Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:48

Андижонда ЙҲХ инспекторлари холис гувоҳлардан бўш қоғозга қўл қўйдириб олди (ВИДЕО)


Холис гувоҳлар бўш қоғозга қўл қўймоқда.
Холис гувоҳлар бўш қоғозга қўл қўймоқда.

Андижон шаҳридан Озодликка юборилган видеода йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторларининг маст ҳолда автомобиль бошқарганликда гумонланган ҳайдовчи билан бўлган ҳолат қонунга зид равишда ҳужжатлаштирилаётгани акс этган.

Ҳайдовчи инспекторлар унинг иштирокисиз машинани тинтув қилгани ва холисларга бўм-бўш қоғозга имзо қўйдириб олишганини айтади ва бу ҳолат видеода акс этган.

Воқеа иштирокчиси бўлган ҳайдовчининг иддао қилишича, инспекторлар уни ҳаракатланмаётган автомобилнинг йўловчи ўриндиғида ўтирган пайтда ноқонуний тарзда жавобгарликка тортган.

Воқеа иштирокчисининг айтишича, вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бу ишни судга оширгандан кейин, вилоятдаги олтита маъмурий суд бу ишни кўриб чиққан, лекин биттаси ҳам бирор қарорга келолмаган.

Андижон вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси мулозимлари бу масалада Озодлик билан гаплашишдан бош тортди.

Озодликка юборилган видеода бир йигитнинг йўл ҳаракати инспекторлари билан тортишаётгани акс этган.

Андижонлик тадбиркор ЙҲХХ инспекторлари жазосидан норози
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:35 0:00

Инспекторлар билан тортишаётган йигит Андижон шаҳрида яшовчи тадбиркор, 29 яшар Давронбек Шокиров эканлиги маълум бўлди.

Шокировнинг Озодликка айтишича, видеода Андижон вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг 1-сафарбарлик гуруҳи инспекторлари С.У., Р. М., С.Т., Ш.С. ва У. Қ. уни ноқонуний жазолаган ҳолатлари акс этган.

Тадбиркор сўзларига кўра, жорий йилнинг 25 март куни у ўз машинасида, лекин йўловчи ўриндиғида ўтирган пайтда, ЙҲХ инспекторлари уни маст ҳолда машина бошқарганликда гумонлаб, ушлашган:

- Андижон шаҳрида бўлди воқеа. Менинг машинам тўхтаб турган эди, мен озгина ичганим учун автомобилни бошқаришни ўртоғимга берган эдим. У ҳожат чиқаргани тушиб кетган эди. Мен йўловчи ўриндиғида ўтирган эдим. Шу пайт инспекторлар келиб мендан ҳужжат сўраб, “ичиб олдингизми”, деди. Мен уларга, “ичганманми-йўқми, мен рулда эмасманку, нима қиласиз мендан ҳужжат сўраб”, дедим. Кейин биттаси машинага шарт ўтирдида, рейд қилаётган жойларига ҳайдаб кетди. У ердан эса наркологияга олиб боришди, - деди Давронбек Шокиров.

Тадбиркорнинг иддао қилишича, наркология бўлимида унга юзаки ташхис қўйилган:

- Дўхтир юз тузилишимга қараб туриб, ичган деб ёзиб беряпти. Менинг давлениям ошган, ўлчамасдан ҳар нарсани ёзиб бераверасизми, десам, “ҳа, ёзиб бераверамиз”, деди, - дейди тадбиркор.

Давронбек Шокировнинг айтишича, инспекторларнинг ноқонуний ҳаракатларини у тасвирга туширишга муваффақ бўлган:

- Мен уларга бир неча марта мен ҳайдовчи эмас, йўловчи ўриндиғида бўлганимни айтдим, лекин қулоқ солишмади. Иккинчидан, улар машинамни менинг иштирокимсиз, ноқонуний тинтув қилишди. Учинчидан, тинтув пайтида гўёки холис сифатида иштирок этган икки гувоҳдан бўм-бўш қоғозга имзо қўйдириб олишди. Кейин нима хоҳлашса шуни ёзишган. Бу ҳужжатни қалбакилаштириш эмасми? Бу ҳолатларнинг ҳаммаси видеода бор.

Тадбиркорнинг айтишича, вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бу ишни судга оширгандан кейин, вилоятдаги олтита маъмурий суд бу ишни кўриб чиққан, лекин биттаси ҳам бирор қарорга келолмаган:

- Агар менда видео бўлмаганда эди, улар мени аллақачон правамни бекор қилиб, жаримага тортган бўларди. Апрель ойидан буён менинг ишимни олтита туман ва шаҳарнинг маъмурий суди кўрди. Бирортаси бир қарор чиқаролмади. Чунки, мен ҳаммасига видеони кўрсатаман. Суд бўлди, дейди-да, прокруратурага жўнатамиз, дейди. Прокуратурага борсам, судга чиқади, дейди. Вилоят прокуратурасига борса, яна вилоят ЙҲХБга текширишга юборади. Улар эса текширдик, ҳайдовчи ичган экан, дейди. Менинг асосларим эса ҳеч қаерда тингланмайди. Хуллас, 8 ойдан буён сарсонман, ҳайдовчилик гувоҳномамни олиб қўйишган. Токи, махсус хизмат текшируви ўтказилмас экан, бу инспекторлар ёлғон ва бўҳтонлари учун жазодан қутулиб қолаверади.

Андижон вилоят прокурори ўринбосари К.Юлбарсовнинг Давронбек Шокиров аризасига 8 июнь куни ёзган жавобида айтилишича, “ариза асосида терговга қадар текширув ўтказилиб, натижасига кўра, бирон-бир шахснинг ҳаракатида жиноят таркиби аниқланмаганлиги сабабли жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган”.

Давронбек Шокировнинг айтишича, у сўнгги мактубни Ўзбекистон Судьялар Олий кенгашидан 18 сентябрда олган. Бу жавобда унинг мурожаатини кўриб чиқиш Андижон вилоят Маъмурий судига юборилгани ёзилган:

- Ўшандан буён ҳеч қандай суд ҳам бўлгани йўқ, суддан таклифнома ҳам олганим йўқ.

Озодлик бу масалага муносабат олиш учун 1-сафарбарлик гуруҳи раҳбари Бегали исмли (фамилиясини аниқлаш имкони бўлмади-таҳририят) мулозим билан боғланди.

Мулозим, мақоланинг аввалида номлари келтирилган 1-сафарбарлик гуруҳи инспекторлари ишлаётганини тасдиқлар экан, аммо Давронбек Шокировнинг шикояти бўйича жавоб беришни истамай, алоқани узиб қўйди.

Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси ЙҲХБ мулозимлари Хайрулло Абдуллаев ва Назрулло (фамилиясини аниқлаш имкони бўлмади – таҳр.) Озодлик радиоси номини эшитишлари биланоқ алоқани узиб қўйди.

XS
SM
MD
LG