Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:38

Президент қизининг автобус-боғчалари. Хивада 1 ой аввал очилган мобил боғча ҳали иш бошламади


"Ақлвой" лойиҳаси учун мўлжалланган автобус-боғчалар.
"Ақлвой" лойиҳаси учун мўлжалланган автобус-боғчалар.

Бир ой аввал Хоразм вилояти Хива туманидаги иккита чекка маҳалла – “Дошёқ” ва “Серчали” маҳаллаларида “Ақлвой” лойиҳаси бўйича ташкил қилинган мобил боғчаларнинг очилиш маросими ўтказилди.

Бу ҳақда маҳаллий матбуотда ўнлаб хабарлар берилиб, Хивадаги мобил боғчаларга оид фото ва видеолар эълон қилинди.

12 август куни Озодлик ушбу мобил боғча ҳали ишга тушмаганини аниқлади.

Хоразм вилояти Хива тумани “Дошёқ” маҳалласида яшовчи аёл Озодликка боғланиб, уларнинг маҳалласида бир ой аввал очилган мобил боғча ҳануз ёпиқ тургани ҳақида хабар қилди.

“Бир ой аввал бизнинг маҳаллада ҳам автобус-боғча очилганини хабар қилишди. Ёшуллилар (мансабдорлар-таҳр.) келиб, боғчанинг очилиш маросимида иштирок этишди. Ҳамма жойда бу ҳақда ёзиб, мақтанишди. Лекин ҳаммасини ёлғондан кўрсатишди. Чунки бу боғча ҳали бир кун ҳам ишламади. Ёшуллилар келган куни қаердандир болаларни олиб келиб, расмга туширишди. Бу болалар бизнинг маҳалладан эмасди, мен танимадим у болаларни. Ҳаммасини автобусга миндириб олиб келишди”,- деди “Дошёқ” маҳалласида яшовчи аёл.

Хивадаги "Ақлвой" боғчасининг очилиш маросими.
Хивадаги "Ақлвой" боғчасининг очилиш маросими.

Озодлик мобил мухбири 12 август куни “Дошёқ” маҳалласига бориб, мобил боғчага мўлжалланган ўйингоҳ ва автобус-боғчанинг қулфлик турганига гувоҳ бўлди.

Маҳалла фаоллари ва ота-оталар ҳам мобил боғча ҳали иш бошламаганини тасдиқлашди.

“Ишламади ҳали бир кун ҳам. Буни фақат хўжакўрсинга қилишяпти. Автобус- боғча ҳақида эшитганимда, боламни уйдан келиб олиб, кетишса, қандай яхши деб ўйлагандим. Лекин бу автобуслар битта жойда турар экан. Ўзингиз болангизни ўша жойга олиб борар экансиз. Кейин бу мобил боғчасига фақат таниш-билиш қилишяпти. Ҳаммани қабул қилмас экан. Мен болам боғчага боради деб хурсанд бўлгандим. Лекин болалар сони чекланганини айтиб, баҳона қилишди. “Болангни кейинги йил берарсан” дейишди”,- дейди “Дошёқ” маҳалласида яшовчи аёллардан бири исмини очиқламаслик шарти билан.

Хива туман Мактабгача таълим бўлими ходимларидан олинган маълумотга кўра, мобил боғчаларнинг очилиш маросими ўтказилган, бироқ ҳали улар иш фаолиятини бошламаган.

Бу ҳақда ёзмай туришни илтимос қилган мулозимлар “мобил боғчаларни тўлиқ йўлга қўйишга улгуришмагани, бироқ Мустақиллик байрамига боғчалар ишга тушиши”ни ваъда қилишди.

Хивадаги мобил боғча очилишига оид суратлардан биридаги болалар.
Хивадаги мобил боғча очилишига оид суратлардан биридаги болалар.

Хоразм вилоят Мактабгача таълим бошқармаси масъули Хивадаги мобил боғчалар ишламаётганини шундай изоҳлади:

“Матбуотда эълон қилинган фото ва видеолардаги болалар мобил боғчалар тарбияланувчилари эмасди. Биз у ерга таржиба сифатида болаларни олиб борганмиз. Ҳозирда Хивадаги мобил боғчалар учун болалар рўйхатларини шакллантиряпмиз. Ўқув йили бошланиши билан мобил боғчалар ҳам очилади. Хивадан ташқари Боғот ва Янгиариқ туманларида ҳам мобил боғчалар ташкил қилинади. Ҳозир у ерларда ҳам рўйхатлар шакллантирилмоқда”, - деди Хоразм вилоят Мактабгача таълим бошқармаси маъсули 13 август куни.

Мактабгача таълим вазирлиги масъули Хивадаги мобил боғчалар билан боғлиқ ҳолатда ҳеч қандай кўзбўямачилик бўлмаганини, у ерда фақат боғчанинг очилиш маросими ўтказилгани, аслида боғчанинг фаолиятини сентябрь ойидан бошлаш режаланганини таъкидлади.

