввал эълон қилинган эди.

Ноябрь ойида Хавфсизлик қўмитасининг нуфузли раҳбари Қамчибек Ташиев Матраимовнинг Қирғизистондаги мулки мусодара қилинаётганини айтиб, собиқ амалдорни яна бир таниқли шахс, криминал авторитет Қамчибек Колбаев билан “жиноий гуруҳ тузиш”да айблаган эди.

Ташиевнинг ушбу изоҳидан бир неча ҳафта олдин Колбаев Бишкек марказида кундузи Хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан отиб ўлдирилган ва бутун мамлакат бўйлаб уюшган жиноятчиларга қарши кампания бошланган эди.

Қолбаев ҳам, Матраимов ҳам АҚШ санкциясига тушган: Матраимов 2020 йилдан бери “Глобал Магнитский қонуни” бўйича, Колбаев эса 2012 йилдан “Қонундаги ўғри” қонуни бўйича.

Бироқ улар яқин вақтгача Қирғизистонда жазосиз қолишган, буни Жапаров ва Ташиев режимининг биринчи йилида уларнинг ўта рамзий маънода қамоқ муддати ўтагани ҳам кўрсатади – бундай юмшоқ муносабат маъмуриятнинг бошқа рақибларига нисбатан қўлланмаган.

Матраимов ва Колбаев ўртасидаги ишбилармонлик алоқалари ҳақидаги миш-мишлари узоқ вақтдан бери тарқалиб келаётган эди.

Суриштирувларда Матраимов Қирғизистондан олиб чиқиб кетилган миллионлаб доллар маблағ учун “дарвозабонлик” қилган, Колбаев эса уни ҳимоя қилиб келган.

Аммо, медиа-таҳлилчи Асел Сооронбоева Озодлик радиоси қирғиз хизматига берган интервьюсида таъкидлаганидек, суриштирувларда Матраимовнинг қилмиши фош бўлишига қарамай, у жазосиз қолаверган.

"Раимбек Матраимовнинг коррупцияга алоқадорлиги ҳақидаги биринчи мақола, адашмасам, 2017 йилда эълон қилинган эди. Фақат журналистлар ва фаоллар унинг жавобгарликка тортилишини талаб қилишган. Сиёсатчилар ўшанда у билан яхши муносабатда эди", дейди у.

Бу даъвони Матраимов, Колбаевнинг сиёсий юқори доиралар билан билан эркин мулоқот қилаётгани акс этган видео ва фотосуратлар ҳам тасдиқлайди.

2022 йилда кенг тарқалган фотосуратлардан бирида уларнинг ўғиллари президент Жапаровнинг ўғли Рустам ва собиқ UFC юлдузи Хабиб Нурмагомедов билан суратга тушган.

Аммо Жапаров ва Ташиев 2020 йилда ҳокимиятга келганларидан бери ҳокимиятни қаттиқ марказлаштирмоқда, яъни бир вақтлар Қирғизистон сиёсий саҳнасини шакллантирган парда орти брокерларга жой қолмаяпти.

Форум

XS
SM
MD
LG