Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:00

Молия вазирлиги тизимидаги носозлик сабаб айрим боғчалар озиқ-овқатсиз қолди


Молия вазирлигининг UzASBO тизимида рўй берган техник узилиш сабаб мамлакатдаги айрим болалар боғчаларида озиқ-овқат муаммоси юзага келди.

Боғчалар раҳбарларига кўра, ҳар ойнинг 25-куни олинадиган субсидия UzASBO тизимидаги муаммо сабаб боғчаларга берилмаган.

Пул йўқлиги боис боғчалар раҳбарлари озиқ-овқат таъминотчиларига пул ўтказиб бера олмаган. Натижада айрим боғчалар тарбияланувчиларга овқат етказиб бера олмай қолган.

Молия вазирлигидан олинган маълумотга кўра, UzASBO тизимидаги техник узилишлар 10 майгача бартараф этилади.

UzASBO комплекс автоматлаштирилган дастурий мажмуа бўлиб, бюджет ташкилотларининг барча бухгалтерия операциялари фақат мазкур дастур орқали юритилади.

Самарқанддан Озодликка боғланган оилавий боғчалардан бирининг раҳбари жорий ойда субсидия пули берилмагани сабаб муаммога дуч келгани ҳақида гапирди.

“Биз ҳар ойнинг 25-санасида давлатдан субсидия оламиз. Шу куни бу пулларни таъминотчи корхоналаримизга ўтказиб берамиз. Бугун 3 кундирки, пул йўқ. Таъминотчи ҳам озиқ-овқат беришни тўхтатган. Нима қилишни билмаяпмиз, эртага болаларга берадиган овқатимиз йўқ”,- дейди исмини ошкор қилмасликни сўраган самарқандлик тадбиркор.

Жиззахлик тадбиркор йигит эса оилавий боғчаси “3 кун давомида озиқ-овқатсиз қолаётгани”нини айтади:

“Мен кредит олганман. Агар субсидия пули берилмаса, боғчамни пул берилмагунча ёпишимга тўғри келяпти. Бошқа иложим йўқ. Молия бошқармасига қилган телефонларимизга умуман жавоб беришмаяпти”.

Жиззах Молия бошқармасидан олинган маълумотга кўра, боғчаларга субсидия пулларининг ўз вақтида берилмаганига UzASBO тизимидаги техник узилишлар сабаб бўлган.

  • Бюджет ташкилотлари томонидан бюджет ҳисоби ва ҳисоботининг юритилишини комплекс автоматлаштириш учун мўлжалланган дастурий мажмуа UzASBO деб номланади. Бу дастурий мажмуада бюджет ташкилотларининг барча бухгалтерия операциялари юритилади.

“Бу бизнинг айбимиз эмас. Ҳозирда молия вазирлигининг UzASBO тизими ишламаяпти. Бу тизим ишламаса, ҳеч кимга пул ўтказиб бера олмаймиз. Лекин UzASBOда узилиш бўлиши ҳақида вазирлик сайтида эълон берилган. Тадбиркорларнинг хабари бор бундан”,- деди Жиззах Молия бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими.

Молия вазирлиги сайтида 22 апрель куни чоп қилинган эълонда UzASBO тизимида 3 кунлик узилиш бўлиши айтилиб, тизим фойдаланувчиларидан узр сўралган:

“Hurmatli UzASBO tizimi foydalanuvchilari, Server bilan bog'liq muammolarni bartaraf etish maqsadida, 23-dan 26-aprelgacha texnik ishlarni amalga oshirish va tizimni yangi serverga o'tkazish uchun tizimda uzilish kuzatilishi mumkin. Yuzaga kelgan noqulayliklar uchun uzr so'raymiz”.

Айни пайтда жиззахлик тадбиркор 27 апрель куни ҳам UzASBO тизими ишламаганини айтади:

“Аслида давлат мактабгача таълим муассасаларига озиқ-овқат учун тўлов пулини бир ой кечиктириб беради. 25 апрель куни март ойи учун пул олишимиз керак эди. Бугун 27 апрель, мана кеч тушиб қолди, ҳалиям UzASBO ишламади, пулимизни ҳалиям олмадик”.

Молия вазирлигининг Озодлик боғланган ходими, UzASBO тизимидаги узилишлар 10 майгача бартараф этилишини билдирди:

“Сервер ўта эскиргани сабаб уни янгилаш эҳтиёжи туғилди. Янги серверга ўтиш жараёни апрель ойининг бошидан бошланди ва бу 10 майгача давом этади. Бу ҳақида барча бюджет ташкилотлари хабардор қилинган. Айни пайтда сервер умуман ишламаяпти, деб ҳам айта олмаймиз. Мутахасисларимизга кўра, сервер янгиланган, лекин унинг ишлаши фойдаланувчининг компьютери тезлигига ҳам боғлиқ, комптьютернинг кэши тўлиб қолса ҳам UzASBO очилмаслиги мумкин. Яхшиси кимда , UzASBOга киришда муаммо бўлса, мутахасисларимизга мурожаат қилишсин. Улар индивидуал тарзда ёндашиб, маслаҳат беришади”.

Молия вазирлиги ходими томонидан жўнатилган қуйидаги суратда “UzASBO бўйича ҳудудлар администраторларининг ички рақамлари” кўрсатилган:

Айни пайтда Озодлик мухбири келтирилган рақамларга бир неча бор қўнғироқ қилиб, боғлана олмади.

Мактабгача таълим вазирлигидан болалар боғчалари дуч келаётган муаммо борасида изоҳ олиш имкони бўлмади. Озодлик боғланган вазирлик ходимлари бу мавзу унинг ваколатига кирмаслигини айтиш билан чекланишди.

UzASBO дастурий мажмуаси Молия вазирлиги томонидан 2011 йилда фойдаланишга жорий этилган.

Мажмуадаги узилишлар сабаб бошқа бюджет ташкилотлари муаммога дуч келганми-йўқ буниси Озодликка ҳозирча номаълум.

2017 йил сентябрида ҳукумат мамлакатдаги мактабгача таълим соҳасидаги фаолиятни қониқарсиз деб топди.

2018 йил 1 январидан бошлаб, давлат-хусусий шериклик шартларида янги мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этишга рухсат берилди. Натижада хусусий ва оилавий боғчалар пайдо бўлди.

Шу йили Мактабгача таълим вазирлиги ташкил қилиниб, президент Шавкат Мирзиёевнинг кенжа қизи Шаҳноза Мирзиёева вазирликнинг Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи ўринбосарига тайинланди.

XS
SM
MD
LG