Президент қизининг автобус-боғчалари

2019 йилда “Ақлвой” номли пилот лойиҳа йўлга қўйилиб, махсус жиҳозланган автобуслар ёрдамида мобил боғчалар ташкил қилинган.

Мамлакатнинг чекка ҳудудларида, болалар боғчалари бўлмаган қишлоқларга мўлжалланган “Ақлвой” лойиҳаси муаллифи президентнинг кенжа қизи Шаҳноза Мирзиёева экани айтилади.

“Олис жойларга сафарларим чоғида кўчада болалар тош билан ўйнаётганини кўрганман. Ўшанда уларда ҳам ҳақиқий ўйинчоқлар бўлиши, улар ҳам пойтахтдаги болалар каби таълим-тарбия олишини жуда-жуда истаганман. Мактабгача таълим вазирлигидаги ишим давомида бу фикр мени ҳечам тарк этмади… Мана, бугун “Ақлвой билан илк қадамлар” лойиҳаси ўз ишини бошлади”, -деганди Мактабгача таълим вазирлигида бошқарма бошлиғи лавозимида ишловчи Шаҳноза Мирзиёева 2019 йилда мобил боғчалар пилот лойиҳасини йўлга қўйилиши пайти.

Шаҳноза Мирзиёева (ўнгдан иккинчи) "Ақлвой" лойиҳасининг очилиш маросими пайти.
Шаҳноза Мирзиёева (ўнгдан иккинчи) "Ақлвой" лойиҳасининг очилиш маросими пайти.

Жорий йил мартида ушбу лойиҳанинг иккинчи босқичига старт берилиб, 49та автобусдаги мобил боғчалар чекка қишлоқлардаги жами 98 та маҳаллада йўлга қўйилгани хабар қилинди.

Ўтган ҳафта Вазирлар Маҳкамаси мобил боғчалар лойиҳасини ривожлантиришга оид қарорни қабул қилди.

Расмий маълумотларга кўра, автобус-боғчалар қуёш батареялари, кондиционер, хожатхона, иссиқ ва совуқ сув етказиш, овқатни иситиш учун ошхона билан жиҳозланган.

Низомга мувофиқ, бир мобил гуруҳдаги болалар сони камида 16 нафар, кўпи билан 30 нафар бўлиши лозим. Битта сменадаги машғулотлар давомийлиги 3 соатгача бўлиши лозим. Мобил гуруҳларнинг иш тартиби 1 кунда 3 сменагача, ҳафта давомида 6 кунгача амалга оширилиши мумкин.

Мобил боғчаларда ўқув йили 2 сентябрдан келгуси йилнинг 31 майигача, ёзги соғломлаштириш даври эса 1 июндан 31 августгача давом этади.

Мобил гуруҳлар мутлақо бепул бўлиб, ота-оналардан пул олинмайди.

Маҳаллий матбуот ушбу лойиҳа давлат бюджетидан молиялангани ҳақида хабар қилган. Бироқ Мактабгача таълим вазирлиги масъули Озодликка ушбу лойиҳа тўла хорижий инвесторлар кўмагида амалга оширилаётганини таъкидлади. Бироқ лойиҳанинг аниқ суммасини очиқламади.

Норасмий манбаларга кўра, “Ақлвой” лойиҳаси учун Бирлашган Араб Амирликлари катта миқдорда грант маблағи ажратган.

"Ақлвой" лойиҳасининг пилот лойиҳасидаги автобуслар. Ҳозир автобусларга "кийдирилган" дўппилар кепкага алмаштирилган.
"Ақлвой" лойиҳасининг пилот лойиҳасидаги автобуслар. Ҳозир автобусларга "кийдирилган" дўппилар кепкага алмаштирилган.

Мактабгача таълим вазирлиги маълумотига кўра, "Ақлвой" лойиҳаси ҳар бир болага битта жойни ташкил этиш учун тахминан 7,7 миллион сўм сарфлаган ҳолда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш имконини беради, уларда бир неча сменада машғулотлар ташкил этиш ва ҳар бир автобус 3 та маҳаллада ҳаракатланиши мумкин. Одатдаги болалар боғчаси қурилганда эса жиҳозлаш билан бирга харажатлар ҳар бир болага 44 миллион сўмни ташкил этади.

Расмий маълумотга кўра, мамлакатдаги 1,1 миллион бола боғчага бориш имкониятига эга эмас.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов жорий йилда мактабгача таълим қамровини ошириш учун 100 миллион АҚШ доллари ажратилгани ҳақида хабар қилди.

Расмий маълумотга кўра, 2016 йилда атиги 23 фоиз болалар боғчага борган бўлса, ҳозирда рақам 60 фоизга етган. Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев жорий йил якунига қадар мактабгача таълим қамрови 67 фоизга етказилишини ваъда қилди.

XS
SM
MD
LG